Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Элчи Саудия Арабистони ва Ўзбекистон ўртасидаги муштарак жиҳатга тўхталди

Элчи Саудия Арабистони ва Ўзбекистон ўртасидаги муштарак жиҳатга тўхталди

Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Жамшид Хўжаев ва Саудия элчиси Юсуф ал-Утайбий.

Саудия Арабистони подшоҳлигининг «Нигоҳ–2030» стратегияси ва Ўзбекистон Республикасининг 2022 – 2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегиясида тарих саҳифаларига ёзиладиган мақсад-мўлжаллар ифодаланган. Бу ҳақда подшоҳликнинг Ўзбекистондаги элчиси Юсуф ал-Утайбий Тошкентда ўтган анжуманда гапирди.

Саудия Арабистони миллий байрамининг 92 йиллиги ва икки давлат ўртасидаги дипломатик муносабатларнинг 30 йиллиги муносабати билан ташкил этилган тадбирда Ўзбекистон ҳукумати номидан бош вазир ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Жамшид Хўжаев иштирок этди.

«Бугун янги Ўзбекистон ўзининг  жозибадор низомлари ва қонунчилиги билан изчил тараққиётга эришаётганини кўряпмиз. Айни чоқда, подшоҳликнинг «Нигоҳ–2030» стратегияси асосидаги ютуқларига шоҳид бўлмоқдамиз. Мамлакатларимиз келажаги ёрқин ва зафарларга тўла бўлишида Аллоҳ Ўзи қўлласин! Биродарлик ва оқибат асосида қардошларча алоқалар йўлида иккала мамлакат раҳбарлари қилаётган ишлар тарих саҳифаларига ёзилади», – деди Саудия элчиси.

Президент Шавкат Мирзиёев Икки муқаддас масжид ходими – Саудия Арабистони подшоҳи Салмон бин Абдулазиз Ол Сауднинг таклифига биноан 17-18 август кунлари давлат ташрифи билан ушбу мамлакатда бўлди.

Дипломат ушбу воқеа икки давлат ҳамкорлигида янги саҳифа очганини қайд этди.

«Ташриф давомида эришилган натижалар унинг тарихийлигидан далолат беради. Ташриф натижасида ҳамкорлик кўприклари ва барча соҳаларни қамраб оладиган ришталар мустаҳкамланди, 14 та ҳукуматлараро битим имзоланди, хусусий сектор вакиллари ўртасида умумий қиймати 12 млрд АҚШ долларидан ошадиган, 45 млрд саудия риёли ҳажмида келишувларга эришилди. Буларнинг барчаси тарихий илдизга бориб тақаладиган, бугунги кун билан бошланган ва келажакка қаратилган алоқалар мустаҳкамлиги ва теранлигини акс эттиради», – деди Юсуф ал-Утайбий.

20 февраль куни Ўзбекистон билан Саудия Арабистони ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганига 30 йил тўлди. Аввал хабар берганимиздек, шу муносабат билан мамлакатимиз ташқи ишлар вазири саудиялик ҳамкасбига табрик йўллаган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг