Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Элдор Шомуродов — «Машъал», «Ростов», Ривалдо ҳақида катта интервью

Элдор Шомуродов — «Машъал», «Ростов», Ривалдо ҳақида катта интервью

Ўзбекистон миллий жамоаси ва Россиянинг «Ростов» клуби ҳужумчиси Элдор Шомуродов «Sport.24» сайти учун интервью берди.

Мухлислар «Ростов»ни ҳимоявий футбол учун танқид қиладилар, аммо жамоа ҳужумида дарҳақиқат рақобат жуда кучли. Масалан, Норвегия ва Исроил чемпионатида тўпурар бўлган исландиялик Видар Кьяртанссон Швеция чемпионатига қайтиб кетишга мажбур бўлди.

Элдор Шомуродов эса Ўзбекистон миллий жамоаси билан Осиё Кубогида ажойиб ўйин намойиш қилди. У тўрт ўйинда тўртта гол уришга муваффақ бўлди. Шундан сўнг  «Ростов«га қаҳрамон сифатида қайтди ва «Рубин»га қарши кечган ўйинда Еременкога ажойиб голли узатмани амалга оширди. Даҳоларча...

«Sport.24» мухбири Данила Игнатов Шомуродов билан учрашгач, қуйидаги мавзуларда суҳбатга тортди.

 

- Нима учун уни Мессига ўхшатишади?

- Жозе Моуриньо билан қаерда учрашди?

- Карпин қанақа мураббий?

- Ривалдо «Бунёдкор»да ўйнаганда қандай қилиб майдонга етаклаб тушган?

 

— Ўзбекистон терма жамоаси учун нимчорак финал яхши натижами?

— Биз яна-да узоқроққа боришимиз керак эди, бунинг учун барча имконият бор эди. Ўзбекистон миллий жамоасида яхши таркиб шаклланган, аммо омад етишмади. Гуруҳдан ишонч билан чиқдик, Австралияга қарши чиройли ўйин намойиш қилдик. Пеналтилар сериясидаги мағлубият эса лотореядаги омадсизлик билан тенг.

Австралия жуда кучли жамоа. Аммо енгиб бўлмас жамоанинг ўзи йўқ. Ўзбекистон миллий жамоаси ҳали Австралияни енга олмади, биламан, аммо ҳамма нарсанинг охири бўлади.

— Осиё Кубогида тўрт ўйинда тўртта гол урдингиз...

— Бу яхши, аммо биринчи навбатда барибир натижа туради. Агар гол ура олмасам ҳам миллий жамоамиз узоқроққа борганда, фақат хурсанд бўлардим.

— Японияга урган голингиз — замбаракнинг ўқидек!

— Ўйин вақтида қандайдир қаҳрамонлик қилдим, деб ўйлаганим ҳам йўқ. Шунчаки тўпни менга етказиб беришди: олдинда икки ҳимоячи бор эди, бизникилардан эса ҳеч ким йўқ. Агар бирор жамоадошим бўлганда, тўпни унга узатган бўлардим. Ҳеч ким бўлмагани учун ҳужумни ўзим якунлашимга тўғри келди.

Тўп ўнг оёғим остида эди. Зарба йўлласам ҳимоячи тўсиб қолишини тушундим ва тўпни чапга олдим. Шу вақт дарвозабон жойини ташлаб чиққанини кўриб қолдим ва ўнг оёғимни ташқи томони билан зарба йўллашга қарор қилдим. Чап оёқда тепишга жуда ноқулай вазият эди.

— Австралияга қарши кечган ўйинда ўрнингизга Марат Бикмаев тушди ва пеналтидан ҳал қилувчи голни ура олмади. Россияда Федор Смолов шунга ўхшаган вазиятда антиқаҳрамонга айланган эди.

— Бундай масъулиятли вақтда гол ура олмасанг мухлислар жуда салбий муносабатда бўлади. Бу табиий. Аммо Маратнинг ҳеч қандай айби йўқ. У ўйиндан сўнг жуда қаттиқ сиқилди. Бутун жамоа билан унга далда бердик ва ҳамон далда бериб келмоқдамиз. Чунки ҳеч қандай даҳшатли нарса содир бўлгани йўқ.

— Австралия ва Япония  — ҳар доим Осиёда фаворит. Нима учун Қатар чемпион бўлди?

— Ўзим учун ҳам уларнинг чемпионлиги кутилмаган совға бўлди. Биз Қатар миллий жамоаси билан ЖЧ-2018 саралашида икки марта тўқнаш келганмиз ва Осиё Кубоги олдидан ҳам бир марта ўйнаганмиз. Барча ўйинларда ғалаба қозонганмиз — 1:0, 1:0 ва 2:0. Ўшанда ҳам Қатарнинг ўйини ёмон эмас эди. Аммо нимадир етишмаётгани кўриниб турарди. Ҳозир уларда испаниялик мураббий бор,  у вақтида «Барселона»ни бошқарган. Яна Осиё Кубогида омад ҳам келди.

— Ўзбекистон миллий жамоасини эса Эктор Купер бошқармоқда. Нима ўзгарди?

— Ҳамма нарса, аммо энг муҳими — у биз билан жуда кўп суҳбатлашади. Купер — мотиватор. Ҳар доим бор куч билан ўйнашни талаб қилади ва Осиё Кубоги вақтида: «сиз бу кубокни юта оласиз!» дерди. Мақсадимиз ҳам шу эди.

Эктор Купернинг ёрдамчилари жуда кўп, аммо барча машғулотларни унинг ўзи олиб боради. У ҳимоячи бўлган, шунинг учун Осиё Кубоги олдидан ҳимояга кўп эътибор бердик. Бироқ Ўзбекистон миллий жамоаси ҳар доим ҳимояда ўйнайди, деб айтмаган бўлардим. Қанот ҳимоячилари ҳужумга қўшилади. Купер ҳам Осиё Кубогига ҳимояда ўтириш учун келмаганимизни кўп айтарди.

— Осиё Кубоги гуруҳ босқичидан сўнг сиз билан дарвозабон Игнатий Нестеровнинг каррикатурасини ҳатто Омар Момани чизди.

— Менимча ўхшата олди, шекилли. Дарвоқе, Нестеровни «Осиё Буффони», деб аташади. У қитъанинг энг яхши дарвозабонларидан бири ва яқинда Саудия Арабистон чемпионатига йўл олди.

— Демак Ўзбекистон миллий жамоасида ҳам Месси, ҳам Буффон бор эканда?

— Ах-ха-ха, билмадим, билмадим... Менга «Месси« деган лақаб беришганини «Ростов«га ўтганимдаёқ эшитган эдим. Аммо Мессига умуман ўхшамасам керак. Болалигимда «Ливерпул»даги Фернандо Торреснинг ўйинларини ёқтирардим, кейин Дидье Дрогбани ҳам.

— Жозе Моуриньочи? Уни қаердан топиб олдингиз?

— Осиё Кубогидан сўнг «Ростов»га қайтганимдан сўнг «Локомотив»га қарши 69 дақиқа ўйнадим ва мураббийлар штаби менга кичик таътил берди. Тасодифан Жозе Моуриньо билан учрашиб қолдим, у хоккей тадбири учун Москвага келган экан. У менинг агентим Герман Ткаченко билан таниш эканини билмаган эдим. Агентим билан учрашиш учун ресторанга келгандим, у ерда эса Моуриньо бор экан! Унда ҳали Балашихадаги музга йиқилмаган эди.

Моуриньони дунёнинг энг кучли мураббийларидан бири, деб биламан. Балки бунга «Юнайтед« эмас, «Челси«га мухлислик қилишим сабабдир, ха-ха-ха.

— Қишда «Ростов»дан кетишингиз ҳақида хабарлар пайдо бўлган эди. Дарҳақиқат таклиф бўлганмиди?

— Бу ҳақида фақат интернетда ўқидим, агентим ҳам, «Ростов» ҳам менга ҳеч нарса демади. Клуб билан 2,5 йиллик шартномам бор. Рақобатдан қўрқмайман, шу ерда қолишни ва жамоага муносиб эканимни исботлашни истайман.

«Ростов»га келгунимга қадар Қатардан таклиф борлигини айтишган эди. Аммо Россияни танладим. Кўпчилик пул туфайли Осиё клубларини танлайди. Аммо мен Европада ўсишни истадим. Одил Аҳмедовнинг айтишича, ҳозир Хитойда ҳам футбол яхши ривожланаётган экан. «Шанхай СИПГ» дунёдаги энг яхши академиялардан бирини қурибди.

— Мавсум бошида майдон марказида ўйнаган эдингиз, кейин ўнг қанот ҳимоясида ҳам. Мослашиш қийин бўлдими?

— Бунга қадар чап қанот ҳужумида ўйнаганман ва тажрибам бор эди, аммо бошқача, 4-2-3-1 тактикаси остида. «Ростов»да эса беш ҳимоячи билан ўйнаймиз, шунинг учун қанот футболчисининг функцияси анча фарқ қилади. Кўпроқ югуришга тўғри келади, аммо бу мен учун муаммо эмас.

— Қаерда туғилганингиз ҳақида ҳеч қаердан маълумот топа олмадик.

— Термизда, Ўзбекистон жануби, Сурхондарё вилоятида. Футбол билан ўша ерда шуғуллана бошлаганман, чунки бутун оиламиз футболчилардан иборат. Отам Азамат Шомуродов қуйи лигада ўйнаган, амаким Илхом Шомуродов Ўзбекистон миллий жамоасида ўйнаган, «Насаф» билан ОФК Кубогида, «Бунёдкор» билан эса Ўзбекистон Кубогида ғалаба қозонган. Уларни Ўзбекистонда яхши танишади.

6 ёшимда машғулотга боришни роса хоҳлаганман, аммо олишмаган. Фақат биринчи синфдан футболга қатнай бошладим. Аввалига шунчаки Термиз кўчаларида футбол ўйнаб юрдим, 11 ёшлигимда мени отамнинг дўсти — «Машъал»  клуби селекционери кўриб қолди. У отамни мен ва акамни кўрикка олиб боришга кўндира олди. Биринчи ўйинданоқ мени олиб қолишди.

— Акангизчи?

— Санжар 1991 йилда туғилган. У уйга қайтди ва Термиздаги маҳаллий жамоада ўйнади. Фаолиятини эрта тугатди ва ўқишга кирди. У ҳозир филолог — рус тили ва адабиётини ўрганмоқда.

«Машъал» академиясида аввалига жуда қийин бўлди. Уйни роса соғинардим. Баъзан кетиб қолгим келарди, аммо профессионал футболчи бўлиш осон эмаслигини тушунардим. Менинг омадим келди: ўша вақтда «Машъал» академияси Ўзбекистонда энг яхшиси ҳисобланарди ва кўпчилик битирувчилар терма жамоаларда ўйнаган. Биз шунчаки мактабга бормасдик, қўшимча тарзда рус ва инглиз тилларини ўрганардик, информатика дарсларини ўтганмиз. Яна албатта футбол машғулотлари...

— Якунда мақсадга етдингиз...

— «Машъал» учун бор-йўғи 10 та ўйинда майдонга тушдим. Унда ҳам асосан захирадан. Аммо мени Ўзбекистон ёшлар терма жамоасида ишлаган Сергей Лушчан яхши биларди. У «Бунёдкор»ни бошқара бошлагач, мени ҳам чақириб олди. Унинг шарофати билан Ўзбекистондаги энг кучли клублардан бирига ўтдим.

— Исмоилов «Матч»га берган интервьюсида Ўзбекистон стадионларида шароит оғир эканини гапирганди: сувга занг нуқси уриб кетган, хожатхона масаласи ҳаминқадар. Ҳозир ҳам шундайми?

— Шароит ҳақида билмадим, мен Олий лигада бунақасини кўрмаганман. Аммо майдонлар илгари ҳақиқатан ҳам оғир эди. Аммо ҳозир анча яхшиланиб қолган, худди Россиядагидек: олдин текширувчилар келади ва майса сифатини ўрганади. Яхши бўлмаса, Суперлига ўйинини ўтказишга рухсат йўқ.

— 2000-йиллар охирида «Бунёдкор» сафида Ривалдо ўйнарди. Уни эслайсизми?

— Ривалдо «Машъал»га қарши ўйнаш учун келганда менинг қўлимдан етаклаб майдонга олиб тушган. Ўша вақтда амаким ҳам «Машъал»да ўйнарди. Жуда ёш эдим, мен — болакай учун Ўзбекистон терма жамоасида ўйнайдиган Александр Гейнрих, Анзур Исмоилов ва Игнатий Нестеровлар ҳам юлдуз эди. Ривалдо-ку, умуман даҳшат! Ҳаёлимда худди кеча уларга тўп олиб бериб тургандекман, энди эса ўзим миллий жамоада ўйнаяпман. Ажойиб!

 

 

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг