Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Лазиз Раҳматов

Эл озодлиги буюк неъмат, шахс озодлиги эса ундан-да улуғроқ!

Ҳамма ҳаммага қарши... Сурияда нималар бўлмоқда?

Ҳамма ҳаммага қарши... Сурияда нималар бўлмоқда?

Фото: «Eaworldview.com»

Туркия ҳозир Сурия ҳудудида 20 январдан «Зайтун новдаси» ҳарбий операциясини олиб бормоқда. Хўш, қўшни давлатнинг чегарасини кесиб ўтишдан асосий мақсад нима?

Яхши маълумки, Туркияда Ражаб Тойиб Эрдўғон ҳокимиятга келганидан буён ўтган 15 йил давомида ялпи ички маҳсулот ҳажми 3 баробар ортиб, 900 миллиард долларга яқинлашди. У нафақат ўз минтақасида, балки бутун мусулмон олами ва жаҳонда кўзга кўринган давлатга айланиб бораяпти. Шу маънода қўшнилар ишига ҳам аралашмоқда. «Араб баҳори» воқеаларида Туркиянинг фавқулодда фаоллигини ёдга олиш ўринли. Аммо бу интилишларнинг аксарияти самарасиз тугади, ташқи сиёсатда қатор муваффақиятсизликка учради.

Ҳозир Сурияга қўшин киритган расмий Анқара ўзининг ҳаётий муҳим манфаатларини ҳимоя қилаётгани ҳақида бот-бот гапирмоқда. Агар тарихга назар ташлайдиган бўлсак, 1516 — 1918-йилларда, яъни 400 йилдан ортиқ давр мобайнида Сурияни Усмонийлар империяси бошқарган. Гарчи тили бошқа бўлса-да, бу икки халқнинг умумий қадриятлари, ўхшаш урф-одат ва анъаналари кўп.

Сўнгги ўн йилликда Ироқ ва Суриядаги қирғинбарот урушлардан кейин бу икки давлат ҳудудидаги курд миллати вакиллари деярли мустақил бўлиб олди. Улар душманлардан ўзини ўзи ҳимоя қилди ва бунинг эвазига эркин ҳаёт сўрашмоқда. Ироқ Курдистони амалда Бағдодга бўйсунмайдиган озод давлатга айланди.

Туркияда ҳозир 16 миллионга яқин курд яшайди. Улар орасидаги радикал кучлар кўп йиллардан буён айирмачилик ҳаракатларини амалга оширмоқда. Туркия бошига кўп мусибатларни келтирган Курдистон ишчилар партиясининг террорчилик ҳаракатларидан турклар катта талофат кўрди. 1984 йил августда партия Туркия расмий ҳукуматига қарши уруш эълон қилган эди ва ҳозир ҳам бу жараёнлар пассив ҳолатда давом этмоқда.

Фаол кураш даврини, майли, қўя турайлик. Сўнгги 7 йилда улар иштирокида Туркия ҳудудида 87 та террорчилик ҳаракати содир этилиб, 956 киши қурбон бўлди, 4717 киши жароҳат олди.

Табиийки, агар ИШИДга қарши курашларда тобланган Суриядаги курдлар ҳам автономия мақомини мустаҳкамлаб олса, Туркиядаги курдларга ҳақиқий ҳарбий қўналға ва ва маънавий далда бўлиши мумкин. Шу сабабли Туркия мазкур операциянинг мақсадини «чегарани курд айирмачиларидан тозалаш, Туркиянинг ҳудудий яхлитлигини таъминлаш, минтақада барқарорликни ўрнатиш» каби асослар билан изоҳламоқда.

Шу маънода кўплаб давлатлар «Зайтун новдаси» операциясини тушуниш билан қабул қилмоқда. Бу Дамашқнинг расмий рухсатисиз Сурия ҳудудида амалга оширилаётган иккинчи амалиётдир. Сурия шимолида 2016 йил 24 августда бошланган ва 7 ой давом этган «Фурот қалқони» операциясини эслаш жоиз. 1,5 минг аскар ва юзга яқин танклар қатнашган амалиётларда Ҳалаб вилоятидаги 2 минг квадрат километр ҳудуд террорчилардан тўлиқ тозалангани ҳақида маълум қилинган.

Суриялик курдлар 2014 йилда маркази Қамишли шаҳри бўлган Шимолий Сурия демократик федерациясини тузган эди. Африн, Хасек, Раққа, Саура, Айн-ал-Араб, Манбиж шаҳарлари унинг таркибига киради. Бугун воқеалар марказидаги Африн шаҳри Ҳалаб вилояти ҳудудидаги шу номли туман маркази саналади ва 60 минг аҳолиси бор.

Фото: «Kresy.pl»

Сурияда фуқаролар уруши бошланмасдан аввал икки давлат ўртасидаги чегараларининг тўлиқ очилиши, ундан кейин Асаднинг кетиши кераклиги ҳақида Анқара тинмай илгари сурган талаблар, четдан кириб келган ёлланма жангариларнинг асосий қисми Сурияга Туркия орқали ўтганлиги, Туркия Россиянинг Асадни қўллаб-қувватлаб бошлаган операцияларига тиш-тирноғи билан қарши бўлгани, ҳатто рус қирувчи самолётининг уриб туширилгани – буларнинг барчасида мантиқий боғлиқлик бордай туюлади. Нима бўлганда ҳам Туркиянинг Башар Асад ҳокимиятдан кетиши учун қилган барча уриниши хато бўлганини бугун тан олмаслик мумкин эмас.

Туркиянинг бу ҳаракатига Сурия курдлари ва расмий Дамашқнинг муносабати қандай?

Бири тугаб, бошқаси бошланаётган урушлар оловида Сурия курдлари ҳар қандай қаршиликка тайёр турибди. Сурия шимолида ҳозир тахминан 2,5 миллион курд яшайди. Ҳозир уларнинг асосий кучи Курдистон ишчилар партиясининг ҳарбий қанотлари бўлган «Ўзини ўзи ҳимоя қилувчи халқ кучлари» отрядлари, «Демократик иттифоқ», шунингдек ИШИД гуруҳи бўлинмаларининг 10 мингга яқин жангарилари саналади. Агар улар четдан етарли ёрдам олмаётганида бу қадар узоқ қаршилик кўрсата олмас эди. Ҳозир Ироқда 6,5 миллион, Туркияда 16 миллионга яқин, Эронда 8 миллион курд истиқомат қилмоқда. Дунё миқёсида уларнинг сони 40 миллиондан ошади. Албатта, уларни умумий мақсад – ягона Курдистонни тузиш ғояси маънавий жиҳатдан бирлаштириб туради. Яқинда курдларга кўмак бериш учун улар сафига язидий (курдларнинг Ироқ шимолида яшайдиган бир уруғи, асосан тоғли жойларда яшашади, келиб чиқишлари форсларга бориб тақалади, кўпчилиги оташпарастликка эътиқод қилади, шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ уларга мусулмончиликдан чиққан фирқа деб таъриф берган — «Xabar.uz»)ларнинг «Синжар қаршилик кўрсатиш кучлари» келиб қўшилгани ҳақида хабар берилди.

Туркияни айнан шу қаттиқ хавотирга солмоқда.

Башар Асад ҳукумати қўшнисининг ҳе йўқ, бе йўқ, чегарадан кириб келишини танқид қилиб, «Сурия суверенитетининг қўпол бузилиши ва ўзига таҳдид» сифатида қабул қилмоқда. Туркияни «Суриянинг ажралмас қисми»ни босиб олишда айблаяпти. Сурия маъмурияти БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш ва Хавфсизлик кенгашига Туркия ҳаракати устидан шикоят қилди.

Агар танганинг иккинчи тарафига қаралса, Туркия қўли билан курдларни нейтраллаштириш расмий Дамашқ манфаатларига мос келиши мумкин. Аммо бунинг учун Туркия амалиётлардан кейин ҳудудни айнан Асад назоратига бериши керак. Лекин бундай келишув бўлиши эҳтимолдан жуда йироқдир.

Бироқ ҳали ИШИДнинг қолдиқлари ва бир қатор радикал мухолифат кучларига қарши курашни тўлиқ якунламаган Башар Асад бир вақтнинг ўзида қудратли қўшнисига қарши жанг олиб боришга на кучи, на ресурслари етишини ҳам тушуниб турибди.

Курдлар Ироқдаги биродарларидан ёрдам олиши мумкин ва агар шундай бўлиб чиқса, Туркия ҳарбий амалиётларни Африн доирасидан чиқиб, унга ёндош Жазира, Қобани туманларига кўчириши, кейинроқ эса Ироқ ҳудудида ҳам давом эттиришига тўғри келади. Лекин таъқиблар кучайса, курдлар Суриянинг ичкарисига кириб кетиши ҳам мумкин. Албатта, туркларнинг уларни қувиб Суриянинг жуда ички ҳудудларига кириб боришига ҳукумат кучлари ҳам, бу ердаги рус аскарлари ҳам изн бермаслиги муқаррар.

Фото: «Foreignpolicy.com»

Нима бўлганда ҳам ҳозир Сурияни яхлит давлат сифатида сақлаб қолиш жуда оғир кечмоқда. Эртами-кечми у федератив давлат бўлиши ойдинлашаяпти.

Ҳужумлар қанча давом этади ва нега айнан Африн шаҳри нишонга олинмоқда? Бу Туркияга қанчага тушади, талофатлар кўлами қандай? Туркиянинг ички сиёсий-иқтисодий вазиятига бунинг салбий таъсири қай даражада?

Бу савол барчани ўйлантирмоқда. Аввалги операция 7 ой давом этгани ҳисобга олинса, бу галгиси ҳам қисқа муддатларда тугаши амримаҳол. Туркия бу ҳудудларда ўзига хайрихоҳ кучларни қўймагунча, ўзи учун 30 километрлик хавфсиз ҳудудни яратмагунча чиқиб кетмаслиги аниқ. Кейинчалик бу ҳудудларга ҳозир Туркиядан қўним топган қочоқларни қайтаришни ҳам режалаштирмоқда.

Туркия-Сурия чегараси узунлиги 822 километр бўлса, Африн шаҳри шимоли-ғарбда жойлашган. Бу ерга кириш орқали шимолдаги Сурия курдларини бир-биридан ажратиб ташлаш режалаштирилган.

500 мингдан ортиқ ҳарбийга эга Туркия армияси жуда яхши қуролланган ва тайёргарлиги яхши. Асад бошқарувидан норози «Сурия озодлик армияси» ва бу ердаги турклар кўмагига ҳам таянмоқда. Ҳарбий ҳаво кучларининг юзга яқин самолёти қатнашмоқда, уларга 6,5 минг кишилик қуруқлик кучлари қўшилган. Ҳозиргача армияда 15 та ҳарбий қурбон бўлди, 61 таси яраланди. Шу билан бирга мингга яқин террорчи йўқ қилингани ва 800 нафари ҳибсга олингани баён қилинмоқда.

Бугун турк элитаси унинг учун хавфсизликдан муҳимроқ нарса йўқлигини айтмоқда. Ҳозирча кунига қанча маблағ сарфланаётгани сир тутилаяпти.

Айрим халқаро шарҳловчилар вазиятга бошқача баҳо беришмоқда. 2016 йилда Туркияда бўлиб ўтган ҳарбийларнинг давлат тўнтаришига уриниши ва расмий Анқаранинг минтақавий можароларга фаол аралашуви унинг иқтисодиёти учун айрим муаммоларни келтириб чиқармоқда. Бу аввало мамлакатга кириб келаётган хорижий инвестициялар оқимига салбий таъсир кўрсатди. 2015 йили Туркияга 17 миллиард АҚШ доллари миқдорида тўғридан-тўғри хорижий сармоя жалб этилган бўлса, 2016 йили бу кўрсаткич 12 миллиард долларга тушиб қолди. 2017 йилнинг 10 ойида 8,3 миллиардга камайди.

Давлат идораларини мухолиф Фатҳулла Гулен тарафдорларидан ялпи тозалаш кампанияси ҳам унинг сиёсатига норозиларни кўпайтирмоқда. Туркияда Эрдўғоннинг яккаҳокимлик позициясига қарши бўлган кучлар ҳам етарлича топилади.

2017 йил 16 апрелда референдум натижасида конституцияга киритилган ўзгартиришдан сўнг асосий ваколатлар президентга ўтказилди. Илгари ҳокимият бош вазир қўлида жамланар эди. Айрим халқаро экспертлар Адолат ва тараққиёт партияси етакчиси, президент Ражаб Тоййиб Эрдўғон мамлакат ичидаги мураккаб вазиятдан жамоатчиликни усталик билан чалғитиш учун ҳам бу операцияларни бошлаган дея таъкидламоқда.

Фото: «Dynatielladanews.gr»

Туркиядаги мухолиф Халқ республикаси партияси етакчиси Камол Қилич ўғли қон тўкишни бас қилиб, раҳбариятни расмий Дамашқ билан барча алоқаларни тиклашга чақирмоқда.

Халқларнинг демократик партияси Туркия парламентида кўп ўрин эгаллаган учинчи партия бўлиб, Туркия президенти ваколатларининг салмоқли оширилишига қарши бўлмоқда.

Яна бир гап. Дунёда бирор-бир миллат бутунлигича террорчи бўлмайди. Ҳозирги босқичда курд айирмачиларига қарши кураш этник тозалашга айланиб кетмаслиги жуда муҳим.

Жаҳон куч марказлари, хусусан АҚШ, Россия, Европа иттифоқи мамлакатлари, НАТО, минтақавий қудратли давлатлар Эрон, Саудия Арабистони, Исроил, Мисрнинг мазкур операцияга нисбатан позицияси хусусида нималар дея оламиз?

Фото: «themillenniumreport.com»

АҚШнинг Барак Обама маъмурияти пайтида минтақа ишларига, хусусан Сурия ички ишларига бир томонлама ва чуқур таҳлил қилмасдан аралашуви обрўсини тўкди, таъсирини минимал даражага тушириб қўйди.

Башар Асад кутилмаганда ўзини ҳимоя қилишга қодир армияга эгалигини, ҳокимиятни қандай бўлмасин асраб қолишга қодирлигини ташқи кучларга кўрсатди. Аммо АҚШ курдларни қўллаб-қувватлаш орқали вазият ривожига сезиларли таъсир кўрсатиши мумкин. Унинг курдларга ёрдами эса Туркиянинг эътирозига сабаб бўлаяпти. АҚШ Туркия билан чегарани назорат қилиш учун Сурия демократик кучлари иштирокида 30 минг кишилик хавфсизлик кучларини яратиши ҳақида 14 январда эълон қилгани Туркияни шошилинч ҳаракат бошлашга ундагани сир эмас.

Ҳозир бу ерда АҚШнинг 1,5 минг аскари курдларни тайёрламоқда. Уларга 700 миллион доллар ёрдам кўрсатилди, 2022 йилгача яна 900 миллион долларлик кўмак берилиши маълум қилинган. Бир пайтлар Вашингтоннинг йўриғидан чиқмаган Туркиянинг бугун Эрдўғон бошчилигида мустақил ташқи сиёсат олиб боришга интилиши, албатта, АҚШ сиёсатчиларига ёқмаслиги аниқ.

Фото: «Reuters»

Россия 2015 йил 26 августда бу ерга кириб келиб Асадни тўлиқ қўллаб-қувватлаши, террорчиларга қақшатқич зарбалар бергани уни биринчи рақамли ўйинчига айлантирди. АҚШ унга қарши жавоб чораларини кўра олмади.

Аввалбошда Асад ҳокимиятдан кетишини асосий шарт сифатида қўяётган Вашингтон кейинчалик ўз позициясини ўзгартирди. Шу билан бирга ўзига хайрихоҳ мухолиф кучларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаб келмоқда.

Ҳозир Яқин Шарқ ишларида ҳал қилувчи кучга айланиши мумкин бўлган Москва-Теҳрон-Анқара учбурчаги пайдо бўлди ва у мустаҳкамланиб бораяпти. Туркия Россия билан аввалдан келишиб олмасдан, Сурия чегарасини эркин кесиб ўта олмас эди. Ҳозир Россия қўлида Сурия бўйича асосий «қарталар» тўпланган. Яқинда Сочида Сурия миллий мулоқот конгрессининг ташкил этилгани ва низолашаётган томонларни яраштириш бўйича ўтган анжуман ҳам буни исботлаб турибди. Аммо туркларга қаршилик кўрсатмаган Россияни курдлар энди ўз иттифоқчиси сифатида кўрмаслиги мумкин.

Минтақанинг қолган давлатлари эса турлича ёндашмоқда. Масалан, Мисрнинг ҳукмрон кучлари Туркия «Мусулмон биродарлар»ни қўллаб-қувватлагандан буён у билан ит-мушук бўлиб қолган ва кескин танқид қилмоқда. Шу ўринда тарихга яна бир марта назар ташлаймиз. 1260 — 1516-йилларда Сурия Миср мамлуклари бошқарувида бўлган. 1958 — 1961-йилларда эса Миср ва Сурия ягона давлатга бирлашиб, Бирлашган Араб Республикасини тузишган эди. Гарчи бу давлат уч йилдан кейин тўнтариш оқибатида бўлиниб кетган бўлса ҳам бу араб дунёси бирдамлиги йўлидаги ўта ноёб ҳодиса эди.

Исроилнинг ҳам ўз манфаатлари бор. У 1967 йили Суриянинг бир неча ҳудудини, жумладан Жўлон тепаликларини босиб олган эди. Кейинчалик унинг катта қисмини қайтарганига қарамай, Жўлоннинг бир қисмини ўзига қўшиб олган. Вақти-вақти билан ўзи учун террорчи деб билган кучларга Сурия ҳаво кенгликларини кесиб ўтиб, авиация зарбаларини бериб турибди.

Европа иттифоқи давлатлари вазиятга ташвиш билан қараяпти. Туркия уни Европа иттифоқига тўлақонли аъзо қилиб олиш жараёнини сунъий чўзиб келаётгани учун Брюсселни айбламоқда.

Шу билан бирга ўз ҳудудидан қўним топган 3,5 миллион суриялик қочоқларни сақлаш, боқиш ва ўз юртига қайтариш юзасидан ЕИ ваъда қилаётган молиявий ёрдамни ажратмаётганидан ёзғирмоқда. Агар унинг манфаатларига қарши боришаверса, бу қочоқларнинг Европага ўтиши учун тўсқинлик қилмаслигини ҳам шаъма қилди.

Европа иттифоқи ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Федерика Могерини кеча Страсбургда Европарламент йиғилишида Туркиянинг ҳарбий операциясидан ташвишда эканлигини айтди. «Барча ҳарбий ҳаракатлар фақат БМТнинг рўйхатидан ўрин олган террорчилик ташкилотларига қарши қаратилиши керак», — дейди юқори мартабали дипломат.

Германия 80 миллионли мусулмон аҳолисига эга Туркия ЕИ таркибига яқин орада киролмаслигини айтмоқда. Берлин Эрдўғон олиб бораётган сиёсат унинг манфаатларига жавоб бермайди ва жуда хатарли деб ҳисоблайди. Шунга қарамай, Туркияга нисбатан душманона муносабат нафақат Германия, балки бутун Европа хавфсизлигига таҳдид эканлигини «кўҳна қитъа» сиёсатчилари яхши тушунади.

Франция ташқи ишлар вазири Жан-Ив Ле Дриан ўт очишни зудлик билан тўхтатишни талаб қилмоқда ва БМТ Хавфсизлик кенгашининг фавқулодда йиғилишини ўтказишни истаяпти.

НАТО раҳбариятининг маълум қилишича, Африндаги амалиётлар ҳақида Туркия ахборот бериб турибди. НАТОнинг ҳар қандай босими Туркиянинг Россия билан шериклигини мустаҳкамлашга баҳона бўлишини альянсда яхши англашади ва жараённи четдан кузатиб туриш билан чекланиб, Туркияга эътироз билдиришмаяпти.

Фото: «Iranreview.org»

Туркия мусулмонларининг аксарияти суннийлардир. Сурияда ҳукмрон Асад гуруҳи эса шиалардан иборат. Жангариларга қарши курашда ҳам Эрон уни ҳар томонлама қўллаб-қувватлагани бежиз эмас. Сурияда ярашув келишувига риоя этилишини кафолатловчи давлатлардан бири Эрондир. У Туркиянинг ҳарбий операцияларни зудлик билан тўхтатишини, Сурияда сиёсий барқарорликни қўллаб-қувватлашда амалий рол ўйнашини истамоқда.

Эрон Туркияга кескин баёнотлар билан чиқмаётганининг сабаби бор. Чунки бошқа тарафдан Эрон Сурия ичидаги курдларни «бартараф қилиш» амалиётига қарши эмас. Чунки Эрон ҳудудида ҳам кўплаб курдлар яшайди ва уларнинг ҳам айирмачи кучлари кўпдан бери мустақил бўлишга интилиб келади. Боз устига Эрон яқинда ўз ҳудудида кечган ва бутун мамлакат узра тез ёйилиб кетган ички норозиликлар тўлқинини қийинчилик билан бостирди. Ҳозир Теҳрон асосий диққатини ички ижтимоий-сиёсий барқарорликни таъминлашга қаратмоқда.

Саудия Арабистони уруш давомида Асад мухолифлари учун миллиардлаб доллар сарфлагани билан воқеаларда ҳал қилувчи ўрин эгаллай олмаганини тушунди. Қолаверса, у ҳозир Яман билан кўпроқ машғул. Сурия дунёвий давлат бўлиб қолмоқчи, шиа ва суннийлик асосида бўлиниш истагида эмас.

Аммо бир нарса аёнки, замонавий Туркия аввалги Туркия эмас. У ўзига ишонган, минтақа ишларига мустақил таъсир кўрсата оладиган, ҳарбий ва иқтисодий қудрати жадал ўсаётган, ўзининг геосиёсий манфаатларини қатъий туриб ҳимоя қилаётган ўйинчига айланиб бораяпти. Минтақадаги кучлар мувозанатини Туркия иштирокисиз, унинг сидқидилдан ёндашувисиз таъминлаб бўлмайди.

Ўзбекистоннинг бу жараёнларга муносабати ва позицияси қандай?

Биз сўнгги пайтларда Туркия билан алоқаларни ривожлантиришга катта эътибор қаратаяпмиз. Туркия умумтурк бирдамлиги, умумтурк жараёнлари каби қарашларга жиддий урғу беради. Сўнгги бир ярим йилда бир неча бор олий даражадаги учрашувлар бўлиб ўтди. 25-26 октябрда давлатимиз раҳбари Туркияга давлат ташрифи билан борди. Товар айланмаси ҳажми 2016 йилда қарийб 1,2 миллиард долларга етган бўлса, ўтган йили бу миқдор янада ошди. Яқин бир-икки йилда уни 3 миллиарддан ошириш режа қилинмоқда.

Аммо Ўзбекистоннинг ташқи сиёсатдаги ўзгармас позициялари барчага маълум. Республикамиз ҳар қандай можаро ва низоларни доимо тинч йўл билан, музокаралар воситасида, куч ила таҳдид солмаслик, ўзга давлатларнинг ички ишларига аралашмаслик тамойилларидан келиб чиқиб ҳал қилиш тарафдоридир. Тинч аҳолининг нобуд бўлишига, қон тўкилишига ва зўравонликка олиб келувчи ҳаракатларни кескин қоралайди.

Биз ташқи сиёсат юритишда ҳарбий кучни дастак қилишга қатъий қаршимиз.

Аслида бу ва шунга ўхшаш ҳодисалар бўйича Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлигининг масъул мутасаддиси мунтазам равишда журналистларни чорлаб, Ўзбекистоннинг позициясини етказиб бориши мақсадга мувофиқ. Жаҳон айвонидаги у ёки бу масала бўйича Ўзбекистоннинг расмий позицияси қандайлиги ҳақида оммавий ахборот воситалари вакиллари йўналиш олиб туриши жуда долзарбдир.

Жаҳон ҳамжамиятининг диққат марказида турган ўта муҳим масалалар бўйича онда-сонда, унда ҳам фақат ташқи ишлар вазирлиги ҳузуридаги «Жаҳон» ахборот агентлигининг қисқа хабарларини беришдек эскирган қолиплардан воз кечиш вақти етган. Ташқи ишлар вазирлигини ислоҳ қилиш доирасида марказий аппарат тузилмасига қўшилиши кутилаётган Жамоатчилик билан алоқалар бўлими ва медиамарказлар фаолияти халқаро шарҳловчилар учун, умуман барча журналистларимиз учун жуда яхши янгилик бўлар эди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг