Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Нью-Йоркда БМТ Хавфсизлик Кенгаши Думага қилинган кимёвий ҳужумни муҳокама қилмоқда

Нью-Йоркда БМТ Хавфсизлик Кенгаши Думага қилинган кимёвий ҳужумни муҳокама қилмоқда

Фото: «Голос Америки»

БМТнинг Сурия бўйича махсус вакили Стаффан де Мистуранинг таъкидлашича, Сурия атрофидаги вазият хавфли тус олиб бормоқда, бу ҳолат халқаро хавфсизликка нафақат минтақавий, балки глобал даражада салбий таъсир кўрсатиши мумкин.

БМТнинг Сурия бўйича махсус вакили Стаффан де Мистура бу баёнотни БМТ хавфсизлик Кенгашининг мажлиси очилишида берди.

Россиянинг БМТдаги доимий вакили Василий Небензя баёнот бериб, Дума минтақасида маълумотларни тўплаш мақсадида россиялик радиология, кимё ва биологик муҳофазаси бўйича мутахассислар юборилганини айтди. «Улар тупроқ намуналарини олиб ўрганишди, асаб-фалажлантирувчи ва хлорли моддалар мавжуд эмаслигини аниқлашди», — дея баёнот берди Россия дипломати.

АҚШнинг БМТдаги доимий вакили Никки Ҳейли баёнот бериб, БМТ Хавфсизлик Кенгаши қандай қарор қабул қилишидан қатъи назар АҚШ кимёвий ҳужум айбдорларини жазога тортишда мустақил ҳаракат қилишини таъкидлади. Унинг сўзларига қараганда, «жаҳон адолат қарор топишининг гувоҳи бўлиши керак».

БМТ Хавфсизлик Кенгаши ўтган шанба куни Думага берилган эҳтимолий кимёвий ҳужумни муҳокама қилиш мақсадида фавқулодда мажлис ўтказди.

Тўққизта мамлакат, улар орасида АҚШ, Франция, Буюк Британия ҳам бор, Думада кимёвий қурол ишлатилганини муҳокама қилиш мақсадида 9 апрель куни БМТ Хавфсизлик Кенгашининг фавқулодда мажлиси ўтказилишини талаб қилиб чиқишди. Россия ҳам «халқаро хавфсизлик ва тинчлик таҳдиди» масаласини муҳокама қилиш мақсадида БМТ ХКнинг мажлиси чақирилишини талаб қилди.

АҚШ эҳтимолий кимёвий ҳужумлар учун Асад режимига қарши ҳарбий куч ишлатишни назардан соқит қилмаяпти.

Президент Доналд Трамп икки кун ичида «муҳим қарор» тўғрисида эълон қилишга ваъда берди. Кимёвий қуролларни тақиқлаш бўйича ташкилот 7 апрель куни Думада эҳтимолий кимёвий қуроллар ишлатилгани борасидаги хабарларни текширишга киришди. Тиббиёт манбалари шанба кунги Думадаги ҳаво ҳужуми оқибатида 48 кишидан 60 кишигача инсон қурбон бўлганини, минглаб одамлар жабр кўргани ва жароҳатланганлар борлигини маълум қилди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг