Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Санжар Саид

Ҳаётда мўъжизалар содир бўлади

Ўқитувчилар бўлмаса кимлар ва қайси соҳалар зарар кўради?

Ўқитувчилар бўлмаса кимлар ва қайси соҳалар зарар кўради?

Фото: «Marifat.uz»

Охирги пайтларда ўқитувчилар мавзуси энг кўп муҳокама қилинаётганига қарамасдан, таълим, айниқса умумий ўрта таълим соҳасида жиддий ўзгариш ёки ижобий ҳаракатлар кўзга ташлангани йўқ. Эҳтимол тепада – булутлар ортида нималардир бўлаётгандир, ғала-ғовурлар кечаётгандир. Тез орада ўқитувчиларни амалда ҳимоя қиладиган қонун ёки президент фармони имзоланиб қолар.

Шундай бўлади деб умид қилган ҳолда ўқитувчиларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари дахлсизлиги таъминланиб, улар барча ихтиёрий-мажбурий ишлардан, йиғ-йиғлардан озод қилинса, бундан кимлар ва қайси соҳалар энг кўп зарар кўриши мумкин деган саволга жавоб топишга ҳаракат қилиб кўрдим.

Демак, ўқитувчилар бўлмаса қишлоқ хўжалиги энг кўп зарар кўради. Ерни ағдариш, чопиш, ариқ ва эгатларни тайёрлашдан тортиб чигит экиш, ягана, чеканка, ўғит, ҳашоратларга қарши курашишу ҳосилни йиғиб олишгача – барча жараёнлар ўлда-жўлда қолиб кетади. Фермерлар даласига ишлаш учун чиқишга, ишларни қилиш учун одам ёллашга мажбур бўлади.

Иккинчи энг кўп зарар кўрувчи соҳа – ободошлантириш ва кўкаламзорлаштириш. Соҳа ўқитувчилардек текин ва беозор ишчиларсиз қолганидан сўнг шаҳар ва қишлоқлар чиқиндига тўлиб кетади, ҳеч қаерга янги кўчатлар экилмайди, дарахтлар оқланмайди. Магистрал йўллардаги тўсиқлар бўялмайди, йўл четларини ёввойи ўтлар босиб кетади.

Маҳаллаларда ҳам ёзув-чизув, қоғозбозлик, статистика, ҳисоботлар масаласида жиддий муаммолар вужудга келади. Қайси оилада қандай муаммо борлиги, томорқалардан самарали фойдаланиш, чет элларда юрганлар ҳақида маълумот тўплаш ва ҳоказо ишлар қилинмасдан қолиб кетади. Маҳалла оқсоқолларининг бошига «тепа»дан тош ёғади, кетидан этик изи аримайди.

Ўқитувчиларсиз энг катта зарар кўрувчи соҳа, шубҳасиз – оғир металлургия. Юз минглаб ўқитувчилар етказиб бераётган металломсиз қолган соҳа касодга учрайди, заводлар тўхтаб қолиб, бирин-кетин ёпила бошлайди. Иккиламчи металл етишмаслигидан бошқа ишлаб чиқарувчилар ҳам оғир вазиятга тушиб қолади, четдан металл олиб келиш кўпаяди.

Ўқитувчиларсиз қолган босма матбуот – газета ва журналлар бошига ҳам қора кунлар тушади. Мажбурий обуна ҳисобига кун кўраётган 90 фоиз нашрлар касодга учраб, ёпилиб кетади. Қолганлари ҳам жон сақлаш учун виждонан ишлашга мажбур бўлади: мақолалар сифати ва саҳифалар сони ортади, газеталар ниҳоят рангли чоп этилади. Аудитория учун ҳақиқий кураш, рақобат бошланади.

Ўқитувчилар дахлсизлиги таъминланишидан энг кўп ҳокимлар азият чекади. Чунки улар текин ишчиларсиз қолган соҳаларни ходимлар билан таъминлаш, касодга учраётган соҳаларни оёққа турғизиш учун бош қотириш, маҳаллий бюджетдан ободонлаштириш ва бошқа ишлар учун маблағ ажратишга мажбур бўлади.

Мактаб директорлари, ХТБ мудирлари ва мутасаддилари, вилоят ва республика даражасидаги айрим «оёғи ердан узилган» раҳбарлар соҳадаги порахўрлик, таниш-билишчилик, фан олимпиадалари ва билимлар беллашуви каби танловлардаги нохолисликлар ва бошқа иблиснинг ҳам тушига кирмайдиган йўллар билан топаётган мўмай даромадларидан маҳрум бўлишади.

Ҳа-а, ўқитувчилар иқтисодиётнинг деярли барча соҳалари учун ўта муҳим, стратегик аҳамиятга эга қатлам экан. Ахир доимо шай, қуролланган (кетмон, белкурак, супурги ва ҳакозолар билан), итоатгўй «аскарлар»дан иборат 500 мингдан ортиқ «армия» кимга керакмас?! Уларни қўлдан чиқариш – катта йўқотиш, ҳаёт-мамот масаласи. Шунинг учун ҳам осонликча таслим бўлишмайди.

Изоҳлар 2

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг