Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Журналист ва блогерлар ўртасида илк марта ҳарбийлашган мусобақа ўтказилади

Журналист ва блогерлар ўртасида илк марта ҳарбийлашган мусобақа ўтказилади

Марказий ҳарбий округи қўмондонлиги ташаббуси билан 17-июль куни Жиззах вилоятидаги «Фориш» тоғ полигонида интернет нашрларида ҳамда мустақил фаолият юритаётган журналистлар ва блогерлар ўртасида ҳарбийлашган мусобақа бўлиб ўтади. Бу ҳақда Марказий ҳарбий округ матбуот хизмати Xabar.uz порталига маълум қилди.

Мудофаа вазирлиги миқёсида биринчи марта ўтказилаётган ушбу мусобақа шартларига кўра, журналист ва блогерлар полигонда ўқ отиш машқларини бажариб, ҳар бири пистолет ҳамда автоматдан мерганлик қобилиятини синовдан ўтказишади. Шу билан бирга, мусобақа иштирокчилари жанговар техникалардаги экипаж таркибида 10 кмга ҳаракатланиш, куннинг иккинчи ярмида ахлоқий-руҳий тўсиқлар йўлагидан ўтиш каби вазифаларни бажаради.

Шунингдек, асосий тадбирлар режасига,концерт дастури, ҳарбий оркестр ва қўл жанги чиқишлари ҳамда тақдирлаш маросими ўтказилиши киритилган.

Танлов якунида Марказий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони полковник Ойбек Саидов билан давра суҳбати ўтказилиб, отиш тайёргарлигидан энг юқори натижа кўрсатган бир нафар журналист ва блогерга қўмондоннинг махсус совғаси топширилади.

Мусобақанинг барча иштирокчиларига эсдалик учун ҳарбий анжомлар берилади.
Танлов бир кун эрталабки соат 09.00дан 21.00га қадар бўлиб ўтади. Журналист ва блогерларни пойтахтдан келиб-кетиши учун техника ажратилади.

Маълумот ўрнида, Марказий ҳарбий округи Президентимиз ташаббуси билан 2017 йилда ташкил этилган бўлиб, унинг таркибий бўлинмалари Жиззах, Самарқанд ҳамда Навоий вилоятларида жойлашган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг