Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Ўзбекистонда ака-ука (опа-сингил)ларнинг қуда-андачилиги тақиқланиши мумкин

Ўзбекистонда ака-ука (опа-сингил)ларнинг қуда-андачилиги тақиқланиши мумкин

Оила кодексига киритилиши режалаштирилаётган тегишли ўзгартириш ва қўшимчаларга кўра, Ўзбекистонда ака-ука (опа-сингиллар)нинг қуда-андачилиги тақиқланиши мумкин. Аниқроғи, мазкур кодексга никоҳга монелик қилувчи сабаблар (16-модда) қаторига «ён шажара бўйича яқин қариндошлар ўртасида никоҳ» ҳам киритилмоқда.

Оила кодексининг амалдаги қоидаларида эса ён шажара бўйича яқин қариндошлар ўртасида никоҳ тузишни тақиқламайди.

Оила Кодексининг 57-моддасига асосан, ака-ука, опа-сингил, уларнинг болалари, ота-онанинг ака-ука ва опа-сингиллари ҳамда уларнинг болалари, бобо ва бувиларнинг ака-ука ҳамда опа-сингиллари ва уларнинг болалари ва шунга ўхшашлар ён шажара бўйича қариндошлар ҳисобланади.

ФҲДЁ органлари маълумотларига кўра, 2021 йил июль-декабрь ойларида республика бўйича жами 1210 та яқин қариндошлар (529 та – холавачча, 307 та – тоғавачча, 178 та – амакивачча, 196 та – аммавачча) ўртасида никоҳ ҳолатлари қайд қилинган.

Ҳудудлар кесимида қариндошлар ўртасида тузилган никоҳларнинг ярмидан кўпроғи 59 фоизи иккита вилоят – Сурхондарё (343 та) ва Қашқадарё (371 та) вилоятларига тўғри келади.

Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитасининг таъкидича, туғилаётган болалар таркибида ногирон, жумладан, 1 ёшгача туғма аномалиялар, деформация ва хромосом бузилишларга учраган болалар улуши ортмоқда.

Жумладан, 1 ёшгача ногиронлиги бўлган болалар сони 2018 йилдаги 2 592 нафардан 2020 йилда 3 374 нафарга ёки 30,1 фоизга, 1 ёшгача туғма аномалиялар (ривожланиш нуқсонлари), деформация ва хромосом бузилишлар сони 2018 йилдаги 1 093 тадан 2020 йилда 1 292 тага ёки 18,2 фоизга кўпайган.

Бу эса мамлакатда салбий демографик тенденцияларнинг кучайишига, бундай болаларни ижтимоийлаштириш масалалари билан боғлиқ янги муаммоларнинг вужудга келишига сабаб бўлмоқда.

Хорижий мамлакатларнинг оила қонунчилигини таҳлилига кўра Хитой, Япония, АҚШ, Буюк Британия, Швейцария, Туркия, Украина, Ирландия, Жанубий Корея, Янги Зеландия ва Тожикистон давлатлари қонунчилигида ҳам мавжуд.

Шунингдек, “Никоҳ тузиш ва тан олиш тўғрисида”ги 1978 йил 14 мартдаги Гаага Конвенциясининг 11-моддасига ҳам белгиланган.

Юқоридаги асослардан келиб чиқиб, ён шажара бўйича яқин қариндошлар ўртасида никоҳни олдини олиш мақсадида мазкур ўзгартиш киритиш таклиф этилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, амалдаги тартибга кўра, Оила кодексининг 16-моддаси (Никоҳ тузишга монелик қиладиган ҳолатлар)да белгиланганидек, никоҳ тузишга:

  • лоақал биттаси рўйхатга олинган бошқа никоҳда турган шахслар ўртасида;
  • насл-насаб шажараси бўйича тўғри туташган қариндошлар ўртасида, туғишган ва ўгай ака-укалар билан опа-сингиллар ўртасида, шунингдек фарзандликка олувчилар билан фарзандликка олинганлар ўртасида;
  • лоақал биттаси руҳият бузилиши (руҳий касаллиги ёки ақли заифлиги) сабабли суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган шахслар ўртасида йўл қўйилмайди.
Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг