Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Лазиз Раҳматов

Эл озодлиги буюк неъмат, шахс озодлиги эса ундан-да улуғроқ!

Ёмғир ёғса юраккинам ўйнайди... Балиқчидаги айрим боғчаларга назар

Ёмғир ёғса юраккинам ўйнайди...  Балиқчидаги айрим боғчаларга назар

Фото: «Xabar.uz»

Андижон вилояти Балиқчи туманидаги маҳаллаларда ва оилаларда ижтимоий-маънавий муҳитни ўрганиш ҳамда аниқланган муаммоларни бартараф этишга кўмаклашиш бўйича ташкил этилган республика ишчи гуруҳи 66 та маҳаллани ўрганди.

Минг афсуски, айрим мактабгача таълим муассасаларининг аҳволи наинки танг, балки йиғлагулик аҳволда.

Масалан, тумандаги Сиза маҳалласи 20-мактабгача таълим муассасаси 140 ўринга мўлжалланган бўлиб, ҳозир 190 нафар бола тарбияланмоқда. Шулардан 40 нафари қисқа муддатли гуруҳларга қатнаяпти. Қизиқ, қисқа муддатли гуруҳлар соат 11:00 гача ишлайди. Арзимаган уч соатда ота-онага қандай қулайлик яратилиши мумкин? Тушуниш қийин.

Фото: «Xabar.uz»

Муассаса 1980 йилда қурилган бўлиб, ўтган давр мобайнида умуман таъмирланмаган. Оқибатда икки қаватли бино тўлиқ таъмирга муҳтож бўлиб қолган.

Ёмғирли кунларда ташвиш янада кўпаяди... Боғчанинг томидан чакка ўтади. Иккинчи қаватдаги айрим хоналар бутунлай ҳувиллаб ётибди, кирган одамнинг юраги орқасига тортиб кетади. Эскириб кетган дераза ромларидан ойналар кўчиб тушгани боис қор-бўронли кунларда шамол беаёв киради. Томидаги плита зўрға осилиб турибди. Тушиб кетса борми... Худо кўрсатмасин, бу хонага ёндош залларда болалар овқатланиш хонаси жойлашган.

Фасаддаги шиферларнинг устунлари мутлақо яроқсиз, қаттиқроқ шамол бўлса қулаб кетиши мумкин. Бинонинг иккинчи қаватидаги хоналарнинг бетон полига линолеум қоплаб қўйишибди. Гиламларни кўтарсангиз, линолеумлар ҳам ёрилиб, орасидан эгри-бугри бетонлар чиқиб қолган, чанг босиб кетган. Антисанитария билан ҳеч ким ишламаётгани етмагандай, қишнинг совуғида бу бетонлар нақ музлаткич бўлиб кетади, энди кун бўйи шу ерда бўлувчи болаларнинг аҳволини билиб олаверинг.

Иситиш тармоғи ишламайди. Қишда хоналар чўян печларда иситилмоқда. Биринчи қаватда ёритиш тизими йўқ. Боғчада тарбияланувчилар учун мўлжалланган кароватлар таъмирталаб, матраслар эскирган, канализация тармоғи яроқсиз ҳолга келиб қолган. Болалар учун мўлжалланган кийим шкафчалари ҳам абгор бир аҳволда, стол-стуллар, доска ва шкафлар умуман етишмайди.

Мактабгача таълим муассасасида ичимлик суви энг муҳим ва долзарб ҳисобланади. Бу муассасада сув йўқлиги сабабли тарбияланувчиларга сув етти чақирим олисдан — қўшни Олтинкўл туманидан ташиб келтирилмоқда. Қўлбола сув тортиш крани эса бир ишласа, бир ишламайди.  

Ҳожатхона мукаммал таъмирга муҳтож, болалар сонига нисбатан ўринлари ниҳоятда кам, ҳатто эшиклари ҳам йўқ. Боғча атрофидаги қуроқ деворлар таъмирга муҳтож.

Боғча зарур миқдордаги ўйинчоқлар билан таъминланмаган. Келган бола ўзи билан қўғирчоғини ҳам олиб келмаса, зерикиб қолиши тайин. Муассаса ҳудудидан ўтган электр симлари таъмирга муҳтож ва тарбияланувчилар учун катта хавф туғдиради.

Ёндош ҳовли эгаси уйининг чордоғига чорваси учун сомонларни шундай уйиб йиққанки, унга ногаҳон ўт тушса, боғчада ҳам ҳўлу қуруқ баробар ёниши тайин. Бу ерга яқин ўртада туман ёнғин хавфсизлиги ходимлари қадам босмаганлари аён. Бунинг устига ҳамширалар сомонли чордоқ остидаги бинода уй эгасининг тегирмонлари бор дея дийдиё қилишди. Айни болалар ухлар маҳалида тегирмон шовқинига тоқат қилиб бўлмас экан.

Сиза маҳалласида боғча ёшидаги 370 нафар бола бор. Уларнинг 190 нафари ҳудуддаги 20-боғчага, 20 нафари эса Олтинкўл туманидаги 1 ва 2-боғчаларга боришади. Қолган 160 нафари шундан ҳам мосуво. Шу туфайли маҳаллада қўшимча яна битта боғчага эҳтиёж бор. Аслида ҳозиргача хусусий боғча қураман деган тадбиркорнинг ўзи чиққани йўқ. Назаримизда, тадбиркор эмас, балки бу ишга масъул бир шахс йўққа ўхшайди.

Муаммо фақат Сиза маҳалласидаги боғчада эмас. Ўлмас маҳалласидаги 18-мактабгача таълим муассасасига боргач бунга амин бўлдик.

Бу боғча 1973 йили қурилган бўлиб, 120 ўринга мўлжалланган. 2013 йилда капитал таъмирдан чиқарилган.

Ўрганишлар вақтида боғчада тарбияланувчилар учун мўлжалланган матраслар эскириб кетгани, ошхонадаги электр плитаси носозлиги, мебеллар алмаштиришга муҳтож эканлиги аниқланди.

Фото: «Xabar.uz»

Бу боғчада ҳам тарбияланувчилар учун ўйинчоқлар етарли эмас, муассасадаги яккаю-ягона мўъжазгина музлаткичга барча озиқ-овқатлар солиб қўйилган. Иссиқ кунларда маҳсулотларни сақлаш учун яна 2 та музлаткич керак. Лекин у осмондан тушмайди, кимдир етказиб бериши керак-ку.

Бу ҳудудда ҳам ичимлик суви йўқлиги сабабли 5 чақирим наридан ташиб келтирилмоқда. Электр токига уланган босма кран эса хавфсизлик талабларига мутлақо жавоб бермайди. Бу тарбияланувчиларнинг ҳаётига хавф солади. Қишда хоналар чўян печлар билан иситилади, марказлашган иситиш тизими ҳамда кир ювиш учун махсус хоналар мавжуд эмас.

Навниҳол маҳалласида эса мактабгача таълим муассасаси умуман йўқ... Боғча ёшидаги 128 нафар боланинг 15 нафари қўшни Сиза маҳалласидаги «ўзимизнинг» 20-боғчага, 37 нафари қўшни Олтинкўл туманидаги «Ниҳол» боғчасига боради. Қолган 76 нафар бола-чи? Қаерга боришсин? Уларнинг ота-оналари ҳам болаларини ижтимоий муассасага қўйишни истайди. Аммо болаларни тўлиқ қамраб олиш бўйича дастур йўқ.  

Ўрганиш вақтида хусусий тадбиркор И.Азизов маҳаллада 60 ўринли хусусий боғча қуришни режалаштиргани, ҳозир бинони қуриш ишлари якунланаётгани маълум бўлди. Бироқ битта муаммо бор — боғча ҳудудига электр трансформатор ўрнатиш керак.

Фото: «Xabar.uz»

Республика ишчи гуруҳи аниқланган барча камчиликларни бартараф этиш бўйича топшириқларни мутасаддиларга берди. Уларнинг ижроси «Йўл хариталари» орқали қатъий назоратга олинган. Бироқ Тошкентдан казо-казолар келиб, уйлараро бирма-бир юриб, камчиликларни кўрсатиб бермаса, жойлардаги раҳбарлар буни ўзларидан билиб-билиб қилишмайдими? Нега аҳолини ўйлантириб турган кўп йиллик, оғриқли масалалар тизимли равишда жойларнинг ўзида ҳал қилинмаган? Нима учун шу вақтга қадар туман сектори, мактабгача таълим бўлими ва вилоятдаги тегишли ташкилотлар бу борадаги ечимлар ҳақида бош қотирмаган? 

Изоҳлар 1

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг