Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Битта кубок учун 32 жамоа: «Қизил иблислар»!

Битта кубок учун 32 жамоа: «Қизил иблислар»!

Фото: «livesport.ru»

Футбол бўйича жаҳон чемпионати иштирокчилари ҳақидаги туркум мақолаларни сайтимизда эълон қилишда давом этамиз. Навбат Белгияга!

Лақаби: «Қизил иблислар».

Конфедерация: УЕФА.

Бош мураббий: Роберто Мартинес.

Сардор: Эден Азар.

Энг кўп ўйин ўтказган футболчи: Ян Вертонген (97).

Тўпурар: Ромелу Лукаку (33).

Уй стадиони: қирол Бодуэн стадиони, Брюссел.

ФИФА рейтингида: 3 (2018 йил 12 апрель).

Энг юқори ўрин: 1 (2015 йил ноябрь – 2016 йил март).

Энг паст ўрин: 71 (2007 йил июнь).

Илк ўйин: Белгия Франция 3:3 (Брюссел, Белгия; 1904 йил 1 май).

Энг йирик ғалаба: Белгия Замбия 9:0 (Брюссел, Белгия; 1994 йил 4 июнь), Белгия Сан-Марино 10:1, (Брюссел, Белгия; 2001 йил 28 февраль), Белгия Гибралтар 9:0 (Льеж, Белгия; 2017 йил 31 август).

Энг йирик мағлубият: Белгия – Англия 1:9 (Брюссел, Белгия; 1927 йил 11 май), Нидерландия – Белгия 8:0 (Амстердам, Нидерландия; 1936 йил 29 март), Нидерландия – Белгия 9:1 (Роттердам, Нидерландия; 1959 йил 4 октябрь).

Жаҳон чемпионатидаги иштироки: 13 марта (4-ўрин, 1986 йил).

Европа кубоги: 1 та кумуш, 1 та бронза.

Танишув

Белгия қироллиги ҳудуд жиҳатидан Европанинг кичик давлатларидан бири бўлишига қарамай, қитъада спортнинг кўпгина турлари, жумладан футбол соҳасида ҳам етакчи ҳисобланади. «Қизил иблислар» лақаби билан машҳур бўлган терма жамоага бугунга кунда дунё юлдузлари жамланган. Улардан нафақат белгияликларнинг, балки бутун дунёдаги футбол мухлисларининг умиди катта. Зеро, кучли клубларда тўп сурувчи Азар, Лукаку, де Брюйнедек юлдузлар ҳали жаҳон чемпионатида яққол порлаганича йўқ. Уларнинг муваффақияти фақатгина финал ва чемпионлик билан белгиланади.

Тарих

Белгия терма жамоаси 2-жаҳон урушигача бўлган чемпионатларда иштирок этган кам сонли жамоалардан бири ҳисобланади. Аммо ҳар сафар биринчи босқичданоқ мусобақадан чиқиб кетишган. 1950 — 1960-йилларни ҳам улар учун омадли деб бўлмайди. Биргина 1954 йилги жаҳон чемпионатида иштирок этган белгияликлар муваффақиятсизликка учрашган. Илк ғалаба 1970-йилларга тўғри келади. Ўшанда Салвадор термаси мағлуб этилган. «Евро-1972»да кутилмаганда ўша даврнинг кучли жамоаларидан бири Венгрияни 3-ўрин учун баҳсда енгган «қизил иблислар» бронза медалларга эга чиқишган.

Илк ютуқлар

1970-йилларнинг охирларида Белгия клублари профессионал мақомни олиб, «Андерлехт», «Брюгге» ва «Мехелен» жамоалари еврокубокларда яхши натижалар қайд эта бошлади. Терма жамоанинг ўша пайтлардаги муваффақиятини мураббий Ги Тис номи билан боғлашади. У 1976 йилдан бошлаб 1990-йилларгача миллий жамоага устозлик қилган. Кучли ҳимоя ва қарши ҳужумга асосланган жамоа таркибида Ян Кулеманс, Франсуа ван дер Элст, Рене Вандерейккен, дарвозабон Жан-Мари Пфафф каби машҳур футболчилар тўп сурган. «Евро-1980»да белгияликлар финалгача етиб боришади ва ГФРга кичик ҳисобда ютқазиб қўйишади – 1:2.

1982 йилги жаҳон чемпионати ҳам белгияликлар учун омадли бошланди. Илк ўйиндаёқ амалдаги жаҳон чемпиони аргентиналиклар мағлуб этилади. Аммо иккинчи босқичда жамоа Польша ва СССРга имкониятни бой бериб, ортга қайтади.

Мазкур авлоднинг чўққига чиқиши 1986 йилги жаҳон чемпионатига тўғри келди. «Плей-офф» босқичига чиққан белгияликлар нимчорак финалда СССРни 4:3 ҳисобида, чорак финалда испанларни пеналтилар сериясига кўра мағлуб этишади. Бироқ анча қийин кечган ярим финал баҳси Марадона бошлиқ аргентиналиклар фойдасига ҳал бўлади. Учинчи ўрин учун баҳсда Францияга имконият бой берилади.

2002 йилги жаҳон чемпионатида гуруҳ баҳсларидан муваффақиятли ўтган Белгия терма жамоаси нимчорак финалда бўлажак чемпионлар – бразилияликларга ютқазишади. Шундан кейин улар иккита жаҳон ва учта Европа чемпионатининг финал қисмига чиқа олишмайди.

«Олтин авлод»

Белгия терма жамоасининг янги муваффақиятлари бугунги «олтин авлод» билан боғланмоқда. Терма жамоанинг деярли барча футболчилари кучли бешлик чемпионатларининг юлдузларига айланишган. Дарвозабон  Тибо Куртуа, ҳимоячилар Венсан Компани ва Ян Вертонген, ярим ҳимочилар Эден Азар ва Кевин де Брюйне, ҳужумчилар Ромелу Лукаку ва Миши Батшуайи! 2014 йилги жаҳон ва 2016 йилги Европа чемпионатларида юлдузли жамоа чорак финалга қадар етиб борган. Аммо уларнинг бу натижалари муваффақиятсизлик дея баҳоланмоқда.

Асосий юлдуз

Айтиб ўтганимиздек бугунги Белгия юлдузлар билан тўла. Кимдир жамоа сардори Эден Азарни асосий футболчи деса, яна кимдир Ромелу Лукакуга ишонади. Мертенс, Феррейра-Карраско, Вицел ва Куртуанинг ҳам етарлича мухлислари бор. Аммо 2018 йилда Белгиянинг энг яхши футболчиси «Манчестер Сити» ярим ҳимоячиси Кевин де Брюйне бўлди десак хато бўлмайди.

У жорий йилда жамоаси билан зўр ўйин кўрсатди. Премьер-лига қийинчиликсиз забт этилди, агар Муҳаммад Салоҳ бўлмаганида лиганинг энг яхши футболчиси бўлиши ҳам мумкин эди. 26 ёшли футболчи Белгиянинг Гент шаҳарчасидан. У бу йилги «олтин тўп»нинг ҳам асосий даъвогарларидан бири сифатида тилга олинмоқда.

Де Брюйне 19 ёшида Тибо Куртуа билан «Генк»да порлади. Мавсумдаги 16 та тўп узатиши жамоасининг муваффақиятига сабаб бўлди. Унинг ютуғи универсаллигида, скаутлар бир вақтнинг ўзида плеймейкер ва ҳар икки қанотларда ҳужумга ўтадиган футболчини назардан четда қолдириши мумкин эмас эди. Тез орада у клубдаги шериги Куртуа билан биргаликда «Челси» сафида пайдо бўлди. «Аристократлар»га тезда қўшилиб кета олмаган Кевин «Вердер» сафида ўзини кўрсатди. Илк мавсумдаёқ даҳшатли натижага эришди: 10 гол+10 узатма! Қўшимчасига бундеслиганинг энг яхши ёш футболчиси деган ном!

«Мусиқачилар» сафидаги ёрқин ўйинини бошқа бир немис клуби «Вольфсбург»да давом эттирган де Брюйне Бразилиядаги жаҳон чемпионатига терма жамоа етакчиларидан бири сифатида борди. Футболчи топ клубга ўтиши аниқ эди ва бу жамоа унинг учун 76 млн. евро сарфлаган «Манчестер Сити» бўлди. Унинг янада ёрқинроқ ўйнаши «шаҳарликлар» бош мураббийи Хосеп Гвардиола даврига тўғри келди. Де Брюйне Россияга терма жамоанинг асосий юлдузи сифатида бормоқда.

 Саралаш ўйинлари

Саралаш баҳслари белгияликлар учун ососн кечмади. Роберто Мартинес шогирдлари Россияга бориш учун кучли ҳимояга эга Греция, Пьянич ва Жеко каби юлдузларга эга Босния ва Герцоговина, ўз майдонида катта кучга айланадиган Эстонияни ортда қолдиришлари лозим эди. Гуруҳда фақатгина Гибралтарни кучлилар сафига қўшмаслик мумкин. Дарвоқе, Гибралтарга қарши баҳсда белгияликлар ҳимоячиси Тома Менье «хет-трик»ка эришди ва шерикларини тўртта голли пас билан таъминлади. «Қизил иблислар»нинг саралаш баҳсларидаги очко йўқотган ягона учрашуви грекларга қарши ўз майдонидаги ўйин бўлди.

Сўнгги бешта ўйин

 

Сана

Рақиб

Ҳисоб

Гол муаллифлари

Шаҳар

1

2017 йил 7 октябрь

Босния ва Герцоговина

4:3

Менье, Батшуаи, Вертонген, Феррейра-Карраско

Сараево, Босния ва Герцоговина

2

2017 йил 10 октябрь

Кипр

4:0

Азар 3 та, Лукаку

Брюссел

3

2017 йил 10 ноябрь

Мексика

3:3

Азар, Лукаку 2 та

Брюссел

4

2017 йил 14 ноябрь

Япония

1:0

Лукаку

Брюгге

5

2018 йил 27 март

Саудия Арабистони

4:0

Лукаку 2 та, Батшуаи, де Брюйне

Брюссел

Рақиблар

Жаҳон чемпионати тақвими «қизил иблислар» учун жуда қулай тузилган. Асосий рақиб Англия билан бўладиган учрашув кейинги босқич ва асосий ўринларни аниқлаб бериши мумкин.

Белгияликлар Россиядаги илк рақиби – Панамага қарши шу кунгача тўп суришмаган. «Карфаген бургутлари» – Тунисга қарши уч баҳсда уч хил натижа қайд этилган. 1992 йилдаги ўртоқлик учрашуви африкаликларнинг устунлигида якунланган бўлса, Япония ва Кореядаги чемпионатда дуранг қайд этилган. Бразилиядаги чемпионатга тайёргарлик давомида ўтказилган ўйинда Дрис Мертенснинг аниқ зарбаси «қизил иблислар»га ғалаба келтирган. Белгияликлар гуруҳдаги асосий рақиб инглизларни шу кунгача бирор марта ҳам мағлубиятга учрата олишмаган.

Изоҳлар 1

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг