Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Президент «шаҳар ичидаги шаҳар»ни яна бир бор кўздан кечирди

Президент «шаҳар ичидаги шаҳар»ни яна бир бор кўздан кечирди

«Tоshkent Сity» халқаро ишбилармонлик маркази

Фото: «Mytashkent.uz»

Президент Шавкат Мирзиёев пойтахтнинг Алишер Навоий, Олмазор, Ислом Каримов ва Фурқат кўчалари оралиғида бунёд этилаётган «Tоshkent Сity» халқаро ишбилармонлик марказининг такомиллаштирилган лойиҳаси билан танишди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 28 октябрь куни «Tоshkent Сity» халқаро ишбилармонлик маркази барпо этилаётган ҳудудда бўлиб, буюртмачи ва қурувчилар олдида турган вазифалар, ташкилий ва молиявий масалаларни жойида муҳокама қилган, лойиҳаларни янада такомиллаштириш, қурилишни тезлаштириш бўйича топшириқлар берган эди.

Давлат раҳбари топшириқлар ижроси юзасидан такомиллаштирилган лойиҳаларни яна бир бор кўздан кечирди. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 28 июлдаги «Тошкент шаҳрининг марказий қисмини ободонлаштириш ва архитектуравий қиёфасини янада яхшилаш ҳамда аҳоли ва пойтахт меҳмонлари учун зарур шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ижроси юзасидан Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида «Tоshkent Сity» халқаро ишбилармонлик маркази ҳудудидаги объектларни қуриш ва эксплуатация қилиш бўйича дирекция тузилган.

Президент халқаро ишбилармонлик марказининг маъмурий биносида бўлди. Бу ерда яратилаётган лойиҳалар, иш жараёнини кўздан кечирди.

«Tоshkent Сity» халқаро ишбилармонлик марказининг такомиллашган концепциясига кўра, бино ва иншоотлар турли қурилиш ташкилотлари томонидан барпо этилмоқда. Лойиҳаларни мамлакатимиз ишбилармонлари Хитой, Туркия, Жанубий Корея каби давлатларнинг инвесторлари билан ҳамкорликда амалга оширмоқда.

Президент қурилишга жалб қилинган инвесторлар билан суҳбатлашди. Уларнинг фикрлари ва ташаббуслари билан қизиқди.

«Шаҳар ичидаги шаҳар», дея эътироф этилаётган марказ қурилиши икки босқичда яқин тўрт йилда якунига етказилади.

Президент «Tоshkent Сity» халқаро ишбилармонлик марказида қурилаётган бино ва иншоотларнинг бир-бирига уйғун бўлиши, дизайн жиҳатидан бири иккинчисини тўлдириши кераклигини таъкидлади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг