Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Шахмат бўйича жаҳон чемпионлари Тошкентда тантанали кутиб олинди

Шахмат бўйича жаҳон чемпионлари Тошкентда тантанали кутиб олинди

Фото: Миллий олимпия қўмитаси ахборот хизмати

Беларусь пойтахти Минск шаҳрида бўлиб ўтган шахматнинг блиц ва рапид йўналишида ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида ўзбекистонлик ёш шахматчилар 9 та медални қўлга киритиб, умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни эгаллади.

Бугун ана шу нуфузли мусобақада муваффақиятли иштирок этган ёш ақл-идрок соҳиблари пойтахтимизга етиб келишди. Шахматчиларимизни Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида Жасур Матчанов бошчилигидаги Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси мутасаддилари, мамлакат шахмат федерацияси ходимлари, спортчиларнинг ота-оналари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари кутиб олишди.

Фото: Миллий олимпия қўмитаси ахборот хизмати

Эслатиб ўтамиз, ўсмирлар ўртасидаги II жаҳон чемпионатида ҳамюртларимиз рапид йўналишида 2 та олтин (Ҳумоюн Бегмуротов, Умида Омонова), 2 та кумуш (Афрўза Ҳамдамова, Олмос Раҳматуллаев), блиц беллашувларида эса 3 та олтин (Ҳумоюн Бегмуротов, Афрўза Ҳамдамова, Умида Омонова) ҳамда 2та кумуш (Руқия Олимова, Шаҳромбек Каримов) медалларини қўлга киритишганди.

«Мусобақа биз учун жуда яхши ўтди. У ерда турли мамлакат вакилларига қарши ўйнадим ва уларни мағлубиятга учратиб, олтин медални қўлга киритдим. Жаҳон чемпиони бўлиб, шоҳсупага кўтарилганимдан жуда хурсандман. Шахматчилардан норвегиялик Магнус Карлсенга ҳавас қиламан, унинг мухлисиман. Келажакда дунёнинг энг ёш гроссмейстери бўлмоқчиман, ундан ташқари катталар ўртасида жаҳон чемпиони бўлишни орзу қиламан», – деди рапид ва блиц йўналишидаги жаҳон чемпиони Ҳумоюн Бегмуротов.

Фото: Миллий олимпия қўмитаси ахборот хизмати

«Жаҳон чемпионати менга жуда ёқди. Рақибларимнинг барчасини мағлубиятга учратиб, жаҳон чемпиони бўла олдим. Минск жуда чиройли шаҳар экан. Беллашувларда кучли рақиблар кўп бўлди, аммо биз улардан кучли эканлигимизни намойиш этиб, умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни қўлга киритдик. Бундан жуда хурсандмиз. Энди Испанияда ташкил қилинадиган анъанавий шахмат бўйича жаҳон чемпионатида қатнашамиз, у ердан ҳам чемпион бўлиб қайтмоқчимиз», – деди жаҳон биринчилиги ғолиби Афрўза Ҳамдамова.

Фото: Миллий олимпия қўмитаси ахборот хизмати
Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг