Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Масъулият… фақат Самарқанд ҳокимлиги ва Адлия вазирлигига керакми?

Масъулият… фақат Самарқанд ҳокимлиги ва Адлия вазирлигига керакми?

Шу йил 23 февраль куни Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги расмий веб-сайтида Ғайрат Шириновнинг «Ишонч телефонлари номигагина ишлаётган вазирлик ва ҳокимликлар» сарлавҳали таҳлилий-танқидий мақоласи эълон қилинган эди.

Унда республика ва маҳаллий давлат ҳокимият идораларида ташкил этилган «Ишонч телефонлари» қай даражада ишлаётгани ёки ишламаётгани, одамларнинг арзу доди, керак бўлса, таклифу мулоҳазаларини қай тариқа қабул қилаётгани ёки қилмаётгани ўрганилади.

«www.gov.uz» сайтидаги маълумотлар базасидан фойдаланиб, қўнғироқ қилган мухбир фақатгина Маданият ва Қурилиш вазирликлари, Марказий банк ишонч телефонларига туша олади. Алоҳида масъул ходим бириктирилгани ва фуқаролар мурожаатларини хушмуомалалик билан қабул қилаётганини қайд этади.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Тошкент шаҳри, Андижон вилояти, Бухоро вилояти, Жиззах вилояти, Қашқадарё вилояти, Навоий вилояти Сурхондарё вилояти Сирдарё вилояти, Тошкент вилояти, Фарғона вилояти ишонч телефонлари ишламаётгани, доим бандлиги, ҳатто тармоқда йўқлиги ва нотўғри рақамлиги фош этилади.

Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Молия вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Инновацион ривожланиш вазирликлари ишонч телефонлари ҳам номига ташкил этилиб, улар билан алоқага кириша олмагани танқид қилинади.

Афсуски, Самарқанд вилояти ҳокимлиги ва Адлия вазирлигидан бошқа юқорида номлари кўрсатилган бошқа мутасадди ташкилотлар мақолага нисбатан ҳеч қандай муносабат ҳам билдирмаган.

Балки шанба ва якшанба кунлари дам олиш кунлари, деб эҳтимол расмий муносабат билдиришга ошиқишмаётгандир. Балки матбуот котибларининг эътибори мақолага тушмагандир. Балки ишонч телефонлари ҳақиқатда ишламаётгандиру, уни ишга тушириб кейин юзларини ёруғ қилиб олишмоқчидирлар... ҳар ҳолда, шубҳали уйлар кўп, аммо жавоб йўқ.

Республиканинг бош расмий агентлигига муносабат шунчалик совуқ бўлгач, қолган оммавий ахборот воситасига диққатни ўзингиз тасаввур қилиб олаверинг.

Телефон рақамлари ўзгарган экан

«ЎзА» журналисти «Самарқанд вилояти ҳокимлигининг +99866 231-11-25 рақамли «Ишонч телефони» билан боғланиш имконсиз бўлиб чиқди» деб ёзади. 

Самарқанд вилояти ҳокимлиги Ахборот хизмати раҳбари М.Мирзаев эса бунга маълум соатлар ўтгач, дарҳол жавоб қайтаради: «Самарқанд вилояти ҳокимлигининг +99866 231-11-25 рақамли «Ишонч телефони» ўзгарган. Яъни, 0 (366) 230-47-77 (1177 қисқа рақамли) ишонч телефони орқали мурожаатлар қабул қилинмоқда. Бу ҳақда ҳокимликнинг samarkand.uz сайтида ҳам маълум қилинган. Сайтда бу ҳақдаги маълумотда «суткада 24 соат, ҳафтада 7 кун ишлайди».

Мухбир ҳукуматнинг ягона портали манбасидан фойдаланган. Балки унга янги ўзгартиришлар киритишга ҳали улгуришмагандир. Аммо Э.Турдимов раҳбарлигидаги вилоят ҳокимлиги матбуот хизматининг ошиғич муносабати замонавий талабларга тўла мос келади ва таҳсинга лойиқ.

Адлия одил жавоб қайтарди

Мақоладаги «Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг 10-08 қисқа рақамидан «блогадарим за терпение» деган жумладан бошқа маълумот ололмадик. Кутиш навбатимиз келгунича 27 дақиқа вақт увол кетди... кейин алоқа ўз-ўзидан узилди», деган фикрига вазирлик ўша куни расмий муносабат беради:

«Адлия вазирлигида 2018 йилда жисмоний ва юридик шахслардан «Ишонч телефони»га келиб тушаётган мурожаатларни марказлашган ҳолда қабул қилиш мақсадида 1 008 қисқа рақамли «Call center» хизмати ташкил қилинди. «Call center» кўп каналли бўлиб, у орқали ўзбек ва рус тилларида халқимизга хизмат кўрсатиб келинмоқда.  «Call center» ташкил этилган даврдан буён фуқаролардан ва чет эл фуқароларидан, инвесторлардан кўплаб мурожаатлар келиб тушмоқда. 

«Call center»га тушаётган мурожаатлар ҳафтанинг душанба кунидан жума кунигача (байрам кунларидан ташқари) соат 09.00 дан 13.00 гача ва 14.00 дан 18.00 гача қабул қилинади. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигининг сайтида «Ишонч телефонлари номигагина ишлаётган вазирлик ва ҳокимликлар» сарлавҳали мақоласида «Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг 1008 қисқа рақамли «Ишонч телефони» фаолияти юзасидан эътирозлар билдирилди. 

Жорий йилнинг 18 февраль куни Адлия вазирлигининг «Ишонч телефонии»га жами 4.082 та мурожаат келиб тушган. Мазкур мурожаатларнинг 3.264 таси белгиланган тартибда қабул қилиниб, «Call center»га бириктирилган масъул ходимлар томонидан реал вақт режимида тушунтиришлар берилган.

Агентлик мухбири томонидан (71) 233-36-30 рақами орқали Адлия вазирлигининг «Ишонч телефони»га қўнғироқ қилинганда, ишонч телефонига маъсул бўлган ходим томонидан бошқа фуқаронинг мурожаати қабул қилинаётгани ҳамда унга мурожаати юзасидан ҳуқуқий тушунтириш берилаётгани маълум бўлди.

Бундан ташқари, вазирлик биносида таъмирлаш ишлари олиб борилаётгани сабабли фуқароларнинг «Ишонч телефони»га боғланишида узилишлар юзага келмоқда. Шу сабабли, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигининг масъул ходими вазирлик «Ишонч телефони»га боғланишда қийинчиликка дуч келган.

Ҳозирги кунда «Ишонч телефони»га фуқаролар томонидан бўлаётган мурожаатларнинг кескин ошаётгани муносабати билан Адлия вазирлиги томонидан барча қўнғироқларга жавоб бериш учун техник томонлама имкониятларни янада яхшилаш бўйича ишлар олиб борилмоқда».

Кўриниб турибдики, мухбир нотўғри ёзмаган. У қўнғироқ қилган вақтда маъсул ходим бошқа фуқаронинг мурожаати қабул қилинаётган бўлган. Буни Адлия вазирлиги аниқлаб, мақолага тушунтириб бермоқда.

Вазирлик биносида таъмирлаш ишлари олиб борилаётгани ва фуқаролар томонидан мурожаатлар сони кескин ошаётгани ҳам муаммо келтириб чиқараётгани, у техник жиҳатдан ҳал қилинаётгани изоҳлаб берилади. Албатта, бундай тезкор ва холис муносабат вазирнинг шахсан назорати остида бўлганига асло шубҳа йўқ. Табиийки, бундай ўзаро тушуниш ва ҳамжиҳатликда ҳамда масъулият билан ишлаш мутасаддиларга нисбатан журналистлар ва аҳолининг ҳурмат уйғотади.

А.Турсун, журналист

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг