Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Янгича деҳқончиликлар, янгича эгалик

Янгича деҳқончиликлар, янгича эгалик

Фото:Бахтиёр Мустанов

«Пахта кластери бўлса, деҳқончиликнинг эгаси бўлади.

Эртага пахта теримида пахтанинг эгаси бўлади, ўзи териб олади».

Шавкат Мирзиеёев,

Ўзбекистон Президенти

Эгилувчан қувур ҳақида эшитганмисиз?

Биз ҳам эшитмаган эдик. Эшитдик. Кўрдик.

Пахта кластери нималигини ҳам билдик.

Ҳаммасини Нарпайда кўрдик.

Нарпай туманига ижодий сафаримиз чоғида туман ҳокимининг ўринбосари Абдуқаҳҳор Тожиев бизга ҳозирча вилоятда фаолият юритаётган ягона пахта кластери ҳақида, бу кластер тумандаги пахтачиликка олиб кирган янгилик ҳақида сўзлаб берди.

− Президент Шавкат Мирзиёвнинг пахта етиштириш соҳасида ҳам кластер усулини қўллаш тўғрисидаги топшириғини бажариш мақсадида Самарқанд шаҳридаги «Самарқанд-Мароқанд» корхонасига мурожаат қилдик ва улар таклифимизни қўллаб-қувватлашди. Керакли битимлар имзоланиб, иш бошланди. Президент айтганидек, пахта эгали бўлди. Энди унинг тақдири кластернинг қўлида. Қандай қилиб мўл ҳосил етиштиради, қандай қилиб териб олади, бу унинг муаммоси. Президент талаб қилганидек, пахта терими учун битта ҳам муаллим, духтур, талаба жалб қилинмайди.

Пахтадан мўл ҳосил олишдан бевосита манфаатдор бўлган кластер раҳбарлари пахтачиликда бизлар учун янгилик бўлган суғориш тизимини жорий қилишди. Албатта, бу усул олдин Исроилда қўлланган, аммо бизда илк марта ишлатилаяпти. Бу − эгилувчан қувурлар ёрдамида суғориш. Бу суғориш усулининг фойдасини, қулайлигини кўрган барча фермер хўжаликлари шу тизимга ўтишга қарор қилишди.

Минг марта эшитгандан бир марта кўрган афзал дейдилар. Бизни ана шу янгилик жорий этилган хўжаликка олиб боришларини сўрадик. «Ғалаба» МТПга бордик. Беш гектарлик пахта даласи эгилувчан қувур ёрдамида бир текис, сифатли суғорилаётганини кўрдик. Эгилувчан қувур деганлари аслида узун целлофан халтага ўхшаркан. Халтадан анча мустаҳкам бўлиб, унча-бунчага тешилмаслиги учун уни эгилувчан қувур деб номлашибди. Унинг ҳар 60 см жойида кичик тешикча қилинган ва ўша тешиклардан ҳар бир ғўза жўягига бир хил миқдордаги сув бир хил босимда тушаяпти. Сув бир хилда секин оқаётгани боис ғўзалар бир хилда намиқиб сув ичишмоқда. Олдиндан бир нарсани айтиб қўяй, туманнинг кўплаб пахта далаларини кўрдик, аммо ғўзалари бир текис ва бўлиқ ўсаётган бундай далани кам кўрдик.

Бу усулда суғоришнинг афзалликлари, фойдалари ҳақида раисдан сўрадик.

− Энг биринчи кўзга кўриниб турган афзаллиги далаларимиз бир хилда намиқиб, ғўза тўйиб сув ичаяпти, − деди «Ғалаба» МТП раиси Ориф Қаландаров. – Иккинчидан, бу усулнинг афзаллиги шундаки, ортиқча меҳнат сарфланмаяпти. Олдин ўқ ариқ олишга, ғўза жўяклари бошини чимлашга жуда кўп вақтимиз ва кучимиз сарф бўлар эди. О, бу жуда катта ҳашар билан бўларди. Энди бу нарсаларга ҳожат қолмади. Эгилувчан қувурнинг ўзи ўқариқ. Тешикчасидан тушаётган сув эса то суғориш тугагунча бир хил босимда бўлишидан бирор қаторга сув бормай ҳам қолмайди, кўп бориб, ғўзани ювиб ҳам кетмайди. Олдинлари сувчилар пахта суғориш даврида ҳар бир жўякни диққат билан кузатиб юрар, сув уриб кетган қаторларни сув, лой кечиб, кўмиб чиқар эди. Кеча-ю кундуз сув билан баравар юрарди сувчилар. Мана энди 10-15 киши суғорадиган далани битта сувчи бемалол суғориб ўтирибди. У ёқдан-бу ёққа чопмайди ҳам. Катта ариқдан эгилувчан қувурга сувни бошқаради ва суғориб бўлгач, сувни ёпади, холос. Фойдаси шундаки, олдин шу беш гектар пахтани суғориш учун камида уч кеча-ю уч кундуз меҳнат қилар эдик ва бу майдонни суғориш учун 300 кубметр сув талаб қилинар эди. Эгилувчан қувур ёрдамида 80-100 кубметр сув билан бир ярим кунда суғориб бўлаяпмиз. Ҳам вақт, ҳам сув, ҳам меҳнат тежалаяпти. Яна сифатли суғрилишини айтмайсизми?

Шунча афзалликлари бўлган эгилувчан қувурнинг қанча туриши, қаердан келтирилиши билан қизиқдик.

Фото:Бахтиёр Мустанов

− Албатта, бу қувурлар Исроилдан келтирилаётгани йўқ, ўзимизнинг Жиззахда ишлаб чиқарилаяпти, − деди Ориф ака. – Нархи ҳам жуда баланд эмас, беш гектар ерни суғоришга етадиган эгилувчан қувурнинг нархи бир миллион уч юз минг сўм. Ишлаб чиқарувчилар қувурлар уч йил бенуқсон ишлашига кафолат беришган, аммо суғориш мавсуми тугагач, уларни яхшилаб тахлаб, офтоб тушмайдиган жойда сақласак, ўн йилгача бемалол ишлатишимиз мумкин.

− Бу усул шунчалар фойдали ва қулай экан, бунақа суғориш усулини барча далаларда жорий қилсангизиз бўлмайдими?

− Ўзи иш шунга бораяпти. Ҳозир МТП қошидаги 29 фермердан 15 та фермеримизнинг 560 гектар пахтазори шу усулда суғорилмоқда. Қолган фермерлар ҳам бу усулнинг афзаллигини кўриб, эгилувчан қувурларга буюртма беришган. Ҳадемай юз фоиз пахта далалари шу усулда суғоришга ўтади. Сув танқис бўлган бу йилда бу усулда суғориш долзарб масалага айланди.

«Бу усулда суғориш борлигини, шу усулга ўтиш фойдали эканини сизларга ким ўргатди ва бу усулнинг муаллифи ким?» деган саволларга Ориф ака дангал қилиб, деҳқончасига жавоб берди:

− Бу усулда суғоришни маслаҳат берган одам Президент Шавкат Мирзиёев бўлади, бу усулни ким ўйлаб топган, билмайман, аммо дангал битта гапимни ёзинг: шу эгилувчан қувурни ўйлаб топган одамни топсам, битта зўр тўн кийдириб, қўй гўшти, думба ёғида битта палов қилиб бераман ўша одамга. Отасига раҳмат, машаққатли меҳнатдан бизни қутқарди ва сувимизни ҳам тежади. Сувнинг эса, кўриб турибсиз, бу йил томчиси тилло бўлаяпти.

Шунча ишларни кўриб, пахта кластери раҳбарлари билан кўришмасак, гаплашмасак адолатдан бўлмас эди. «Самарқанд-Мароқанд» корхонаси вакили Фарҳод Қуддусов билан суҳбатлашдик.

− Вилоятда пахта ишига мўлжалланган ягона кластерни ташкил қилдик, бу учун Нарпай тумани раҳбарияти бизга 7150 гектар ерни ажратиб берди. Саккизта МТП ҳудудидаги фермерлар кластеримизга жалб қилинган. Биз чигит экишдан тортиб, пахтани йиғиб олиб, қайта ишлашгача ўз зиммамизга олганмиз. Деҳқонлар эса биздан меҳнатларига, бажарган ишларига яраша ҳақ олишади.

− Ҳақ олиш тартиби қандай? Улар олаётган маошларига рози бўлишаяптими?

− Ҳар ҳолда улар хурсанд, ҳар йилгидан яхшироқ маош олаяпмиз дейишмоқда. Ўртамизда қолсину, кластерга ўтмаган фермерларнинг деҳқонларидан ортиқ маош олишаётганини ўзлари айтишмоқда.

− Айни кунларда сизларнинг фаолиятингиз нималардан иборат бўлмоқда?

− Фермерларга лизинг асосида улар сўраган техникаларни сотиб олиб бераяпмиз. Сув жуда танқис экан, артезиан қудуқларини кавлаб бераяпмиз. Пахтазорларни суғориш учун эгилувчан қувурларни сотиб олиб, ўрнатиб бераяпмиз. Бундан ташқари биз учун ишлаётган деҳқонларнинг яхши ишлаши, вақтида дам олиши учун шароит яратаяпмиз, оиласи, рўзғоридан хабардор бўлаяпмиз. Улар кластер учун ишлагач, бизлардан рози бўлиши, қилган меҳнатига яраша даромад олиши, бой бўлиши керак. Ана шунда кейинги йилда ҳам бизлар билан ишлашга ўзлари талабгор бўлишади.

− Президент пахта теримига ўқитувчилар, шифокорлар, талабаларни жалб қилмасликни талаб қилмоқда, терим мавсумида нима қилмоқчисиз? Пахтани қандай териб оласиз?

− Аввало, меҳнатларига яраша ҳақ тўласак, фермер ва деҳқонларнинг ўзлари териб олишади. Мабодо шошиб қоладиган бўлишса, корхонамиз ишчиларинигина теримга жалб қилишимиз мумкин. Четдан битта ҳам ҳашарчи олиб келмаймиз.

− Териб олинган пахтани нима қиласизлар?

− Юз фоиз ўзимиз қайта ишлаймиз, Президент таъкидлаганидек, чет элга хомашё сотмаймиз, тайёр маҳсулот сотамиз.

Нарпай далаларида меҳнат қилаётган деҳқонларга ҳам, фермерларга ҳам, кластерчиларга ҳам, туман раҳбарларига ҳам ишларида омад, зафарлар тиладик.

Ғалла хирмони каби пахта хирмонингиз ҳам улкан бўлсин!

Каримберди Тўрамурод,

«Хаbar.uz» мухбири

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг