Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Қишки олимпиада ажойиботлари: Шамонидан – Сочигача!

Қишки олимпиада ажойиботлари: Шамонидан – Сочигача!

1976 йилги қишки олимпиада тимсоллари

Фото: «East News»

Қишки олимпиада ўйинлари ҳар тўрт йилда бир марта ўтказиладиган энг катта қишки мусобақа ҳисобланади.

1901 — 1926-йиллар мобайнида асосан Швеция пойтахти Стокҳолмда ўтказилган «Шимолий Европа ўйинлари»ни том маънода қишки олимпиаданинг ўтмишдоши дейиш мумкин. Асосан Скандинавия мамлакатлари спортчилари иштирок этган «Шимолий Европа ўйинлари» кейинчалик қишки олимпия ўйинларининг вужудга келишига замин яратган.

1924

Илк қишки олимпия ўйинлари Франциянинг Алп тоғи этагидаги Шамони шаҳрида 1924 йилда ташкил этилган. Унинг дастурига 6 та спорт тури – чанғида учиш, биатлон, конкида югуриш, бобслей, фигурали учиш ва шайбали хоккей киритилган.

Дастлабки олтин медал конкида югуриш мусобақасида ғолиб чиққан америкалик Чарли Жутроуга топширилган. Шубҳасиз, 1924 йилги олимпиаданинг асосий қаҳрамони фигурали учиш мусобақасида қатнашган ўн икки ёшли Соня Хенидир. Дарвоқе, у фигурали учиш мусобақасида қизлар ўртасида яккалик баҳсларида уч карра олимпиада чемпиони бўлган ягона спортчи саналади.

1928

1928 йилги олимпиадада об-ҳавонинг ўзгариши айниқса чанғичиларга ёмон таъсир қилди. Гап шундаки, 50 километрлик масофага чанғида учиш баҳслари давомида ҳарорат 0 даражадан бошланиб, 25 даражагача кўтарилади. Натижада баъзи спортчилар финишга етиб боришга улгуришмади.

Адольф Гитлер қишки олимпиада ўйинларида. 1936 йил.
Фото: «East News»

1936

Шахсан Адольф Ҳитлер очиб берган 1936 йилги олимпиада ўйинларида биринчи марта «Олимпия олови» ёқилган. Ўйинлардан кейин олимпия шаҳарчасидаги иншоотлардан 1-тоғўқчи дивизияси «Эделвейс»нинг шахсий таркибини тайёрлаш маскани сифатида фойдаланилган.

Мавзудан ташқари маълумот: мазкур дивизияга Германия ва Австриянинг тоғли ўлкалари аҳолиси орасидан 24 ёшдан кичик бўлмаган йигитлар саралаб олинган. Қорли об-ҳавода жангга киришга мўлжалланган ҳарбий қисм 2-жаҳон уруши даврида собиқ СССР ҳудудигача кириб келган.

 1940

1940 йилдаги олимпиада баҳслари илк бор Осиё қитъасида, Японияда ўтказилиши лозим эди. Бироқ япон-хитой урушининг бошланиб кетиши натижасида ўйинларни бошқа жойга кўчиришга келишилади. Аммо Иккинчи жаҳон уруши барча режаларни чиппакка чиқаради.

1952

Осло – олимпиада баҳсларига мезбонлик қилган ягона пойтахт шаҳар. Мазкур олимпиадада илк бор олимпия олови эстафетаси уюштирилган, бугунги кунда бундай маросим мусобақанинг ажралмас қисмига айланган.

1976

АҚШнинг Денвер шаҳрида бўлиб ўтиши лозим бўлган XII олимпия ўйинлари иқтисодий муаммолар туфайди Австриянинг Инсбрук шаҳрига кўчирилди. Мазкур олимпиадада мусобақа тарихидаги илк тумор – қор бола намойиш этилди.

1980

1980 йилдаги Лейк-Плэсиддаги (АҚШ) олимпиада иншоотлари қурилиши якунига етмай қолгач, ташкилотчилар иштирокчиларни маҳаллий болалар қамоқхонаси биносига жойлаштиришади. Тўғри, қамоқхона янги қурилганлиги сабабли ҳали жиноятчилар қадами етмаган эди. Бироқ икки қаватли ётоқ жойлар, деразасиз хоналар ва улкан миноралардаги қурол кўтарган соқчилар спортчилар учун ноқулайлик туғдиргани бор гап.  Бу мусобақада ташкилотчилар илк бор сунъий қордан фойдаланишган.

1988

Калгарида (Канада) бўлиб ўтган олимпиада ямайкалик бобслейчиларнинг антиқа пойгаси билан ёдда қолган. Уларнинг махсус чанаси (боб) эҳтиётсизлик оқибатида йўлакдан чиқиб кетган. Томошабинлар пиёда қайтаётган спортчиларни олқишлар билан кутиб олишган.

Қишки олимпиада очилиши. 1988 йил.
Фото: «East News»

Мазкур олимпиада чекишга қарши кураш мусобақаси сифатида ҳам тилга тушган. Мусобақа давомида ҳатто томошабинларга ҳам чекиш тақиқланган. Яна бир янгилик: Канададаги баҳсларда илк бор сунъий муз ҳосил қилинган.

 1994

Норвегиянинг Лиллехаммер шаҳридаги ўйинлар тинчлик ўйинлари деб ҳам аталади. Гап шундаки, мусобақалар бошланиши арафасида Сараево шаҳрида давом этаётган фуқаролар уруши Халқаро олимпия қўмитаси раҳбари Хуан Антонио Самаранчнинг даъвати билан вақтинча тўхтатиб турилган эди.

Ушбу олимпиадада Ўзбекистон илк бор мустақил жамоа сифатида қатнашиб, ҳозиргача ягона бўлган медални қўлга киритган.

Қишки олимпиада ёпилиш маросими. 1994 йил
Фото: «East News»

XVII олимпиада рамзлари сифатида илк бор инсонлар – норвегиялик афсонавий ака-сингиллар – Хокон ва Кристин танланган.

 2002

Солт-Лейк-Ситидаги олимпиаданинг шорт-трек баҳсида сенсация қайд этилди. Бошқа спортчиларнинг оммавий йиқилиши натижасида австралиялик Стив Бредбери олтин медални қўлга киритди. Унинг ғалабаси ўз мамлакатида катта қувонч билан кутиб олинди ва унинг шарафига почта маркаси чоп этилди.

Сиёсий, можароли олимпиада сифатида тарихда қолган олимпия ўйинларида фигурали учишнинг жуфтлик  баҳсларида олтин медаллар бирваракайига 4 та спортчига тақдим этилди. Ҳакамлар баҳосига кўра ғолиб деб топилган россиялик жуфтлик Антон Сихарулидзе ва Елена Бережна билан бир қаторда канадалик жуфтликлар ҳам юқори пробали медалларни қабул қилиб олишди.

 2010

Канаданинг Ванкувер шаҳридаги ўйинлардан олдинги марафон энг узоқ давом этган марафон сифатида тарихга кирди. 106 кун давом этган «маросим»да 12 мингдан зиёд иштирокчи 200 дан ортиқ аҳоли пункти орқали 45 минг километр масофани босиб ўтди.

Олимпия ўйинлари бошланишидан олдин бахтсиз ҳодиса рўй беради. Грузия спортчиси Нодар Кумариташвилининг машғулот вақтида вафот этиши терма жамоанинг очилиш маросимида мотам боғичлари билан чиқишига сабаб бўлди. Олимпия мадҳиясидан кейин спортчи шарафига бир дақиқалик сукут сақланди.

2014

Сочи олимпиадасининг медаллари мусобақа тарихидаги энг каттаси ҳисобланади. Уларнинг диаметри 10 см, қалинлиги 1 см. Барча медалларни тайёрлаш учун нақд 3 кг олтин, 2 тонна кумуш ва 700 кг бронза ишлатилган.

Сочи олимпиадаси объектлари. 2014 йил
Фото: «East News»

Сочидаги олимпия иншоотлари қулайлиги билан кўпчиликка ёқиб тушди. Чунки бир объектдан иккинчисига бориш учун бир неча дақиқа кифоя қилар эди. Ҳатто тоғли ҳудудлардаги спорт мажмуаларидан дарё бўйидаги иншоотларга узоғи билан 30 дақиқада бориш мумкин эди. Шунингдек, ушбу олимпиада иншоотлари учун рекорд даражадаги маблағ сарфланди. Маълумотларга кўра, мусобақа ўтказиш мажмуаларининг қурилиши ва ташкилотчилик ишлари учун тахминан 40 млрд доллар сарфланган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг