Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

«Uzbek Tigers» кубалик боксчилардан реванш олди

«Uzbek Tigers» кубалик боксчилардан реванш олди

Фото: «Sports.uz»

Пойтахтимиздаги «Универсал» спорт саройи мезбонлик қилган бокс оқшомида ҳамюртларимиз Кубанинг «Cuba Domadores» вакилларига қарши рингга кўтарилди.

Кубада бўлиб ўтган биринчи тўқнашувда мезбонлар 5:0 ҳисобида ғалаба қозонганди, вакилларимиздан ушбу мағлубият реваншини олиш талаб этиларди. Қолаверса, боксчиларимизнинг шахсий ҳисоб-китоблари ҳам бор эди.

Кескин ўтган жангларда боксчиларимиз ўз рақибларини катта устунликда мағлуб этишди. Умумий ҳисоб – 4:1. Боксчиларимиздан фақатгина Иқболжон Холдоров рақибини енга олмади.

Ўтган йили Гамбургда ўтказилган Жаҳон чемпионатида шубҳали тарзда ғалабани илиб кетган кубалик боксчи бу сафар Тошкентда таслим этилди. 49 кг вазн тоифасида бўлиб ўтган жангда Ҳасанбой Дўсматов реванш олишга муваффақ бўлди.

2016 йилги Рио Олимпиадасида олтин медални қўлга киритган ҳамюртимиз Шаҳобиддин Зоиров бир ярим йиллик танаффусдан сўнг халқаро ареналарда жанг қилишни бошлади. 56 кг вазн тоифасида рингга кўтарилган Зоиров номдор рақиб – Робейси Рамирес билан жанг олиб борди. Шиддатли зарбаларга бой бўлган ушбу баҳсда ўзбекистонлик боксчи Шаҳобиддин Зоиров ғалаба қозонди.

Бокс кечасининг навбатдаги жангида ҳамюртимиз Иқболжон Холдоров кубалик Анди Круз Гомес билан куч синашди. Ўтган йилги Жаҳон чемпионати финалида кубалик боксчига имкониятни бой бериб қўйган Иқболжон Холдоров бу сафар ҳам ғалаба қозонишни уддасидан чиқа олмади ва яна бир мағлуб бўлди.

Тўртинч бўлиб рингга кўтарилган Осиё чемпиони Исроил Мадримов 2016 йилги Рио Олимпиадаси олтин медаль соҳиби Арлен Лопесга қарши рингга кўтарилди. Ўзбекистонлик мухлислари қаршисида кубалик боксчига қарши рингга чиққан Исроил Мадримов ортиқча қийинчиликсиз рақибини мағлуб этди.

Олимпиада ва Жаҳон чемпиони Эрисланди Савонга қарши рингга кўтарилган ҳамюртимиз Санжар Турсунов ўзининг энг яхши жангларидан бирини ўтказди. Жангни фаол бошлаган Турсунов жанг давомида устунликни рақиб жамоа вакилига бериб қўймади ва якунда ғалаба қозонди, деб хабар берди «Sports.uz».

«Uzbek Tigers» 4-1 «Domadores de Cuba»

49 кг: Ҳасанбой Дўсматов 3:0 Жояннис Оскар Аргилагос
56 кг: Шаҳобиддин Зоиров 3:0 Робейси Рамирес
64 кг: Иқболжон Холдоров 1:2 Анди Круз Гомес
75 кг: Исроил Мадримов 3:0 Арлен Лопес
91 кг: Санжар Турсунов 3:0 Эрисланди Савон

Ҳамюртларимиз Жаҳон бокс серияларидаги кейинги жангларини 1 март куни Тошкентда Колумбиянинг «Colombia Heroicos» жамоасига қарши ўтказади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг