Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Карим Баҳриев: «Суд ҳокимияти ва матбуот эркин бўлмаса коррупцияни йўқотиш асло мумкин эмас»

Карим Баҳриев: «Суд ҳокимияти ва матбуот эркин бўлмаса коррупцияни йўқотиш асло мумкин эмас»

Фото: «Uza.uz»

Журналист, шоир ва таржимон Карим Баҳриев Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигининг «Гурунг» туркум суҳбатларининг навбатдаги меҳмони бўлди.

Таниқли журналист суҳбат давомида Ўзбекистонда сўз эркинлиги, очиқлик, халқ журналистикаси, холислик ҳақида ўз фикрларини билдирди.

«Халқ журналистикаси» пайдо бўлди

«Ўзбекистонда ҳамма нарса қиёслашда кўринади. Бундан олдинги вақтда Президент Мирзиёевнинг таъбири билан айтганда, илм-фан жойида турди. Турли тўсиқлар ва коррупция бўлди. Ўша даврлар билан таққослаганда, бугун жуда катта ўзгаришлар кузатилмоқда, — дейди Карим Баҳриев. — Авваллари журналист жуда обрўли эди. Ҳамма эҳтиром кўрсатарди. Бугун ҳар бир одам журналистга айланди. Бугун ҳар бир телефон суратга олади. Шу сабаблими, оддий одамлар журналистлардан ҳам ўтиб кетаётгандек назаримда. Одамлар бир жойда уй бузилса, расмга олиб сайтга ёки ижтимоий тармоқларга қўйяпти. Ҳоким мажлис ўтказса, уни ҳам тармоқларга жойлаяпти. Мактабда ёки боғчада нимадир бўлса, у ҳам чиқиб кетяпти. Ҳокимият шунга муносабат билдиряпти. Жавобини беришга мажбур бўляпти. Бугун кўзга ташланяптики, ижтимоий тармоқлар ривожланди ва мен уни «Халқ журналистикаси» деган бўлардим.

Одамларнинг журналистик маҳорати ҳатто журналистларникидан ҳам ортиб кетяпти. Юртимизда теле ва радио журналистикасидан интернет журналистикаси анча илгарилаб кетган. Бўлган воқеани дарҳол ёритади. Илғор сайтларимиз бор. Ҳар бирининг ўз йўли бор. Муассисларнинг манфаати ҳам ётади. Шунга қарамасдан «Газета.уз», «Кун.уз», «Хабар.уз», ҳатто ЎзА сайти ҳам онлайн маконда фаолият юритяпти. Ёки солиштириб кўрсангиз, давлат тасарруфидаги ОАВлар бизнинг статусимиз баланд, деб ўтиради. Кўнгилочар қисми ривожланиб кетган. Телевидениедаги баъзи нарсаларни одамлар кўрмаяпти. Нега? Чунки халқ дардини ёрита олмаяпти. Мен телевидениени қизиқроқ қилиш тарафдориман. Аудиторияни йўқотяпти. Бора-бора ўзбек телеканаллари кўрилмай қолиши мумкин. Бошқа давлатлар ахборот маконининг таъсирига тушиб қоляпмиз. Буни яхшилаш учун ўн йиллаб ҳаракат қилишимиз керак. Буни мақсад қилиб ҳаракат қилиш керак».

Журналист қамалмасин…

«Чумчуқдан қўрққан тариқ экмайди, деган мақол бор халқимизда. Касбимизда ҳақиқатни ёзиш керак… Ҳеч бўлмаса ёлғон гапирмаслик керак. Лекин журналистга маълум маънода ёзадиган майдон қолиши керак. Ҳақорат ва туҳмат жиноятларини жиноят ишларидан олиб фуқаролик кодексига ўтказиш керак. Ҳақорат ва туҳмат учун газета жаримага тортилсин, журналист ҳам жарима тўласин. Лекин қамалмасин. Агар у қамалса, бошқа журналист ёзмай қўяди. У қамалдику, тўхта, мен жим юрай деган фикрга келади».

Журналистлар дадил гапира бошлагани учун инвестор Ўзбекистонга келмай қўядими?

«Мен бунга қўшилмайман. Мамлакатнинг олтин захираси ҳақида маълумот берилмасди. Бу давлат сири тоифасига кирарди. Яқинда бир қатор позициялар бўйича, олтин ва қимматли металлар сирлар тоифасидан чиқарилди. Хориждан келадиган инвестор фақат газетага ёки ижтимоий тармоққа қарамайди. У жаҳон банкининг ҳисоботларига қарайди. Инсон ҳуқуқлари ташкилотларининг маълумотларига қарайди. Ўрганилаётганда, шу мамлакатнинг инсон ҳуқуқлари, эркинликлари йўқ, деб гапириб турса, бу мамлакатга инвестиция қўймайди. Мамлакатнинг имижини газетада чиққан тўрттагина мақола ҳал қилмайди. Ҳамма мамлакатнинг элчиси юрибди орамизда. Миллионлаб туристлар кела бошлади. Визасиз кирадиган давлатлар сони ошди. Қўшни давлатлар билан чегаралар либераллашди. Миллионлаб туристлар юрган мамлакатда инвестор билмайдими аҳволнинг қанақалигини?

Шунинг учун инвестор бошқа нарсани кўради. Бугун бир тадбиркорга ер берилади. Ўша туманга янги ҳоким келади ва эски ҳоким пора олиб ер берган, деб қурилган тайёр магазинни бузиб ташлайди. Буни кўрган инвестор бу мамлакатда мулк ҳуқуқи ҳимояланмаган экан, деб ҳисоблайди. Ёки яна бир фермерга ерларни 49 йилга арендага бериб кейин 2 йил ўтмай қайтариб олишаётганини кўрган инвестор бу давлатда мулк ҳуқуқи йўқ экан дейди. Чет эллик учун Ўзбекистон ҳақида хулоса чиқариш учун юзлаб манба бор. Шунинг биттаси матбуот.

Абдулла Қаҳҳордан бир вақтлар бир катта амалдор ёзувчи «Мени ҳам ёзинг бир мақтаб», деб сўраганида, Абдулла Қаҳҳор унга «Сиз ёзувчисиз, хўрозқанд эмассиз... Асарларингизни ўзи ҳимоя қилади», деган экан. Бўлаётган ишларни ёлғондан мақтасак ҳеч ким ишонмайди. Ҳақиқатдан бўлаётганни ёзиш керак. Адабиёт, кино, театр одамларни балки тарбиялар. Лекин матбуот тарбиялайди, деб айтмаслик керак. Матбуот тезкор хабар етказиши керак. Шу мамлакатда ҳақиқат бўлса, биров ёлғон гапирса шу фош бўлса, шу ОАВда эълон қилинса, шунда болалар ҳам тарбияланади. Демак, ёлғон гапирса шарманда бўлиши мумкин, деб ўйлайди. Лекин журналистлар ёлғон ёзиб турса, одамлар кўзбўямачилик қилиб яшаши керак экан, ростини айтган одамга қийин экан, бу одам кун кўрмай ўтар экан, деган хулосага келса, халқ айёр, қаллоб бўлиб тарбияланади».

Очиқликка тўсиқ

«Аслида матбуотнинг, сўз эркинлигининг катта ҳиссаси амалдорлар учун фойдали. Журналист бирор нарсани гапирса, танқид қилса, зарар қилмаётгани, уларнинг фойдаси учун эканини тушуниши керак. Журналистлар ҳамма нарсани ўйлаши керак. Хориждан келадиган пул коррупция туфайли йўқ бўлиб кетмаслиги керак. Зарур жойга сарфланиши, тезроқ натижа бериши лозим. Иш ўринлари яратилиши керак. Коррупцияга қарши ким курашади? Матбуот.

Шавкат Мирзиёев сўз эркинлигини жуда ҳимоя қилди. Ўзи кўп нарсани очиқ-ойдин гапирди. «Мен Фарғонада тез ёрдам машинаси бормай тўлғоқдаги аёлнинг ўлганини Озодликдан ўқидим», деди. Балки журналистлар интилиб, сўраётгандир. Лекин жуда кўп давлат идоралари журналистларга маълумот беришда шошилмаётгани, бир нарсани матбуот котиблари бера олмайди ўзича. Раҳбар билан келишиб чиқайлик, матнини ёзиб ўқитиб олайлик, рухсат берса бераман дейди. Тўрт-беш кун ўтиб кетади. Унгача халқаро матбуотда чиқиб кетган бўлади. Шунақа тез маълумот беришга ўтишимиз керак».

Қўрқувгина уларни коррупциядан тийиб туради

«Делегация билан Германияга бордик. Уларнинг прокурори делегация аъзолари билан кўришяпти. Улар бизни ўша пайтда учинчи дунё давлати, қашшоқ бир давлат, деб қарайди. Ҳаммага шунчаки қўл узатиб қўйяпти. Таржимон журналист Карим Баҳриев дегандан кейин ўрнидан туриб «Журналистлар бор экан, эҳтиёт бўлиб гапиришимиз керак экан», деди. Ўша давлатларда журналистдан кўпроқ қўрқади. Кулгили бўлиши мумкин. Лекин ўша мамлакатларнинг кичик бир хатоси бўлса журналист излаб топади, ошкор қилади, халққа етказади, натижада шу амалдор ишдан кетади. Шу қўрқувгина уларни коррупциядан тийиб туради. Суд ҳокимияти ва матбуот эркин бўлмаса коррупцияни йўқотиш асло мумкин эмас».

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг