Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Янги стадиони билан мақтанишни истаган «Тоттенҳэм» шарманда бўлиш арафасида

Янги стадиони билан мақтанишни истаган «Тоттенҳэм» шарманда бўлиш арафасида

Фото: «Twitter»

«Тоттенҳэм» бу галги Чемпионлар лигасида Англия шарафини ҳимоя қилаётган Лондоннинг ягона жамоаси. «Арсенал» ва «Челси» мухлислари бу йилча Европа лигасини томоша қилишга мажбур.  

Буям камдек туюлдими ё қўшниларининг аламини келтирмоқчи бўлишдими, ишқилиб, «шпорлар» ўзларининг янги қурилган стадионлари очилишига бағишланган плакат тайёрлатишди: «Чемпионлар лигасини Лондонда томоша қилиш мумкин ягона жой».

Плакатга ўтган мавсум охирида — «Арсенал» ва «Челси» Чемпионлар лигасига илинмаганидан сўнг буюртма берилган. Ўшанда янги стадион янги мавсум бошланишига очилиши ҳам режада бўлган, бироқ вазиятга қараб ўйингоҳнинг очилиши январь ойига кечикиб кетди.

Ҳозирча «Тоттенҳэм» футболчилари «Уэмбли»да тўп тепиб туришибди. Дарвоқе, Чемпионлар лигаси. «Барселона», «Интер» ва «ПСВ» билан бир гуруҳда «Тоттенҳэм» учинчи ўринда кетяпти, плей-оффга чиқмаслиги ҳам мумкин.

Демакки, 61,5 минг кишилик янги стадион Чемпионлар лигасини кўрмаслиги ҳам катта эҳтимол билан ҳақиқатга яқин бўлиб турибди.

Энди плакатга қайтамиз. Клубга реклама стандартлари бўйича бошқармадан огоҳлантириш келибди: «Лўттибозликни йиғиштиринг!»

Яхшиям жаримага тортишмапти, бироқ клубнинг кулгу бўлгани қолди:

«Янги стадионни «Лондондаги Чемпионлар лигасини кўриш мумкин ягона жой» дея реклама қилиб, унинг очилишига қадар лигадан учиб кетмасликка уриниш — барча даврларнинг энг зўр мотивацияси».

«Чемпионлар лигаси ўйинларини ўз стадионисиз энг кўп ўтказишда «шпорлар»га етадигани йўқ».

Шармандаликдан қутулиб қолиш учун «Тоттенҳэм»да, жичча бўлса-да, имконият бор. Бунинг учун тўғридан-тўғри рақиблари — «Интер»ни ўз уйида, «Барселона»ни сафарда (!) енгиши керак.

Кўрамиз, янги стадионга бу йил Чемпионлар лигасини кўриш насиб этармикин.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг