Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Умид Аҳмаджонов Япония футбол клуби раҳбари билан учрашди

Умид Аҳмаджонов Япония футбол клуби раҳбари билан учрашди

Фото: Миллий олимпия қўмитаси матбуот хизмати

Бугун 29 ноябрь куни Миллий олимпия қўмитаси президенти, Ўзбекистон футбол ассоциацияси 1-вице-президенти Умид Аҳмаджонов Япониянинг «Ванфоре Кофу» клуби раҳбари, Япония футбол федерацияси аъзоси Казуюки Умино ва «Япония-Ўзбекистон» спорт ва таълим бўйича ассоциацияси раиси, «Пахтакор» ва «Бухоро» клубининг собиқ футболчиси Наоя Шибамура билан учрашув ўтказди.

Япониялик футбол мутасаддиларининг юртимизга ташрифидан асосий мақсад, юртимиздаги иқтидорли ёш футболчиларни Японияга олиб бориш ва уларни япон футболи билан яқиндан таништириш, шунингдек, япониялик футболчиларни Ўзбекистонга олиб келиб, тажриба алмашишдан иборат.

Учрашув давомида Умид Аҳмаджонов Ўзбекистон футбол ассоциацияси бу каби ҳамкорликка тайёр эканини маълум қилди: «Биз Япония футбол федерацияси билан ўзаро меморандум имзолаган ҳолда, яқин алоқаларни ўрнатганмиз. Футбол клубларимиз мутахассислари Японияга сафар уюштириб, у ердаги иш жараёнлари билан яқиндан танишишди. «Жей-лига» тажрибасини ўрганишди.

Япония терма жамоаси нафақат Осиёда, балки бутун жаҳонда ўз ўрнига эга. 2019 йил БААда бўладиган Осиё Кубогида Япония терма жамоаси билан бир гуруҳдан жой олганмиз. Январда бўлиб ўтадиган учрашувда Ўзбекистон — Япония терма жамоалари чиройли ва мазмунли ўйин намойиш қилишади, деб умид қилиб қоламиз.

Ўзаро ёш футболчиларни алмашиб, тажриба ўрганиш масаласига келадиган бўлсак, бу каби ҳамкорликка тайёрмиз. Бу ўзбек футболи учун катта фойда бўлади. Ҳозирда бутун Республика бўйлаб 15та ҳудудий болалар ва ўсмирлар футбол академиялари фаолият юритмоқда. Мазкур академиялар тарбияланувчилари ичидан иқтидорли болаларни Японияга жўнатамиз. Улар Японияга сафар давомида ўзлари учун жуда катта таассурот олишларига ишончим комил», деди Умид Аҳмаджонов.

Фото: Миллий олимпия қўмитаси матбуот хизмати

Ўз ўрнида «Ванфоре Кофу» футбол клуби раҳбари Казуюки Умино Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилиш жуда қизиқарли эканини айтиб ўтар экан, Ўзбекистон терма жамоаларининг сўнгги пайтларда халқаро мусобақаларда қайд этаётган натижаларини юқори баҳолади. Жумладан, шу йил қишда Ўзбекистон олимпия терма жамоаси Осиё чемпионати U-23 мусобақасида Япония устидан 4:0 ҳисобида ғалаба қозонганига алоҳида тўхталди.

Наоя Шибамура эса «Пахтакор» ва «Бухоро» клубларидаги фаолияти орқали ўзбек футболи билан яқиндан таниш эканини, эндиликда икки мамлакат футболи ўртасида яқин алоқалар ўрнатилишига ўз ҳиссасини қўшиш нияти борлигини маълум қилди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг