Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Мутлақо янгича ҳокимият. Мирзо Улуғбек туманида эксперимент бошланди

Мутлақо янгича ҳокимият. Мирзо Улуғбек туманида эксперимент бошланди

Фото: «Xabar.uz»

Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек туманида эксперимент тариқасида давлат бошқарувининг алоҳида тартибини синовдан ўтказиш бошланди.

«Xabar.uz» порталига маълум қилинишича, Ўзбекистон Республикаси Президенти девони ва Адлия вазирлигининг масъул ходимлари томонидан «Мирзо Улуғбек туманида эксперимент тариқасида давлат бошқарувининг алоҳида тартибини жорий этиш тўғрисида»ги Кенгаш қарори лойиҳаси тайёрланди ва у Халқ депутатлари Мирзо Улуғбек тумани Кенгаши томонидан тасдиқланди.

Қарорга мувофиқ, туман ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари лавозимини тугатилди ҳамда туман ҳокимининг капитал қурилиш, ободонлаштириш ва транспорт масалалари бўйича ўринбосари, туман ҳокимининг уй-жой ва коммунал хизмат кўрсатиш масалалари бўйича ўринбосари ҳамда туман ҳокими аппарати раҳбари лавозимларини жорий этилди.

Туман иқтисодиёт ва комплекс ривожлантириш бўлими, молия бўлими, уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бўлими ва қурилиш бўлими туман ҳокими аппарати тузилмасига киритилди.

Умумий сони 79 нафардан иборат бўлган Мирзо Улуғбек туман ҳокими аппаратининг бошқарув ходимлари ташкилий тузилмаси тасдиқланди. Таъкидлаш керакки, аввалги тузилмада бошқарув ходимларининг умумий сони 23 нафарни ташкил этар эди.

Туман ҳокими аппаратининг ташкилий тузилмасига туман бюджетининг тасдиқланган параметрлари доирасида Тошкент шаҳар ҳокими билан келишилган ҳолда халқ депутатлари туман Кенгаши қарори билан ўзгартириш киритилиши мумкинлиги белгилаб қўйилди.

Лойиҳа муаллифларининг сўзларига кўра, Мирзо Улуғбек туман ҳокимига туман маҳаллий бюджети даромадлари прогнозининг ортиғи билан бажарилган қисми ҳисобидан туман ҳокими аппарати ҳамда давлат бошқаруви органларининг туман бўлимлари ходимлари лавозим маошларига, улар фаолиятини баҳолаш натижаларига кўра, 200 фоизигача устама белгилаш ҳуқуқи берилди.

Мазкур қарор билан маҳаллий бюджетга йўналтириладиган бир қатор қўшимча тушумлар ҳам белгилаб олинди.

Туман ҳокими ва унинг ўринбосарлари иштирокида тузилган кўплаб комиссиялар (кенгашлар) тугатилиб, уларнинг вазифа ва функциялари тегишли давлат органлари зиммасига юклатилди.

Белгиланган бу каби вазифалар Мирзо Улуғбек туманидаги давлат ҳокимияти органлари фаолиятини тубдан яхшилаш, ҳудуддаги мавжуд муаммоларни ҳал қилишда уларнинг ролини ошириш, шунингдек 2017—2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини ижро этишга қаратилган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг