Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Умид Аҳмаджонов Ўзбекистонни ХОҚ аъзолигига киритмоқчи

Умид Аҳмаджонов Ўзбекистонни ХОҚ аъзолигига киритмоқчи

Фото: МОҚ

Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси президенти Умид Аҳмаджонов Халқаро олимпия қўмитаси раҳбари Томас Бах таклифига кўра Швейцарияга жўнаб кетганди.

Бугун, 3 июль куни Лозаннадаги Халқаро олимпия қўмитаси қароргоҳида Умид Аҳмаджонов Томас Бах билан расмий учрашув ўтказди. Бу ҳақда МОҚ ахборот хизмати хабар берди.

Томонлар бунгача Пхёнчхандаги қишки Олимпия ўйинлари вақтида кўришиб, умумий масалалар юзасидан суҳбат ўтказгандилар. Бугун эса Умид Аҳмаджонов Томас Бах билан илк расмий учрашувини ўтказди. Унда Халқаро Олимпия қўмитаси ҳамда Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси раҳбарлари бир қанча масалаларни муҳокама қилишди.

Умид Аҳмаджонов учрашувда Халқаро олимпия қўмитаси таркибида шу кунгача нафақат Ўзбекистон, балки бутун Марказий Осиёдан мутлақо аъзо бўлмагани, шунинг учун ХОҚ сессиясида минтақамиздан ҳам ўз овози ва сайлаш хуқуқига эга аъзони таркибга киритиш масаласини кўтарди.

Томас Бах эса ўз навбатида ХОҚнинг 2019 йилги умумий йиғилишида Умид Аҳмаджонов номзодини Ижроия қўмитаси аъзолигига тақдим этишга ваъда берди.

Маълумки, Халқаро олимпия қўмитаси томонидан ўтказиладиган спорт мусобақалари FIFA тасарруфидаги турнирлардек кўп эмас. Ташкилот асосан ёзги ва қишки Олимпия ўйинлари, ўсмирлар ўртасидаги Олимпия ўйинларини ўтказади. Умид Аҳмаджонов учрашув давомида Томас Бахга ХОҚ шафелиги остида кечадиган янги мусобақаларни ташкил этиш, бундай нуфузли мусобақага Тошкент шаҳри мезбонлик қилишга тайёр эканлиги борасида таклиф киритди. Халқаро олимпия қўмитаси раҳбари бунга жавобан, 2019 йилги ХОҚнинг маркетинг масалаларига бағишланган йирик анжуманини Тошкентда ўтказиш нияти борлигини маълум қилди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг