Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Абдусаттор Узоқов: «Чиқиндидан пул қилса бўлади»

Абдусаттор Узоқов: «Чиқиндидан пул қилса бўлади»

Фото: «Xabar.uz»

Навбатдаги суҳбатдошимиз ёш тадбиркор, ўз фаолиятини инновацион технологиялардан унумли фойдаланиш ҳисобига кенгайтиришга интилаётган Абдусаттор Узоқов.

— Абдусаттор, тадбиркорликка қўл урибсиз деб эшитдим. Келинг, суҳбатимизни шундан бошласак.

— Ҳа, тадбиркорлик бўйича бир нечта ишни бошлаб қўйдим. Албатта, олийгоҳда олган таҳсилим ёрдамида.  Тошкент давлат аграр университетини тамомлаганман. Мутахассислигим — иқтисодиёт соҳасида фаолият олиб боряпман, қолаверса, гарчи бу соҳада дипломим бўлмаса ҳам, шахсий қизиқишим боис ўзим учун севимли ахборот технологиялари йўналишида изланишлар олиб боряпман. Келинг, яхшиси, ўз лойиҳаларимга тўхталиб, қилган ва қилаётган ишларим ҳақида гапирсам.

— Албатта…

— Илк лойиҳаларимдан бири «Bio ticket» деб номланади. Унинг устида 2014 йилдан буён иш олиб боряпмиз. Бу лойиҳа ягона серверда ишловчи дастур ҳисобланиб, электрон чипталарнинг сўнги авлодидир. Дастуримиз универсал. Демоқчиманки, лойиҳа ҳозирги кунда юртимизда мавжуд онлайн чипта сайтларига рақобатчи эмас, балки мутлақо янгиланган универсал тизим бўлиб, янги авлод технологияси ишлаб чиқилмоқда. Молиявий муаммолар сабаб лойиҳа ҳозирча тўхтаб қолди…

Кейинги лойиҳамиз — «Eko business». Буни бошлаганимизга ҳам бир йилдан ошди. Лойиҳани Тошкент давлат техника университетининг фаол талабалари — Бобур Неъматов, Беҳзод Тўхтамуродов; ИНҲА университети талабаси — Саидакмал  Мажидхўжаев, ТАТУ талабалари — Улуғбек Исматов, Ҳасанбой Маматалиев, Умид Рустамовлар билан бирга ишлаб чиқяпмиз. Мамнун қиладигани, руҳлантирадигани, ташаббусимизни Турин политехника университети тўлиқ қўллаб-қувватлагани бўлди. У ердаги мутахассислар ҳам бизга ёрдам беришяпти. «Eko business» ҳақида қисқача маълумот берадиган бўлсам, у «ақлли шаҳар» лойиҳаси доирасида қўлланилади. Яъни шу ерда яшайдиган аҳоли ташлайдиган чиқиндилари ҳисобига моддий рағбатлантириб борилади. Оддий тушунтирадиган бўлсам, сиз чиқинди ташлайсиз ва «ақлли сават» сиз ташлаган чиқиндига яраша ҳисобингизга пул жойлаб боради. Бу экологик вазият долзарб бўлиб турган бугунги кунда жуда ҳам фойдали ечим деб ўйлайман. Одамлар елим пакетлар, полиэтилен идишлар, «баклашка»ларни дуч келган ерга улоқтирмасдан махсус «ақлли» идишларга ташлашади. Хуллас, лойиҳамиз такомиллашиб, яқин келажакда кенг қамровли фойдаланилса, ҳам атроф-муҳит, ҳам одамларнинг молиявий аҳволи яхшиланишига ҳисса қўшса керак.

Ҳар бир лойиҳани ишлаб чиқишга ўртача 2-3 йил кетади. Чунки биз лойиҳаларни асосий ишларимиздан бўш вақтда бажарамиз.

Абдусаттор Узоқов. Фото: «Xabar.uz»

«Ақлли эгар» лойиҳасини ҳам ишлаб чиққанмиз. Бу от спорти билан шуғулланувчи спортчиларнинг хавфсизлини таъминлашга қаратилган. Оддий тушунтирсам, чавандознинг йиқилиш эҳтимоли юзага келганда эгарнинг узанги қисми ёрдамга келади.

Яъни қандай?

— Спортчи йиқилса унинг оёғи узангида қолиб кетиши ва от уни судраб кетиши мумкин. Бу спортчининг саломатлиги ва ҳаёти учун хавфли. «Ақлли эгар» айни шу хавфни бартараф этади: спортчи йиқилган вазиятда унинг йиқилгани махсус сенсорлар орқали аниқланади ва шу заҳоти узанги узиб юборилади.

— Шу кунгача эришган ютуқларингизга ҳам тўхталсангиз.

— Аслида жуда кўп танловларда иштирок этганман. Уйда бир одамга етадиган диплом ва сертификатларни тўплаб қўйганман.  Аммо уларнинг биронтаси ҳам ўзим ният қилган натижаларни қўлга киритдим дея олишимга етарли эмас деб ўйлайман. Келинг, шу саволни бир неча йилга қолдириб турсак. Қилаётган ишларимиз одамларнинг тилига тушсин, мана бу мен учун ҳақиқий ютуқ бўлади.

— Ҳозирги имкониятлардан унумли фойдала оляпсизми? Қолганлар-чи? Чиндан ҳам ўзи имконият борми? Ёки ҳаммаси қуруқ гап деб ўйлайсизми?

— Нега энди? Имкониятлар бор, албатта. Мисол учун 2018 йилнинг «Фаол тадбиркорлик, инновацсион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили» деб белгиланишининг ўзи бир туртки. Изланганга имкон бор, бундан фойдаланмасликни катта денгизда манзил томон элтадиган шамолни сезиб-билиб, кеманинг елканини очмасликка қиёслайман. Нима дейман: «Лангарни кўтаринг, елканни очинг!..»

Дўстларингизнинг айтишича, сиз жуда муваффақиятли инсон экансиз. Бунинг сири нимада?

— Тўғриси, бундан бехабарман (кулади). Ўзимга айтишмаган. Лекин мен ўзимни ҳали ҳам ўрганувчи — шогирд ҳисоблайман. Устозларим берган билим, кўрсатмалар, йўл-йўриқлар мени доим олдинга ундаган. Келинг, яхшиси, муваффақиятнинг калити бу —ҳаракат дея қолайлик!

Инновацион технология ва фаол тадбиркорлик? Сиз қайси қатламдасиз?

— Агар фоиз ҳисобида қарасак: 90 фоизи — инновацион технология, 10 фоизи — тадбиркорлик. Айтмоқчи, ҳозир илмий мақолалар ва илмий ишлар билан ўта бандман. Шуларни тугатиб олсам фаол тадбиркорга айлансам керак…

— Юртимиздаги сиз ҳавас қиладиган тадбиркорлар кимлар?

Янги лойиҳаларимда «бизнес» сўзи кўп ишлатилати. Яъни мен шу йўлда ўрганувчиман. Шундай экан ўзининг доимий мижозига ва ишончига эга бўлган ҳар бир тадбиркорга ҳавас қиламан.

Китоб ёки интернет? Қайси яхши? Қайсидан кўп фойдаланасиз?

— Тан оламан, бир техник қурилманинг ишлаши ва уни қандай ишлатишни интернетдан ўрганаман. Ким ноодатий лойиҳа қилмоқчи бўлса, китоб жуда ҳам катта аҳамиятга эга. Мисол учун, «От 3Д» графикасини ишлаб чиқишда жамоамизнинг дизайнери ва етакчиларидан бири Ҳасанжон Маматалиев билан бирга бир неча бор ҳақиқий маълумотларга, яъни китобга таянишга мажбур бўлганмиз.

Келажак режаларингиз?

— Жудаям кўп кўп! Тўғриси, юртимни ривожлантириб юбораман дейдиган баландпарвоз гаплардан қочаман. Лекин бу йўлда бор куч–ғайратимни сарфлайман. Имкониятлар бор. Тўғри, ривожланган мамлакатлар сафида эмасмиз. Аммо ривожланаётган мамлакатлар сафидамиз. Тез орада биринчилар сафига киришимизга ишонаман. Лойиҳаларимиз қўллаб-қувватланмоқда, эътибор ва эътироф ҳам бор. Рости-да! Бирор инновацион лойиҳа қилсанг ёки тадбиркорлик билан шуғулланмоқчи бўлсанг ҳамма шароит бор. Фақат бизда қиладиган ишларимизга ишонч, меҳнатга бўлган муҳаббатимиз юқори бўлса бас! Ҳозир танбаллик қилиб, томошабин бўладиган давр эмас. Темирни қизиғида босиб қолиш керак!

— Очиқ ва самимий суҳбатингиз учун сизга ташаккур!

— Меҳнатларимизни эътиборга олиб, руҳлантириб турганингиз учун сизларга ҳам раҳмат.

Ғуломжон Назаров суҳбатлашди

Изоҳлар 1

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг