Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Афғонистон ҳукумати ва Толибон музокарани Ўзбекистонда ўтказиши мумкин

Афғонистон ҳукумати ва Толибон музокарани Ўзбекистонда ўтказиши мумкин

Фото: «Mfa.uz»

Бугун, 5 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов мамлакатимизга амалий ташриф билан келган БМТ Бош котибининг Махсус вакили, БМТнинг Афғонистонга ёрдам миссияси (UNАМА) раҳбари Тадамичи Ямамотони қабул қилди. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги расмий сайти хабар берди.

Томонлар Ўзбекистон билан UNАМА ўртасидаги ҳамкорлик, хусусан, Афғонистонда хавфсизлик ва мустаҳкам ривожланишни таъминлаш, тинчлик ва барқарорликни ўрнатиш соҳаларидаги муносабатларнинг асосий йўналишлари бўйича фикр алмашди.

Тадамичи Ямамото БМТ ва унинг институтлари, хусусан UNАМА, Афғонистонда тинчлик жараёнини бошлаш ва унинг ижтимоий-иқтисодий тикланиши, инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш ҳамда уни минтақавий ҳамкорликка жалб қилишга оид саъй-ҳаракатлари борасида Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлиги остида Ўзбекистон олиб бораётган изчил сиёсатни маъқуллашини ва қўллаб-қувватлашини таъкидлади.

ТИВ раҳбари Ўзбекистон томонининг тинчлик жараёнининг ҳар қандай босқичида мамлакат ҳудудида Афғонистон Ҳукумати ва «Толибон» ҳаракати ўртасида тўғридан-тўғри музокараларни ўтказиш учун барча зарур шароитларни яратиб беришга тайёр эканлигини билдирди.

Учрашувда умумий кун тартибининг бошқа масалалари ҳам муҳокама қилинди. Халқаро терроризм, уюшган трансмиллий жиноятчилик ва наркотик моддаларнинг ноқонуний савдосидан келиб чиқаётган жиддий таҳдидлар ва хавф-хатарларга қарши курашиш учун ҳамкорликни мустаҳкамлашдан томонларнинг ўзаро манфаатдорлиги тасдиқланди.

Суҳбатда БМТ Резидент-координатори, Тараққиёт дастурининг Доимий вакили Ҳелена Фрейзер иштирок этди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг