Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Янги қарор билан ҳукумат ва ОАВ ўртасидаги тўсиқлар олиб ташланди

Янги қарор билан ҳукумат ва ОАВ ўртасидаги тўсиқлар олиб ташланди

Фото: Google.com

Шу йилнинг 15 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг ахборот хизматлари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

Қарорда давлат ва хўжалик бошқаруви соҳасида очиқлик ва шаффофликка асосланган самарали қарорлар қабул қилиш тизимини жорий этиш, ахборот олишда мансабдор шахсларнинг жамият олдидаги ҳисобдорлиги, очиқлиги ва масъулиятини таъминлаш зарурлиги қайд этилган. Унга мувофиқ, жисмоний ва юридик шахсларнинг давлат ва хўжалик бошқаруви органлари фаолияти тўғрисидаги ахборотни излаш, олиш ва тарқатишга доир ҳуқуқларини таъминлашга қаратилган нормалари ижросини сўзсиз ва сифатли таъминлаш барча даражалардаги давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг энг устувор вазифаларидан бири деб ҳисобланиб, давлат ва хўжалик бошқаруви органи раҳбари ушбу вазифалар амалга оширилиши учун шахсан масъул этиб белгиланди.

Ҳужжатда, шунингдек, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ахборот хизматларининг асосий вазифалари белгиланди. Жумладан, давлат ва хўжалик бошқаруви органининг фаолияти, унинг фаолият соҳасига доир норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида кенг жамоатчиликни холисона, сифатли ва тезкор хабардор қилиш, оммавий ахборот воситалари билан ўзаро ҳамкорлик қилиш, ахборот хизмати билан доимий ҳамкорликда ишлайдиган журналистлар доирасини шакллантириш, ахборот майдони мониторингини олиб бориш ва таҳлил қилиш, уларга муносабат билдиришнинг турлари, усуллари ва даражаси бўйича экспертлар билан биргаликда таклифлар тайёрлаш, оммавий ахборот воситаларида, шу жумладан, интернет тармоғида материаллар тарқатиш бўйича комплекс ишларни ташкил этиш, давлат ва хўжалик бошқаруви органининг бошқа бўлинмалари билан биргаликда миллий ва хорижий оммавий ахборот воситаларида тарқатиш учун хабар, ахборот-маълумот тусидаги материаллар, шарҳлар ва ахборот-таҳлилий материаллар тайёрлаш, давлат ва хўжалик бошқаруви органи фаолиятини хорижий оммавий ахборот воситаларида сифатли ёритиш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг хорижий мамлакатлардаги ваколатхоналарини, шунингдек, хорижий мамлакатларнинг Ўзбекистондаги дипломатик ваколатхоналарини ахборот материаллари (кино, фото, аудио ва видеоматериаллар, босма маҳсулотлар ва шу кабилар) билан таъминлаш каби бир қатор вазифалар белгиланди.

Бундан ташқари, ахборот хизматлари раҳбарлари ва ходимларини аттестациядан ўтказилади, ҳар йили «Энг яхши ахборот хизмати», «Давлат бошқаруви органлари фаолиятини ёритаётган энг яхши журналист» ва бошқа номинациялар бўйича Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари кунларига бағишлаб танловлар ташкил этилади. 

Қарорнинг тўлиқ матни билан ушбу ҳавола орқали танишишингиз мумкин.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг