Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Нима учун Ўзбекистон миллий терма жамоаси ўйинлари вилоятларда ўтказилмайди?

Нима учун Ўзбекистон миллий терма жамоаси ўйинлари вилоятларда ўтказилмайди?

Фото: Sputnik / Ramiz Baxtiyarov

Мухлислардан бир савол кўп келиб тушади: «Нима учун Ўзбекистон миллий терма жамоаси ўйинлари вилоятларда ўтказилмайди? Ахир кўпинча ярим бўш турадиган «Миллий» стадиондан кўра Самарқанд, Наманган ёки Қаршида ўтказиладиган ўйинларга кўпроқ мухлис тушган бўларди-ку!»

Ўзбекистон профессионал футбол лигаси директори ўринбосари Диёр Имомхўжаев ушбу саволга жавоб бериб ўтди.

«Айни вақтга келиб «Насаф», «Навбаҳор» ва «Андижон» клублари стадионларида миллий терма иштирокидаги ўйинларни ташкил қилиш мумкин. Аммо Қарши, Наманган ёки Андижонда 5 юлдузли отеллар етарлими, деган савол келиб чиқади. Ўзбекистон билан ўйнаш учун ташриф буюраётган ҳар қандай мамлакатнинг бош жамоасига фақат ва фақат 5 юлдузли меҳмонхона талаб этилади.

Шунингдек, бизда транспорт тизимида ҳам муаммолар бор. Масалан, водийга бирор футбол клубини автобусда олиб боришнинг иложи йўқ (Қамчиқ довони масаласи). Авиарейслар эса энди-энди кўпаймоқда, бироқ етарли даражада эмас. Оддий мисол, Берлин футбол академияси тарбияланувчиларини водийга олиб боришнинг энг мақбул варианти поезд ёки самолёт эмас, минивен бўлиб чиқди. Чунки жамоани Тошкент халқаро аэропортига етиб келиши билан, шу ернинг ўзидан Андижон ёки Наманганга самолётда йўналтириб юборишнинг иложи йўқ. Улар аввал Тошкентга кириб, бирор отелдан қўним топиб, кейинги рейсни кутишлари керак. Бу ҳам ортиқча харажат, ҳам вақт талаб этади.

Вилоятдан туриб Тошкентга етиб келиш эса нисбатан осон. Қолаверса, мамлакатда бош стадион бор — «Миллий» стадион. Англияда ҳам терма жамоа асосан «Уэмбли»да ўйнашидан хабардорсиз. Германия ёки Японияда яхши стадионлар ҳар нуқтада бор. Қўшимчасига, транспорт ва отеллар масаласида ҳам муаммолар йўқ. Шундан келиб чиқиб, миллий терма ўйинларини исталган шаҳарда ўтказишнинг имкони бор.

Ва яна бир сабаб. Тошкентга келаётган терма жамоаларнинг ҳам талаби бўлади. Улар ўз режаларидан келиб чиқиб, ички рейсларни ортиқча деб топишлари мумкин. Яъни, тўғридан-тўғри ўйин бўладиган эҳтимолий Самарқанд, Бухоро ёки водийнинг бирор шаҳрига бориш, Тошкентга келиб, яна қайта учишдан кўра афзалроқ кўрилади. Сир эмаски, спортчилар узоқ парвозларни ёқтирмайди, бу ҳолат уларнинг тикланиб олиш вақтига ҳам таъсир кўрсатади».

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг