Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Ҳаммаси Миср ҳақида

Ҳаммаси Миср ҳақида

Фото: «Planeta-p.ru»

Президент Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан 2018 йил 4-5 сентябрь кунлари Миср Араб Республикаси президенти Абдул Фаттоҳ Саид Ҳусайн Халил Ас-Сиси расмий ташриф билан Ўзбекистонда бўлиши ҳақида хабар бергандик.

Ҳозирги ҳикоямизда Миср Араб Республикаси, унинг географик жойлашуви, иқтисодиёти, туризм ва маданият соҳаларидаги ютуқлари, Ўзбекистон билан узоқ ўтмиш ва бугунги кундаги ҳамкорлик алоқаларига қисқача тўхталиб ўтамиз.


Миср Араб Республикаси Африканинг шимоли-шарқий қисмида жойлашган. Ливия, Судан, Исроил давлатлари билан чегарадош. Аҳолиси — 96 миллион киши, араб мамлакатлари орасида аҳолиси энг кўп мамлакат. Пойтахти — Қоҳирада 12 миллион киши яшайди. Ҳудуди — 1 001 450  км2. Энг йирик шаҳарлари — Қоҳира ва Искандария.

Миср бир вақтнинг ўзида ҳам Араб давлатлари лигаси, ҳам Африка иттифоқининг аъзоси.

Мазкур давлатдаги Ал-Азҳар университети мусулмон оламидаги энг обрўли таълим даргоҳларидан бири ҳисобланади.

Ўтган йил якунларига кўра, Миср ялпи ички маҳсулоти миқдори 256 миллиард АҚШ долларини ташкил этган.

2018 йилнинг февраль ойида Ўзбекистон ва Миср бизнесменлари ўртасида бўлиб ўтган учрашувда имзоланган ўзаро ҳамкорлик меморандуми иқтисодий муносабатларнинг жонланаётганлигига ёрқин мисолдир. Шартнома бандларига асосан, мамлакатимиз Мисрга «Artel» миллий компанияси томонидан ишлаб чиқариладиган маиший-техника воситаларини экспорт қилиш имкониятига эга бўлди.

Миср умумий саноатининг 25 фоизи тўқимачилик ҳиссасига тўғри келади.

Миср мева ва полиз экинлари шарбатларини экспорт қилиш бўйича Ўрта Ер денгизи минтақасидаги бешта, зайтун маҳсулотларини етиштириш ва тайёрлаш бўйича эса дунёдаги 10та йирик давлатдан бири саналади.

Миср ерларининг 96 фоизи чўлдан иборат. Деҳқончилик билан фақатгина Нил дарёси бўйлари ва Нил водийсида, шунингдек, Ўрта Ер денгизи бўйларида шуғулланиш мумкин. Деҳқончиликка яроқли ерларнинг умумий майдони 2,5 миллион гектарни ташкил этади. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан Миср ўз эҳтиёжларининг 40 фоизини таъминлайди.

2017 йилда «Эҳромлар ўлкаси»га ташриф буюрган сайёҳлар сони 8,3 миллион кишини ташкил этди, яъни 2016 йилдагига нисбатан сайёҳлар улуши 54 фоиз ошди.

Қоҳира давлат музейи, Катта Миср музейи, Копт музейи, Ислом санъати музейи, Нубия музейи ва Искандария миллий музейи Мисрнинг энг машҳур музейлари ҳисобланади.

Биргина Қоҳирадаги ислом санъати музейида араб, турк ва форс халқларининг 100 мингдан ортиқ қўл ҳунармандчилиги санъати дурдоналари сақланади.

Ўрта асрларда буюк мутафаккир бобокалонимиз Аҳмад ал-Фарғоний Қоҳира шаҳрининг марказидан ўтган Нил дарёси ўзанида жойлашган Рода оролида сувнинг ҳажми ва тезлигини ўлчайдиган иншоот — ниломерни яратган. Эътиборлиси, бу иншоотдан ҳозиргача фойдаланиб келинмоқда. Бобокалонимизнинг ўзбек ҳайкалтароши Жалолиддин Миртожиев томонидан ясалган ҳайкали 2007 йили Қоҳира шаҳрининг марказига ўрнатилган.

Миср Араб Республикаси 1992 йилнинг 26 декабрида мамлакатимиз мустақиллигини тан олган.

Бугунги кунда икки давлат муносабатларини йўлга солувчи турли доирадаги 51 ҳужжат имзоланган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг