Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Ривалдо қандай қилиб «Бунёдкор»да пайдо бўлганини сўзлаб берди

Ривалдо қандай қилиб «Бунёдкор»да пайдо бўлганини сўзлаб берди

Фото: Yvision.kz

«Uff.uz» сайтида бразилиялик афсонавий футболчи, бир пайтлар Тошкентнинг «Бунёдкор» клубида тўп суриб кетган Ривалдонинг ўзбекистонликлар ҳақида билдирган фикрлари эълон қилинди.

Айтилишича, суҳбатни португалиялик журналистлар томонидан ташкил этилган, лекин, унда Ривалдо 2008-2010 йилги фаолиятига ҳам тўхталган.

«Мен Афина шаҳрида АЕК клуби шаънини ҳимоя қилиб юрган кезларим... Кутилмаганда, Ўрта Осиёдан бир таклиф келиб тушди. Унгача менда Туркиядан, Россия ва БАА чемпионатларидан бир қатор катта ва кичик таклифлар ҳам бор эди. Мен уларни ўрганаётгандим.

Негадир, Ўзбекистондан келган таклиф юрагимни жизиллатди. Тўғри, менга яхши пул ваъда беришди. Аммо, бу ерда гап пулда ҳам эмасди. Менга авваллари умуман бўлмаган юртда тўп суриш ёқиб қолди ва уни чақирув деб қабул қилдим. Қуёшли Ўзбекистонга, меҳмондўст Тошкентга боргач, қарорим тўғри бўлганига иқрор бўлдим.

Тошкент ва умуман Ўзбекистон — бу алоҳида мавзу ҳисобланади. Уни икки оғиз гаплар билан тўлиқлигича ифодалаб бериш қийин. Мен бу юртда кўплаб дўстлар орттирдим, футболчилик фаолиятимни ҳам кўнгилдагидек ўтказа олдим.

Ўзбек таомларини гапирмасангиз ҳам бўлади. Ўзбеклар ҳам худди турклар каби гўштни кўп истеъмол қилишади. Лекин, уларнинг паловини бошқа жойда учратмайсиз. Унинг таъми ҳалиям оғзимда қолган. Ҳар бир вилояти хос яраша палов қилади ва мазаси ҳам бир-биридан қолишмайди.

Мен тўп сурган «Бунёдкор» клуби ёш бўлишига қарамасдан мақсадлари олий эди. Осиёда ҳам ўз ўрнига эга бўлаётганди. Афсуски, ҳозир клубдаги вазият билан таниш эмасман.

Йиллар ўтиб, фаолиятимга назар ташлайдиган бўлсам, шубҳасиз Ўзбекистонда ўтган йилларимни табассум билан эслаб юраман. Қўлини кўксига қўйиб сўрашадиган халқини эса, унутмайман», — Ривалдонинг сўзларидан иқтибос келтиради «Uff.uz».

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг