Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Ёш олимлар илмий стажировкани хорижда ўтайди

Ёш олимлар илмий стажировкани хорижда ўтайди

Фото: «so-l.ru»

Ёш олимларни етакчи хорижий илмий ташкилотларда (марказлар, университетлар ва бошқалар), шу жумладан, илмий лабораторияларни жиҳозлаш учун сотиб олинадиган юқори технологик асбоб-ускуналарда ишлаш методикасини ўзлаштириш учун қисқа муддатли илмий стажировкаларга юбориш мақсадида уларни танлов асосида саралаш тартиби тўғрисидаги низом Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилди. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг «Ҳуқуқий ахборот» канали хабар берди.

Низомга кўра, илмий стажировкаларга юбориш бўйича таклифларни умумлаштириш, номзодларни саралаш, танловини ташкил этиш ва ўтказиш Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан амалга оширилади.

Илмий стажировка ўташга илмий-тадқиқот ва олий таълим муассасаларининг илмий ва техник-муҳандис ходимлари номзод сифатида тавсия этилади.

Номзоднинг ёши 25 дан 45 гача бўлиши ва у албатта хорижий тилларни ўзининг иш фаолиятини амалга ошириш даражасида билиши талаб этилади. Ёш олимларнинг қисқа муддатли илмий стажировкалари 6 ойгача, илмий лабораторияларни жиҳозлаш учун сотиб олинадиган замонавий илмий ва технологик асбоб-ускуналарда ишлашни ўрганиш бўйича илмий стажировкалар 3 ойгача давом этади.

Инновацион ривожланиш вазирлиги илмий стажировкаларга юбориш бўйича танлов ҳақидаги эълонни танлов ўтказишдан 1 ой олдин оммавий ахборот воситалари, шунингдек, интернет-нашрлар ва Вазирликнинг расмий веб-сайтига жойлаштиради. Танлов қачон ўтказилади, иштирокчиларга қандай талаблар қўйилади, зарур ҳужжатлар рўйхати – буларнинг барчаси эълонда кўрсатиб ўтилади.

Номзодларнинг ҳужжатлари илмий-тадқиқот ва олий таълим муассасалари бевосита бўйсунувчи вазирлик ёки идоралар (буюртмачи)нинг расмий хати асосида Инновацион ривожланиш вазирлигига тақдим этилиб, унга қуйидаги ҳужжатлар илова қилинади:

  • илмий стажировка режаси;
  • илмий-тадқиқот ёки олий таълим муассасасининг Илмий кенгаши қарори;
  • ходими ёш олим ҳисобланадиган илмий-тадқиқот муассасаси (олий таълим муассасаси) томонидан тасдиқланган ва қабул қилувчи томон билан келишилган, илмий стажировка таклифномаси ва дастури;
  • номзоднинг маълумотнома-объективкаси (анкета);
  • олий таълим муассасасини тугатганлигини тасдиқловчи дипломнинг нусхаси;
  • илмий даражасини (фан номзоди, PhD ва фан доктори), илмий унвонини (катта илмий ходим, доцент, профессор) тасдиқловчи диплом(лар)нинг нусхаси, агар мавжуд бўлса;
  • меҳнат дафтарчасининг нусхаси;
  • фуқаролик паспортининг нусхаси;
  • номзоднинг 3х4 см ўлчамдаги оқ фондаги рангли фотосурати (4 дона);
  • чет тилидан билим даражасини белгиловчи амалдаги миллий ёки халқаро сертификат (Миллий квалификация сертификати, IELTS, TOEFL ва шу кабилар), агар мавжуд бўлса.

Номзоднинг ушбу ҳужжатларини кўриб чиқиш, мутахассислик фанидан чет тилида суҳбат ўтказиш, ахборот-коммуникация технологиялари бўйича билим даражаси ва кўникмаларини аниқлаш бевосита буюртмачи томонидан амалга оширилади.

Буюртмачиларнинг илмий стажировкалар бўйича таклифлари 10 кунлик муддатда Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан умумлаштирилиб, махсус эксперт гуруҳига хулоса олиш учун киритилади.

Махсус эксперт гуруҳи бир ойлик муддатда киритилган таклифларни тўлиқ ва ҳар томонлама кўриб чиқиб, номзодларнинг илмий стажировка дастурлари ҳимоясини ўтказиб (бунда, номзодлар ўз илмий стажировка дастурларини чет тилида презентация кўринишида ҳимоя қилишлари талаб этилади), якуний хулосани Инновацион ривожланиш вазирлигига тақдим этади.

Инновацион ривожланиш вазирлиги танлов натижаларини умумлаштиради ҳамда тасдиқлаш учун Инновацион ривожланиш ва новаторлик ғояларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси кузатув кенгашига тақдим этади.

Илмий стажировка ўташга юбориш танлов якунига мувофиқ Жамғарма кузатув кенгашининг тегишли қарори қабул қилингандан сўнг амалга оширилади.

Илмий стажировкалар бўйича харажатлар Жамғарма ижро этувчи дирекцияси, Вазирлик, ходими ёш олим ҳисобланадиган илмий-тадқиқот муассасаси (олий таълим муассасаси) ҳамда етакчи хорижий илмий ташкилот ўртасидаги шартнома билан тартибга солинади. Илмий стажировка шартлари, талаблари ва муддатлари айни шартномага мувофиқ амалга оширилади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг