Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Қиморли акция ва телешоулар васвасаси: Миллатни қаёққа етаклаяпмиз?

Қиморли акция ва телешоулар васвасаси: Миллатни қаёққа етаклаяпмиз?

Коллаж: «Xabar.uz»

Қимор нима?

Ислом динида қимор тақиқланган ва ҳаром қилинган иллат ҳисобланади. Бунинг касофатидан қанчалаб одамларнинг ҳаёти издан чиққанига мисоллар жуда кўп. Бироқ таассуфки, инсониятнинг ўзидай кўҳна тарихга эга қимор замонлар оша тараққийлашса тараққийлашдики, урфдан қолгани йўқ.

Кундан-кунга оммалашиб, одамлар шуурини банд этиб бораётган ўйинлар, ютуқли телешоулар, савдо бозорида харидорлар аудиториясини ўзига тортишга қаратилган жилвагар лотерея ўйинлари четдан қараганда кўнгилочар дастур, реклама ёки рақобат майдонидаги ўзига хос курашга ўхшаб туюлса-да, моҳиятан муқаддас китобларда тақиқланган қимор ўйинининг айнан ўзидир.

Араб тилида муомала қилувчиларга хатари бор ҳар бир хатти-ҳаракат қимор деб аталади. Бошқача қилиб айтганда, ғолиб мағлубдан бирор нарса оладиган ҳар бир ўйин қимор ҳисобланади.

Қуръони Каримда шундай дейилган: «Сендан хамр ва қимор ҳақида сўрарлар. Сен «Иккисида катта гуноҳ ва кишилар учун наф бор, бироқ гуноҳлари нафларидан каттадир», деб айт. Ва сендан нимани нафақа қилишни сўрарлар. Сен «Ортиқчасини», деб айт. Аллоҳ шундоқ қилиб сизга Ўз оятларини баён қилади. Шоядки, тафаккур қилсангиз». («Бақара» сураси, 129-оят)

Демак, қиморнинг ҳукми қуйидагича: осонлик билан меҳнат қилмай, ошиқ, қарта ўйнаш ёки бошқача номланган ўйинлар орқали одамларнинг пулини олиш – ҳаром.

Телеэкранларимизни «безаб» турган ва кейинги пайтларда гўёки ким ўзарга ҳар бир каналда ташкил этилаётган, моҳиятан эса қиморни эслатувчи кўрсатувларни бир кўз олдингизга келтиринг: «Борига барака», «Омад шоу», «Миллионер шоу», «Олтин калит»... Улар шакл жиҳатдан бироз фарқ қилса-да, аммо барчасининг негизида кўпчиликнинг пулидан камчиликка фойда келтириш, меҳнат қилмасдан осон пул топиш, ўзгаларнинг ҳисобидан бирпасда бойиб кетиш – машинали ёки уйли бўлиб қолиш каби нотўғри ғоялар мужассам.

Мен бу кўрсатувларнинг ҳеч бирида иштирок этмаганман. Ҳаттоки кўрсатув иштирокчилари ёки уни тайёрлаб эфирга узатишда хизмат қилаётган инсонларга ҳасад билан боқмайман. Мени оддий инсон сифатида кўрсатувни берилиб томоша қилаётган ота-оналар, уларга қўшилиб завқланаётган ва ич-ичидан осон машинали, қимматбаҳо буюмли ёки уйли бўлиш истаги туғилаётган болаларимизнинг ўй-хаёлларида юзага келаётган ўзгаришлар хавотирга солмоқда.

Айтинг-чи, бу каби енгил-елпи, динимиз аҳкомларига тўғри келмайдиган ақидаларга таянган шоуларнинг жамиятимизга қандай фойдаси бор? Умуман, биз бу кўрсатувлар орқали фарзандларимизга нима беряпмиз?

Ўйин ортидаги бало    

Албатта, биз назарда тутаётган ўйинларни интеллектуал ютуқли ўйинлар билан асло солиштириб бўлмайди. Инсон билими, тафаккури ва фикрлаши орқали ютуққа эришишини тарғиб қилиш ёшларимизни ўз устида ишлашга, ёшликда сабр-тоқат билан илм эгаллаб, жамиятга керакли инсон бўлиш мумкинлигини англаб етишга ёрдам беради. Ютуқли шоу ўйинлари эса ўзганинг ҳисобидан бойишни тарғиб этгани туфайли ёшларга салбий таъсир кўрсатади.

Бу хусусида психолог Зебунисо Аҳмедова қуйидагича фикр билдирди:

– Мазкур шоу кўрсатувлари ёшларимизни ўз олдиларига тўғри мақсад қўйишдан чалғитади. Улар моҳиятан қимор билан тенг. Шу маънода миллатни таназзулга етакловчи омил десак, асло хато эмас. Инсон буюмни ҳалол меҳнати эвазига олишга рози бўлиши керак. Бу ўйинларда (уларнинг қанчалик адолатли ўтиши менга қоронғу) тасодифан машинали бўлаётган одамларни кўрган томошабин кўнглида меҳнатсиз машинали бўлиш истаги ғимирлайди. Агар кўрсатувни томоша қилиб завқланаётган ёшлар ҳаётнинг ўз қоидалари борлигини, тасодифий омад ва бахт бир афсоналигини англаса, олам гулистон. Аммо бундай бўлмаса, улар ҳаётда  тасодифан ва осон келадиган ютуқларни кутиб яшайди. Руҳияти бундай ўй-хаёллар билан банд инсонда интилувчанлик, шашт ва важоҳат ортга чекинади. Энди у осон пул топиш йўлини қидира бошлайди. Эҳтимол, ўзига бойвачча қайната (йигитлар) ёки куёв (қизлар) қидирар, режалари иш бермаса, бошқа нотўғри йўлларга қўл уриши ҳам мумкин. Ҳаётнинг текин тасодифларига ишонадиган бу каби ёшлар жамиятни ўзгартиришга, техник ихтиролар қилишга ўзларини масъул сезмайди. Бу эса бизнинг, яъни жамиятнинг мағлубиятидир.

Эҳтимол, шунданам ваҳима ясаш керакми, булар бир кўнгил­очар дастурлар-ку дерсиз? Аммо битта бўлсин, иккита бўлсин, барча каналларда ёппасига лотереяли ўйинларнинг урчиб кетиши, бунинг устига салқин, энергетик ичимликлар, қотирилган нон бўлакчалари каби инсон саломатлиги учун зарарли бўлган консервантлар қўшилган егулик маҳсулотлари савдосигача лотерея ўйинлари орқали ёшлар, айниқса, ўқувчи болаларнинг эътиборини тортишга эришаётганига нима дейсиз?

Ўша маҳсулотлар табиий ва соғлом, саломатлигимиз учун фойдали бўлса ҳам майли эди... Аммо ана шу турдаги маҳсулотларни ишлаб чиқараётган фирмалар энергетик ичимликлар ва уларнинг инсон саломатлигига – жигар, юрак ва асаб тизимига салбий таъсир этиши ҳақида одамлар қанчалик кўп маълумотга эга бўлгани сари, ёшлар ва аҳолининг ишончини йўқотмаслик учун тобора ранг-баранг реклама йўлларини излаб топмоқда.

Афсуски, ютуқли шоу кўрсатувлари меҳнатсиз имкониятни тарғиб этиш билан шуғулланаётган бўлса, эндиликда озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи фирмаларнинг ўйлаб топаётган «ақлли бизнес ғоялари» ёшларимизни носоғлом егуликлар ва ичимликларга ружу қўйишига олиб келмоқда. Хўш, бу харидорни забт этиш йўлидаги «фойдали» чоралар ўз натижасини берса (албатта улар ўз мақсадларига эришмоқда), унинг зарарини ким кўради?

Ютуқли савдоларнинг жабрдийдалари ким?

WF, Sitro, Tizer… Булар бугунги кунда интернет ва телеэкранларда энг кўп тарғиб қилинаётган, керакли қопқоқларини йиғсангиз «Нексия», «Ласетти», «Кобальт» каби автомашиналар ютиб олишингизни ваъда қилаётган ичимликлар. Албатта, ҳар ярим соатда тинимсиз айланиб турган бундай чақириқлар ўсмир болалар, айниқса, мактаб ўқувчиларининг қизиқишини оширмоқда.

Яқинда мактабда ишлайдиган бир танишим бу борадаги кузатувларини айтиб қолди:

– Бундай ичимликларни 18 ёшга тўлмаган болаларга сотиш қонун жиҳатдан тақиқланганига қарамасдан, деярли ҳар куни қайсидир ўқувчи қўлида кўрамиз. Афсуски, ўқувчиларга ичимликнинг зарари ҳақида мунтазам равишда тушунтирсак-да, улар уни истеъмол қилишни гўёки замонавийлик белгиси сифатида талқин этаётганини сезаман.

Бир куни 5-синф ўқувчиларидан бирининг онаси келди. Боламга ҳар куни овқатланиши учун пул берсам, у овқатланиш ўрнига мактабдан қайтаётганида кўчадаги дўконлардан «Тizer» ичиб юрган экан. «Нега бундай қилдинг?» десам, «Машина ютмоқчиман», дейди.

Ахир, у машинани ютгунича соғлиғидан ажрайди-ку! – дейди зорланиб она.

Жамиятга фойдали лотереялар ҳам бўладими?

Матбуотда ёзилишича, яширин иқтисодиётга барҳам бериш мақсадида Чили давлати солиқ вазирлиги жуда катта миқдордаги ютуқли лотерея эълон қилган экан. Унда қатнашиш учун аҳоли харид амалга оширганда бериладиган касса чекларининг рақамини махсус базада рўйхатдан ўтказиши керак. Қанча кўп касса чекини киритсангиз, шунча кўп ютиш имкониятингиз ошади. Ўз-ўзидан бу нарса кутилганидан ҳам зиёда фойда берган. Чунки эндиликда халқ ҳар бир хариди учун сотувчилардан касса чекларини талаб қилишни бошлаган.

Бу каби лотерея кейинчалик Грузия ва Литвада ҳам ўтказилган. Масалан, Литвада 2017 йил 28 ноябрда шунақа лотерея бошланган ва ҳозиргача ўтказилиб келинмоқда. Унда бир евродан кўпроқ миқдорда савдо қилган инсон тўлов чекидаги рақамни махсус ташкил қилинган сайтга киритиши керак. Ютуқ эса оз эмас. Ҳар ҳафта юз кишига 50 евродан берилади, ҳар ой якунида бир нафар бахтли иштирокчи 5 минг евро ютуқни қўлга киритади.

Зебо Намозова, журналист.
Манба: «Ишонч» газетаси

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг