Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

ЕЧЛ. Роналдунинг фантастик голи, Ҳайнкеснинг рекорди. Кечаги ўйинлар шарҳи (видео)

ЕЧЛ. Роналдунинг фантастик голи, Ҳайнкеснинг рекорди. Кечаги ўйинлар шарҳи (видео)

Фото: «realmadrid»

Сешанба оқшомида Европа чемпионлар лигасининг чорак финали доирасида «Реал» — «Ювентус» ҳамда «Севилья» — «Бавария» ўртасидаги тўқнашувда ўйинлар бўлиб ўтди.

«Ювентус» ҳар доим плей-офф баҳсларида «Реал»га муаммолар туғдириб келган. Шу сабабли бу сафар ҳам кескин қаршилик юзага келиши кутилган эди. Аммо мадридликлар дастлабки ўйиндаёқ ярим финал босқичи тақдирини деярли ҳал қилиб қўйди.

Баҳснинг 3-дақиқасида Криштиану Роналду ҳисобни очиб, майдон эгаларини қийин аҳволга туширди. Чап қанотда Марсело рақибини осонгина доғда қолдириб, Искони олдинга бошлади ва испаниялик футболчи жарима майдончасига тўпни узатди. Жой танлашни ҳаммадан кўра яхшироқ уддалайдиган Роналду керакли пайтда керакли жойда пайдо бўлди ва тўпни дарвозага жойлаб қўйди.

Шундан сўнг ўйин бироз тенглашгандек эди. Аммо туринлик футболчиларда асабийлашиш сезилган бўлса, Зидан шогирдлари вазиятни хотиржам бошқардилар.

Иккинчи бўлимда «Ювентус» яна ҳужумга зўр берди. «Реал» эса ишончли ҳимояланишда давом этиб, рақибга қулай имконият ҳосил қилишига йўл бермади. Майдон эгаларининг ҳужумларидан самара чиқавермагач, жамоа яна асабийлашишни бошлади ва бу кетма-кет хатоларни юзага келтирди. Дастлаб, ҳимоячи Келлини қўпол хатога йўл қўйиб, Роналдунинг тўпга эгалик қилишига сабабчи бўлди. Роналду тўпни Васкесга узатди, унинг кучли зарбани Буффон қайтарди, аммо қайтган тўп тўғри Карвахалга бориб тушди. Қанот ҳимоячисининг жарима майдони марказига узатган пасидан кейин Криштиану акробатик тарзда зарба бериб, фантастик гол муаллифи бўлди. Бу гол ушбу мавсумнинг ҳақиқий безагига айланди. Ҳатто туринлик мухлислар ҳам бу гол учун Роналдуни олқишлашди. Футболда камдан-кам юз берадиган манзара.

Бу ҳам етмаганидек, орадан 2 дақиқа ўтиб Дибала иккинчи сариқ карточка «ишлаб» олди ва майдондан четлатилди.

Учрашувнинг 72-дақиқасида Зидан шогирдлари  чиройли комбинацияси билан «Ювентус» ҳимоясини «чилпарчин» қилди. Марсело бу ҳужумга ва умуман ўйинга нуқта қўйди.

Ювентус (Италия) – Реал Мадрид (Испания) 0:3 (0:1)

Голлар: 0:1 – 3 Роналду, 0:2 – 64 Роналду, 0:3 – 72 Марсело.

Ювентус – Буффон, Бардзальи, Алекс Сандро, Де Шильо, Келлини, Дуглас Коста (Матюиди, 69), Бентанкур, Хедира (Куадрадо, 75), Асамоа (Манджукич, 69), Дибала, Игуаин.

Реал Мадрид – Навас, Варан, Марсело, Карвахаль, Рамос, Модрич (Ковачич, 82), Каземиро, Иско (Асенсио, 75), Кроос, Бензема (Васкес, 59), Роналду.

Огоҳлантиришлар: Бентанкур (26), Дибала (45), Рамос (55), Ковачич (88).

Четлатиш: Дибала (66).


Европа чемпионлар лигасининг чорак финалидаги иккинчи тўқнашувда ҳам жуфтлик тақдири деярли ҳал бўлди. Бу баҳсда «Севилья» немис грандига муносиб қаршилик кўрсатган бўлса-да, кейинги босқичга чиқиш масаласи жуда оғирлашди. Майдон эгалари баҳсни яхши бошлади ва ҳисобни биринчи бўлиб очишга ҳам эришди.

Учрашувнинг 32-дақиқасида Эскудеро чап қанотдан оширган узатмасини ҳимоячилардан қочиб кетган Сарабия голга айлантирди. Бироқ «Бавария» тезда вазиятни тенглаштирди. Риберининг йўллаган зарбаси Хесус Наваснинг оёғига тегиб, йўналишни ўзгартирди ва дарвоза тўрига бориб тушди.

Иккинчи бўлим ҳам деярли тенг курашдлар остида ўтди. Бироқ яратилган имкониятлардан гол уришни фақат «Бавария» уддалади. Алькантара гол муаллифига айланди.

Мюнхенликларнинг сафардаги ғалабаси уларнинг имкониятларини ошириб юборди. Энди Жавоб 12 апрель куни «Альянц Арена»да бўлиб ўтадиган баҳсда «Севилья»га осон бўлмаслиги аниқ.

Дарвоқе, ушбу ғалабадан сўнг мюнхенликлар бош мураббийи Юпп Ҳайнкес чемпионлар лигаси тарихида қаторасига 12 та ғалабага эришган биринчи мураббий бўлди.

Севилья (Испания) – Бавария (Германия) 1:2 (1:1)

Голлар: 1:0 – 32 Сарабия, 1:1 – 37, автогол Навас, 1:2 – 68 Алькантара.

Севилья – Сория, Лангле, Кьер, Эскудеро, Навас, Писарро, Нзонзи, Васкес, Сарабия, Корреа (Сандро Рамирес, 78), Бен-Йеддер (Муриэль, 80).

Бавария – Ульрайх, Боатенг, Хуммельс, Бернат (Рафинья, 46), Мартинес, Видаль (Хамес, 36), Киммих, Алькантара, Рибери (Роббен, 79), Мюллер, Левандовски.

Огоҳлантиришлар: Рибери (13), Корреа (15), Бернат (34), Мюллер (85), Писарро (90).

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг