Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

АКТга ихтисослаштирилган мактабга янги директор тайинланди

АКТга ихтисослаштирилган мактабга янги директор тайинланди

Фото: «Facebook» / AlKhorezmiySchool

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги қошидаги Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Ахборот коммуникация технологиялари йўналишига оид фанларни чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактабга янги директор тайинланди. Бу ҳақда мактабнинг «Фейсбук» тармоғидаги расмий саҳифасида маълум қилинди.

Хабарда айтилишича, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирининг буйруғига биноан 2018 йилнинг 13 январидан Амирулла Абдуллаев Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ихтисослаштирилган мактабга директор этиб тайинланди. Бунгача ушбу вазифани Фаридон Усманов бажариб келаётган эди.

А.Абдуллаев бунгача Тошкент шаҳридаги Инҳа университети қошидаги Узлуксиз таълим маркази менежери лавозимида ишлаб келаётган эди. У ўқитувчиларни инглиз тили бўйича тайёрлаш бўйича Украина, АҚШ, Германия, Япония, Италия, Жанубий Корея ва Буюк Британияда ишлаган. 

«Xabar.uz» маълумоти:

Амирулло Абдуллаев 1980 йилнинг 23 декабрида туғилган.

1997—2001-йилларда Гулистон давлат университетининг чет тиллар факультетида ўқиган.

2002 йилдан 2006 йилгача Британия кенгашининг лойиҳаси доирасида ҳарбийларни инглиз тили бўйича ўқитишда қатнашган. Вестминстер университети тайёрлов курсларида фаолият кўрсатган.

2008—2010-йилларда Япониянинг Хиросима университети магистратурасида олий таълимни бошқариш йўналишида таҳсил олган.

2010 йили Турин политехника университетида ўқитувчилик сифатида иш бошлаган, у бу ерда ҳам тайёрлов курсларини ташкил этган.

2015 йилнинг сентябрь ойидан Тошкент шаҳридаги Инҳа университети қошидаги Узлуксиз таълим маркази менежери сифатида ишлаб келаётган эди.

Инглиз ва япон тилларини билади. 

IELTS 8,0 — халқаро сертификатига эга.

Оилали, 2 нафар фарзанди бор.

Эслатиб ўтамиз, ихтисослаштирилган мактаб Ўзбекистон Президентининг 2017 йил 14 сентябрдаги қарори асосида ташкил этилган. Мактаб ўқувчилари давлат умумий ўрта таълим стандартлари асосида замонавий педагогик ва ахборот-коммуникация технологияларини кенг жалб қилган ҳолда математика, физика, информатика ва чет тили фанларини чуқур ўзлаштиришади. Мактаб низомига кўра, таълим ўзбек тилида олиб борилади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг