Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Шуҳрат Сатторов: «Муваффақиятнинг ягона формуласи йўқ»

Шуҳрат Сатторов: «Муваффақиятнинг ягона формуласи йўқ»

Шуҳрат Сатторов «Биз ғалаба қозонамиз» номли илк муаллифлик китобининг тақдимотида.

Фото: «Xabar.uz»

Суҳбатдошимиз Шуҳрат Сатторов изланувчан, ёш журналистлардан. Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг жамоатчилик билан алоқалар ва оммавий ахборот воситалари билан ишлаш бўлимида фаолият кўрсатади. Уни тез-тез телеэкранларда кўрамиз, ёшларга оид анжуманларда, турли тадбирларда учратиб қоламиз. Камига у бешта китобни таржима қилиб, китобхонларга тақдим қилган. Яқинда эса ижодкорнинг «Биз ғалаба қозонамиз» номли илк муаллифлик китобининг тақдимоти муваффақиятли ўтди.

– Шуҳратбек, яқинда сизнинг «Биз ғалаба қозонамиз» номли китобингиз нашрдан чиқди. Унда муваффақиятга эришган замондошларимиз ҳаёти, уларнинг ҳаётий дунёқарашлари ҳақида ҳикоя қилинади. Ўзи муваффақиятнинг ягона формуласи борми?

– Ҳатто янтоқ ҳам гуллайди: ижодкор ҳам кун келиб ичида йиллар давомида пишиб етилган кечинмаларини бошқалар билан ўртоқлашгиси келади. «Биз ғалаба қозонамиз» китоби – чорлов. Халқимиз, юртдошларимизга қаратилган чорлов. Унинг асосий мақсади ҳар бир юртдошимизга ҳаётда ўз ўрнини топиши учун зарур тавсияларни бериш.

Бизнинг истиқболимиз орзуларимизнинг кўлами, даражаси билан белгиланади. Шундай экан, ҳар биримиз бола бўлганимизда учувчи бўлишни орзу қиламиз. Йиллар ўтиб эса бу орзунинг хомхаёл эканини ўйлаб қоламиз. Мантиқан олганда биз орқага чекиндик ва яхши ҳаётга интилиш ҳисси бизда камайди. Барчамиз ҳам, ҳаракат ва интилиш, меҳнат ва катта мақсадларни забт этиш учун зарур ва биз доим ҳам эътибор қилмайдиган майда омилларни билмаймиз. Муваффақиятга эришиш инсоннинг ўтмиши эмас, орзулари билан боғлиқ. Бу китоб орқали ҳар бир инсонга шу ҳақиқатни эслатиб қўйишга уриндим.

Муваффақиятнинг ягона формуласини айтиш қийин, бироқ уни юзага келтирадиган зарур омиллар бор. Жумладан, юксак орзулар ортидан қатъий бориш, муносиб феъл-атворга эга бўлиш, илмга чанқоқлик, ижодий фикрлаш.

– Бухоро фарзандисиз, пойтахтда қолишингизга нима сабаб бўлган?     

– Болалигимда қишлоғимиздан Бухоро шаҳри элас-элас кўринар эди. Менга у ерлар имкониятлар макони бўлиб туюлар эди. Мен доим атрофимдаги имкониятсизлик қобиғини синдиришга уриниб келганман. Доим шаҳарга боргим, у ерда таҳсил олгим келарди.

Қишлоғимизда бир нуроний отахон бўлар эди. Шу киши доим «Болаларим, шаҳарга боринг. Шаҳарда илм бор, шаҳарда имкониятлар бор, шаҳарга шошинг», деб айтар эди.

Йиллар ўтиб, ўзим истаган шаҳардан ҳам каттароқ шаҳарга келдим, таълим олдим. Менинг орзуларим, мақсадларим шу шаҳардан бўлак шаҳарга сиғмас эди. Орзуларимни, режаларимни амалга ошириш учун ҳам Тошкентда қолишга қарор қилдим.

Менда хорижга кетиш учун доим имкон бўлган: тил билишим, хорижда таҳсил олганим. Бироқ, орзуларимнинг бир қисми шу элга, Ватанга хизмат қилиш билан ҳам боғлиқ. Мен ҳануз ана шу истаклар ортидан боряпман.

— Ҳаётда шиорингизни биламиз ва буни нима учун танлагансиз?

– «Ким нени изласа, топгай бегумон...» Бу ҳикматли сўз мен учун ҳам таскин, ҳам илҳомбахш чорлов. Бугун биз яшаётган дунё, имкониятлар инсон хаёлида туғилган қараш ва тасаввурларнинг меваси. Аслида Яратган инсонларга Ерни барча имкониятлар билан тортиқ қилган. Шарқ ҳикматлари орасида «ўзини англаган авлиё бўлади» деган сўз бор. Ҳаётда излаганингни топишинг учун, аввал ўзингни англашга мажбурсан.

– Мана бир неча йилларки, ахборот технологиялари соҳасида фаолият юритяпсиз. Бу йўналишда нималар топдингиз ёки йўқотдингиз?

— Мен доим ижоддан узоқлашишдан қўрқиб яшаганман. Устозларим ҳам ижод оламида бўлишимни тавсия қилишган. Соҳага кирар маҳалим ҳам мени ташвишга солган муҳим масала шу бўлган. Ижод ва ахборот технологиялари соҳаси менга бир-бирига зид жабҳалар бўлиб кўринган. Бироқ, айни пайтда уларни уйғунлаштира олдим.

Ижод ҳам тўхтаб қолгани йўқ. Яқинда ўзбек адибларининг классик ҳикояларини инглиз тилига ўгирганим «Pomegranate» номли китоб нашрдан чиқди. Мақола ва блогларим билан чиқишлар қиляпман, кўрсатувлар ва лавҳалар қиляпмиз. Айтмоқчиманки, ижоддан йироқлашиб кетганим йўқ.

– Ахборот технологиялари соҳасидаги фаолиятингиз давомида соҳа тўғрисида қандай хулоса, қарашларга келдингиз?

– Ахборот технологиялари соҳаси доимо мени ўзига жалб қилган йўналишлардан бири бўлиб келган. Шу сабабдан бўлса керак, халқаро журналистика факултетида ҳам бакалаврлик ишим оммавий ахборот воситалари фаолиятида рақамли технологиялардан фойдаланиш бўлган. Бир неча йиллар аввал ўтказила бошланган Миллий интернет танлови лойиҳаси доирасидаги ҳамкорликдан сўнг мени соҳага ишга таклиф қилишган.

Янгиликлардан мунтазам хабардор бўлиш, уларни тайёрлаш ва тарқатишда шу соҳада фаолият олиб бораётганим қўл келади. Машҳур ибора бор: «Йигирманчи асрда ҳарф танимаслик уят бўлган бўлса, ҳозирги асрда ахборот технологияларидан фойдалана олмаслик айб». Бу фикрга қисман қўшиламан. Зеро, ахборот технологияларидан фаол фойдаланишнинг фуқаро учун ҳам, давлат учун ҳам фойдали жиҳатлари кўп.

Соҳада жамоатчилик билан ишлашнинг машаққат ва яхши жиҳатлари бор. Мисол учун, ўз вақтида ўзинг фаолият олиб бораётган ташкилот қиёфасини ҳимоя қила олиш – юксак маҳоратни талаб қилса, мунтазам янгиликлар гирдобида бўлиш ва уларни биринчилардан бўлиб синаб кўриш, ўқиб-ўрганиш – куч бағишлайди.

Ахборот технологиялари ва интернет бизнинг турмуш тарзимизни мунтазам ўзгартирмоқда: дунёқарашимизнинг бойиши, масофа танламас ўзаро ҳамкорлик, бохабарлик ҳаётимизнинг янада яхшиланишига хизмат қилади.

Яратувчанлик. Ижодий ёндашув ҳамда ўз иқтидорингни намойиш қила олиш муҳити – тараққиётнинг бош омили. Ахборот-коммуникация технологиялари ҳар биримизга ўз салоҳиятимизни юзага чиқаришга ёрдам беради. Компютерда дастур ёзинг, асар ёзинг, сурат чизинг ёки куй басталанг, тил ўрганинг – буларнинг бари замонавий имконият.

«Технология» сўзи юнон тилида «маҳорат дарси» деган маънони англатади. Бугунги кунда эса бу сўзнинг аҳамияти ахборот технологиялари билан чамбарчас боғланади.

– Режасиз иш бўлмайди. Эшитишимизча, Кореяга отланяпсиз экан?..

– Бу йил KOICA ташкилотининг грантини қўлга киритишга муваффақ бўлдим. Мен доим Корея Республикасида «SKY», яъни «осмон» университетларидан бири сифатида тилга олинган «Yonsei university» ҳақида кўп ўқир ва гапирар, ҳатто ич-ичимдан шу ерда билим олишни истар эдим. Орзу ва интилиш иш берди. Осиёнинг энг пешқадам университетларидан бири бўлган Ёнсей университетида жамиятни ривожлантириш йўналишида икки йил мобайнида таҳсил оламан. Бош мақсад – Кореяга жаҳоннинг ривожланган мамлакатлари қаторидан ўрин олишига ёрдам берган омилларни яқиндан ўрганиш. Умид қиламанки, бу режа ва саъй-ҳаракатларим истиқболда халқимиз ҳаётини янада яхшилаш ва юртимизни ривожлантиришга ёрдам беради.

– Орзу ва истакларингиз амалга ошсин.

– Ташаккур!

Абдуғани Абдураҳмонов суҳбатлашди

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг