Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Битта кубок учун 32 жамоа: «Оқ бургутлар»

Битта кубок учун 32 жамоа: «Оқ бургутлар»

Футбол бўйича жаҳон чемпионати иштирокчилари ҳақидаги туркум мақолаларни сайтимизда эълон қилишда давом этамиз. Яна Европага қайтиб, Польша ҳақида фикр юритамиз.

Лақаби: «Оқ-қизиллар», «Оқ бургутлар».

Конфедерация: УЕФА.

Бош мураббий: Адам Навалка.

Сардор: Роберт Левандовский.

Энг кўп ўйин ўтказган футболчи: Михал Жевлаков (102).

Тўпурар: Роберт Левандовский (52).

Стадион: Казимеж Гурский номидаги стадион.

ФИФА рейтингида: 10 (2018 йил 17 май).

Энг юқори ўрин: 5 (2017 йил август).

Энг паст ўрин: 78 (2013 йил ноябрь).

Илк расмий ўйин: Венгрия – Польша 1:0 (Будапешт, Венгрия; 1921 йил 18 декабрь).

Энг йирик ғалаба: Польша – Сан-Марино 10:0 (Келце, Польша; 2009 йил 1 апрель).

Энг йирик мағлубият: Дания – Польша 8:0 (Копенгаген, Дания; 1948 йил 26 июнь).

Жаҳон чемпионатидаги иштироки: 7 марта (3-ўрин: 1974, 1982 йиллар).

Европа чемпионати: 3 марта (чорак финал: 2016 йил).

Илк уриниш ва фойдасиз покер

Поляк футболи мамлакат тарихи каби воқеаларга бой бўлмаслиги мумкин, аммо алоҳида эътибор қаратишга арзийди. Мамлакат терма жамоаси учун илк йирик турнир 1938 йилги жаҳон чемпионати бўлиб, унда поляклар биринчи босқичданоқ мусобақадан чиқиб кетган. Дарвоқе, ўшанда терма жамоа ҳужумчиси Эрнест Вилимовский жаҳон чемпионатлари тарихидаги илк покерни расмийлаштирган.

Олтин авлод

1970-йиллар Польша футболининг айни гуллаган даври десак хато бўлмайди. Мюнхен олимпиадасида олтин медални қўлга киритган жамоа таркибида ёш иқтидорлар Роберт Гадох, Ежи Горгон ва кейинчалик мамлакат футболи тарихидаги энг яхши футболчи дея тан олинган Казимеж Дейналар бор эди. 1974 йилги жаҳон чемпионати арафасида мамлакат термаси етакчилар қаторида тилга олинар, машҳур мураббий Казимеж Гурский жамоаси таркибида Дейнадан ташқари дарвозабон Ян Томашевский, Африканинг қатор терма жамоаларидаги фаолияти билан машҳур бўлган Хенрик Касперчак, супертўпурар Гжегож Лято, унинг шериги Анджей Шармах ва «поляк Беккенбауэри» Владислав Жмуда тўп суришар эди. Илк босқичда Италия ва Аргентинани қийинчиликсиз енгиб, кейинги босқичда мусобақа мезбони ГФРга тўқнаш келиши «оқ-қизиллар»нинг қуръа борасидаги омади келмаганидан дарак берарди. Ўйинда поляклар қақшатқич зарбага учрашган. Мусобақа якунида бронза медал билан кифояланган Польша Лято ҳаракатлари эвазига энг яхши тўпурарга аталган совринни ҳам ўзи билан олиб кетган.

Кейинги чемпионатлар

Испаниядаги чемпионатда ҳам фаворитлар сафида тилга олинган жамоа дастлабки босқичда эски таниш «скуадра адзурра»ни ортда қолдириб, иккинчи босқичда Бельгия ва СССРга рўбарў келди. Ярим финалда эса яна ўша италияликларга қарши майдонга тушган поляклар бу сафар имкониятни бой беришди. Паоло Россининг дубли Польша терма жамоасини французларга қарши «бронза ўйини»га йўналтирди.

1982 йилги жаҳон чемпионати Антоний Пехничек исмли мураббий ва Збигнев Бонек исмли ҳужумчини дунёга танитди. Вақт ўтиши билан Пехничекнинг тактик ишланмалари ҳимоядан ҳужумга ўтувчи жуда кўплаб жамоалар учун муҳим қўлланмага айланган бўлса, Бонек «Рома» ва «Ювентус» сафида порлади ва кейинчалик Польша футбол федерацияси президентига айланди.

Польша терма жамоаси учун XX асрнинг сўнгги йирик турнири Мексикада ўтказилган 1986 йилги жаҳон чемпионати бўлди. Ўшанда 1/8 финалгача етиб борган поляклар Зико ва Сократес бошчилигидаги Бразилиядан енгилган эди.

Янги аср қаҳрамонлари

«Бургутлар»нинг янги асрдаги муваффақиятли юришларида машҳур поляк мураббийи Влодзимеж Смолярекнинг ўғли Эусебиуш, «Лестер» сафида Англия чемпионлигига эришган Марцин Василевский, Чемпионлар лигасида «Реал» дарвозасига тўп киритган Яцек Кшинувек, маҳаллий лига тўпурари Мацей Журавский, қора танли ҳужумчи Эммануэл Олисадебе, кучли чемпионатлардаги маҳоратли дарвозабонлар Артур Боруц, Лукаш Фабианский, Войцех Шенсний, Дортмундда порлаган юлдузлар Якуб Блашиковский, Лукаш Пишек ва албатта Роберт Левандовский номи билан боғланади.

Поляк(мас) юлдузлар

Шу ўринда томирида поляк қони оқаётган ва дунёнинг кучли терма жамоаларида тўп сурган ва сураётган машҳур футболчилар ҳақида айтиб ўтиш инсофдан бўларди. Французларда Раймона Копа ва Лоран Коселни, аргентиналик Пауло Дибала, Англия терма жамоаси аъзоси Фил Жагелка ва албатта Германия терма жамоаси сафида порлаган икки ҳужумчи Мирослав Клозе ва Лукас Подолскилар ўзини қисман ёки тўлиқ поляк миллатига мансуб деб ҳисоблашади.

Асосий юлдуз

Бошқа вариантлар ҳам борми? Бугунги кун Польшасини Роберт Левандовскийсиз, Роберт Левандовскийни Польша терма жамоасисиз тасаввур қилиш қийин. Футбол тарихидаги энг тезкор «пента-трик» муаллифи етти йилдирки мамлакатнинг энг яхши футболчиси деган номни бошқаларга бериб қўймаяпти. Унга нисбатан кимсан Збигнев Бонек ҳам ширин сўзларини аямай, Робертни Польша футболи тарихидаги тўпурар Казимеж Дейна билан тенглаштирмоқда.

Ҳаммаси «Висла»даги кўрикдан бошланган. Ўшанда жамоа мураббийлари Смуда ва Навалка Левандовский суратида келажаги йўқ «тўнка»ни кўришди. Душман жамоа — Варшаванинг «Легия»сига ўтган бечора Роберт ижарага бериб юборилди. Кейинчалик «Знич» таркибида мамлакат иккинчи лигаси тўпурарига айланган Робертни йирик маҳаллий нашрлардан бири «йил кашфиёти» унвони билан сийлади. «Лех» шарафини ҳимоя қилиш учун Познанга йўл олган Роберт биринчи мавсумдаёқ тўпурарлар қаторидан ўрин олди. Европанинг кучли жамоаларидан «совчи»лар келаётган бир пайтда «Зенит» ва «Шахтёр» клубларининг вакилларига рад жавоби берилди. Чунки Роберт билан кимсан Юрген Клоппнинг «Боруссия»си қизиқаётган эди.

Левандовскийнинг «Боруссия» билан Европа чемпионлар лигасининг финалига қадар етиб бориши, йўл-йўлакай «Реал» дарбозасига киритган «покер»и унга бўлган қизиқишни орттириб юборди. Польшалик ҳужумчининг Германиядан ташқарига чиқиш нияти йўқ эди, аммо ўсиш учун шу ернинг ўзида ҳам яхши вариант бор – «Бавария»! У ҳам жамоадошлари Матс Хуммелс ва Марио Гётцелар қилган ишни қилди ва мюнхенликлар сафида Лука Тони ва Мирослав Клозедан кейин бўшаб қолган яққол ҳужумчи позициясини эгаллади. Роберт терма жамоада асосий фигура, шу кетишда у Лято ва Дейна рекордларини ҳам янгилаши аниқ. Тўпурарлик қобилияти туфайли у кетма-кет иккита саралаш баҳсларида энг юқори натижани кўрсатди.

Тез орада Левандовский «Бавария»ни тарк этса керак. Карим Бенземага ўринбосар қидираётган «Реал» Мауро Икарди вариантидан бугунги қаҳрамонимиз фойдасига қарор қабул қилиши кутилмоқда. Роберт ҳам бунга қарши эмас...

Саралаш баҳслари

Қуръа арафасида 3-саватчадан ўрин олган поляклар гуруҳда ўзларидан кучлироқ бўлган камида икки жамоа билан баҳслашишлари мумкин эди. Омадли қуръа Адам Навалка шогирдларини инқирозли даврини бошдан кечираётган икки терма жамоа – Руминия ва Данияга рўбарў қилди. Дастлабки турдаги қоқилиш «бургутлар» устидан совуқ сув қуйгандек бўлди. Қозоғистон билан баҳсда тайёр ғалабани қўлдан чиқарган поляклар кейинги бешта турни ғалаба билан якунлашди. Камига, асосий рақиб сифатида кўрилган руминлар дарвозасига ҳар иккала ўйинда ҳам учтадан тўп киритилди. 

Копенгагендаги йирик мағлубият Польша терма жамоаси футболчиларини тушкунликка тушириб қўймади, аксинча, кейинги турларда арман, қозоқ ва черногориялик рақибларини енгиб муддатидан олдин жаҳон чемпионатига йўлланмани нақд қилишди. Айниқса, «оқ-қизиллар» сардори Роберт Левандовскийнинг омади келди. У саралаш ўйинлари давомида 16 та гол киритиб, осиёлик ҳамкасблари Муҳаммад Саҳлавий ва Аҳмад Халил билан биргаликда тўпурарлар мусобақаси ғолиби бўлди.

Сўнгги бешта ўйин

Сана

Рақиб

Ҳисоб

Гол

муаллифлари

Шаҳар

1

2017 йил 7 октябрь

Черногория

4:2

Мончински,

Гросицки,

Левандовский,

Стойкович

Варшава, Польша

2

2017 йил 10 ноябрь

Уругвай

0:0

Варшава, Польша

3

2017 йил 13 ноябрь

Мексика

0:1

Гданск, Польша

4

2018 йил 23 март

Нигерия

0:1

Вроцлав, Польша

5

2018 йил 27 март

Жанубий Корея

3:2

Левандовский,

Гросицки,

Зелински

Хожув,

Польша

Рақиблар

Қуръада биринчи саватдан ўрин олган поляклар камида гуруҳдан чиқишни ният қилган бўлсалар ажабмас. Аммо таркибидаги футболчилардан учта жамоа ясаш мумкин бўлган Колумбия, Осиё ва Африка етакчилари Япония ва Сенегал Россияга музқаймоқ ейиш учун келмасликлари аниқ.

Польша терма жамоаси гуруҳ ўйинларида Сочидаги стадионда бирорта ўйин ўтказмаса-да, айнан курорт шаҳарни жаҳон чемпионати давомида ўзларига маскан сифатида танлашган. Бевосита ўйинларга келсак, илк баҳсда африкаликларга қарши «Спартак» стадионидаги ўйин балки кейинчалик асосий мақомига кўтарилар. Чунки гуруҳ фаворити Колумбия билан иккинчи турда бўладиган ўйин кўп нарсани ҳал қилади. Сўнгги турдаги ўйин «самурайлар»га қарши Волгоград шаҳрида ўтказилади.

Европаликлар шу кунгача Японияга қарши бир марта, у ҳам бўлса ўртоқлик ўйинида майдонга тушишган. 2002 йилги чемпионат арафасида ўтказилган баҳсда Хидетоши Наката ва Наохиро Такахаранинг голлари эвазига «самурай»лар ғалаба қозонган. Худди шундай ҳолат ва натижа Колумбия-Польша ўйинида ҳам кузатилган. 2006 йили уй учрашувида Иренеуш Еленанинг чиройли голи ҳам полякларнинг мағлубиятдан қутулиб қолиши учун етарли бўлмаган. Илк бор учрашаётган Сенегал-Польша жамоалари сафида насиб қилса Левандовский-Мане тўқнашувини кузатамиз.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг