Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Туркиядаги ҳолат глобал молиявий инқирозга сабабчи бўлиши мумкинми?

Туркиядаги ҳолат глобал молиявий инқирозга сабабчи бўлиши мумкинми?

Фото: «Dailytimes.com.pk»

Ҳозир дунё аҳли бор диққатини Туркияга, унинг миллий валютасига қаратган. Турк пули жуда кескин қадрсизланиб кетди. 2018 йилда лира долларга нисбатан 40 фоиздан кўпроқ қийматини йўқотди. Таниқли журналист, тарихчи ва шарҳловчи Вижай Прашад «Asia Times»га ёзган мақоласида асосан чет эл сармоясига кўз тиккан Туркиядаги бу ҳолатни глобал даражадаги хавф деб атади. Унинг мулоҳазаларига қулоқ тутамиз.

Катта қарз ва АҚШ томонидан бўлаётган босим Туркияни жарга итармоқда. Туркиядаги иқтисодий инқироз Европа иттифоқи ва бошқа мамлакатларга таъсир қиладими? Туркияда ҳозир кузатилаётган вазият 2007-2008 йилардагидан-да хавфли янги глобал иқтисодий инқироздан дарак бермаяптими?

Глобал инқироз тугаган эмас

Аслида 2007-2008 йиллардаги кредит инқирози тугагани йўқ. АҚШдаги тураржойлар бозоридаги синиш ва кейинчалик жаҳон банк секторидаги қарз муаммолари билан боғлиқ муаммолар ҳануз ечимини топган эмас. Банк назорати бўйича Базель қўмитаси, Қимматбаҳо қоғозлар бўйича халқаро ташкилот комиссияси ва Суғурта назоратлари халқаро уюшмалари берган берган жуда муҳим тавсияларнинг кўпи қоғозда қолиб кетди. Молия секторида ҳақиқий ислоҳотлар ўтказиш ўрнига, АҚШ ҳукумати ўз фоиз ставкасини нулда сақлаб туриб, молия тизимига доллар оқимини кучайтириш билан шуғулланди.

«Совун кўпиги»

Туркия каби мамлакатларда хусусий компаниялар ўз фаолиятини молиялаштириш учун халқаро молиявий муассасалардан долларларда катта миқдорда кредит, ҳатто спекулятив инвестицияларни жалб қила бошлашди. Мамлакатга доллар оқими кучайди. Хорижлик товламачилар бу пулларни маҳаллий валютага, жумладан, давлат сектори қимматбаҳо қоғозларига сармоя сифатида тикишди.

Халқаро молия институти маълумотларига қараганда, ўртача даромадли мамлакатларга доллар оқими бир неча йиллар сақланиб турди. 2011 йил охирига келиб 30 та энг йирик ривожланаётган мамлакатнинг қарздорлиги уларнинг ялпи ички маҳсулотининг 163 фоизини ташкил қилди. Аслида 2007-2008 йиллардаги молиявий инқироздан чиқиш қарзга молиялаштирилган иқтисодий ўсиш ҳисобига бўлиб, охирги йилларда турли шакллардаги «совун кўпиклари» юзага келишига ҳам замин яратганди.

Глобал қарзнинг умумий миқдори ҳозир — 247 трлн. доллар.

Бу шунчалик катта ва жиддий рақамки, ўйланмасликнинг иложи йўқ. Бу қарзнинг катта қисми ишлаб чиқариш ва ижтимоий фойдали секторларни молиялаштиришга эмас, балки молия секторини кенгайтиришга сарфлаб юборилган. Бу иқтисодий ўсишнинг шундай моделики, унда молиялаштириш узилмаслиги учун қарз устига қарз олиш талаб этилади (худди қимор ўйинига ўхшайди — олдинги қарзингни ёпиб улгурмай, яна қарзга ботиб бораверасан — таҳририят изоҳи).

Катта эҳтимол билан глобал қарзнинг «совун кўпиги» яқин ойлар ичида ёрилиб кетиши мумкин. Чунки Аргентина, Бразилия, ЖАР ва Туркия каби мамлакатларнинг умумий қарздорлиги $1 трлн.га яқинлашмоқда. Улар қарзининг катта улушини долларларда узишига тўғри келади. Улар амалдаги кредитларини янгиларига алмаштира оладиларми? Жар ёқасида (эҳтимол) турган мамлакатларга ким қарз беради?

Бу биринчиси эмас

Туркия молиявий инқирозларни биринчи марта кўраётгани йўқ. Мамлакатда 1994 йил апрелида ва 2001 йил февралида йирик инқирозлар кузатилган. Ҳар икки ҳолатда ҳам Туркия ЯИМ ва валюта захираларининг салмоқли қисмидан мосуво бўлган. Тикланишда Халқаро валюта жамғармасининг «Кучли иқтисодиётга ўтиш» дастури ёрдам берган. ХВЖ дастури Туркияни «капитал қўйишни либераллаштириш»га антиқа усулда ёндашишга ундади: турк банкларига халқаро капитал бозорларидан долларларда қарз олиб, пулни маҳаллий инвесторларга миллий валюта — лирада бериш таклиф қилинди. Туркия ҳукумати қисқа муддатли нобарқарор капитални бесамар лойиҳаларга сарфлади. Оқибатда мамлакат каттагина ташқи қарзини ёпиш учун етарлича экспортни таъминлай олмади.

Умид бор эди

Бироқ 2001 йилда Туркияга ҳали ҳаммасини жойига қўйиш мумкиндек туюларди. Туркия Европа иттифоқига кириш бўсағасида, АҚШ билан муносабатлар ҳар доимгидан зўр, турк тадбиркорлари Ливан, Сурия, Форс кўрфази мамлакатлари, Шимолий Африкага кўз тикишарди. Суриядаги уруш минтақадаги сиёсий мувозанатни бузиб юборганидан сўнг араб дунёсига турк экспорти пасайиб кетди, мамлакат қочоқлар муммоси билан юзма-юз келди, бу ёқда курдлар муаммоси...

Трампнинг божи

Кейин эса АҚШ ҳукумати тепасига келган Дональд Трамп Туркиянинг алюминий ва пўлати импортига бож жорий этди. Туркияга пул бериб келаётган банклар шок ва ваҳимага тушиб қолишди. Буларнинг барчаси лирага қаттиқ зарба бўлди. Туркия хусусий сектори йил давомида 220 млрд. доллар қарзини узиши керак. Мабодо турклар бу пулларни тўлай олишмаса ва лира яна бир бор пастлагудай бўлса, Европада инқироз бошланиб кетиши ва жаҳон молия бозорларига тарқалиши мумкин. Худди АҚШ да 2007 йилда бошланиб кетган ипотека инқирози каби, Туркиядаги ҳозирги вазият янги глобал инқирозга асос бўлиши ҳеч гап эмас.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг