Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Остона форумида Орол тақдирига доир муҳим масала кўтарилди

Остона форумида Орол тақдирига доир муҳим масала кўтарилди

Марказий Осиёда экологик фожианинг олдини олиш учун Оролни қутқариш халқаро жамғармасига кўпроқ маблағ ажратиш керак. Бу ҳақда Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев 8 июнь куни Остонада бошланган халқаро форумдаги нутқида гапирди.

«Амударё ва Сирдарё – минтақамиздаги икки буюк дарёнинг сув сатҳи 2050 йилга бориб тахминан 15 фоизга камаяди. Сув муаммоси ва иқлим ўзгариши ўзаро боғлиқ муаммолардир. Марказий Осиё шундай минтақаки, сув хавфсизлиги фақат яқин ҳамкорлик ва биргаликдаги самарали чора-тадбирлар орқалигина таъминланиши мумкин», – деди Қозоғистон президенти.

Қ.Тўқаев шу каби жиддий экологик муаммоларни муҳокама қилиш учун 2026 йилда Қозоғистонда БМТ ва бошқа халқаро ташкилотлар шафелигида Минтақавий иқлим саммитини ўтказишни таклиф қилган.   

Остона халқаро форумида Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов ҳам қатнашди.

«Kazinform» агентлиги хабарига кўра, А.Арипов ҳам ўз чиқишида халқаро ҳамжамият, хусусан, хорижий инвесторларни Орол муаммосини ҳал этишга чақирган.

Аввал хабар берганимиздек, «Муаммоларни мулоқот воситасида ҳал этиш: ҳамкорлик, фаровонлик ва тараққиёт йўлида» шиори остида ўтказилаётган анжуманда иқлим ўзгариши, энергетика хавфсизлиги ва озиқ-овқат етишмаслиги каби долзарб муаммоларга ечим изланмоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг