Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Британияликлар адашишди: биз иккинчи ўриндамиз!

Британияликлар адашишди: биз иккинчи ўриндамиз!

Фото: «РИА НОВОСТИ»

Буюк Британиянинг «Сonsultancy» консалтинг агентлиги Пхёнчхан олимпиадасида қўлга киритилган медаллар учун қайси давлат қанча миқдорда пул мукофоти беришини ўрганди. Унга кўра қўшниларимиз Қозоғистон «энг қўли очиқ мамлакат» деб топилди. Маълум бўлишича, мазкур мамлакатда спортчи олтин медални қўлга киритса 215 минг евро, кумуш медал учун 125 минг евро, бронза медал учун 62 минг 500 евро мукофот олиши кўзда тутилган.

Иккинчи ўриндаги Италияда олтин медалнинг «нархи» 150 минг евро, кумуш медал учун 75 минг, бронза медални қўлга киритган спортчига 50 минг евро мукофот тақдим этилади.

Кучли учликка кирган Латвияда ҳукумат 142 минг 300 еврони олтин, 85 минг 500 еврони кумуш медални қўлга киритган спортчи учун ажратган. Қизиғи шундаки, Латвияда учинчи ўринни оладиган спортчилар ҳеч қандай мукофотга лойиқ кўрилмаган.

Кучли ўнликдан собиқ СССРнинг нақд бешта давлати ўрин олгани кўпчиликни ажаблантиргани йўқ. Зеро, олдинги олимпиада баҳсларида ҳам шунга ўхшаш ҳолатлар кузатилган. Масалан, «Рио-2016»да ғолиб чиққан спортчиларини энг кўп мукофот билан сийлаган мамлакат Озарбайжон бўлган эди.

Агентлик маълумотларида Қозоғистон ва Латвиядан ташқари, Беларус, Украина ва Россия ҳам энг кўп мукофот тақдим этувчи давлатлар қаторида тилга олинган.

Буюк Британия, Норвегия ва Швеция ҳукумати мамлакат шарафини ҳимоя қилаётган спортчилар учун ҳеч қандай мукофот эълон қилишмаган. Бироқ Норвегия ва Швеция спортчилари миллий федерация ва ҳомийлар томонидан мукофотланиши белгиланган.

«Олимпиада-2018»нинг медалларини қўлга киритган Жанубий Корея ва Болгария спортчилари бир умрлик таъминотга эга бўладилар.

Эслатиб ўтамиз, феврал ойи бошларида Ўзбекистон миллий олимпия қўмитасида қишки олимпиадада иштирок этувчи спортчиларимизни Кореяга кузатиш маросими ўтказилиб, уларга бериладиган мукофот миқдори ҳам эълон қилинган эди. Ўшанда Кореядаги олимпиадада медалларни қўлга киритган спортчилар худди ёзги олимпия ўйинларида бўлгани каби пул мукофоти билан тақдирланиши айтиб ўтилган. Маълумот учун, «Рио-2016»да чемпион бўлган спортчиларимиз 200000, кумуш медал соҳиблари 100000, бронза медал совриндорлари эса 75000 АҚШ доллари миқдорида пул мукофоти ва «Малибу» автомобилига лойиқ кўрилган.

Дарвоқе, Пхёнчхан олимпиадасида иштирок этган икки спортчимиз – Миша Ге (фигурали учиш) ва Комил Тўхтаевга (тоғ чанғиси) совриндорлар қаторидан жой олиш насиб этмади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг