Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Бу сиз ўйлаган «нарса» эмас! ТАТУдаги «баҳо машмашаси»га изоҳ берилди

Бу сиз ўйлаган «нарса» эмас! ТАТУдаги «баҳо машмашаси»га изоҳ берилди

Фото: «Xabar.uz»

Шу кунларда айрим ижтимоий тармоқлар ҳамда телеграм-каналларда Тошкент ахборот технологиялари университетидаги имтиҳонлар ва кредит тизими ҳақида ҳар хил гап-сўзлар тарқалди. «Xabar.uz» мухбири бунга изоҳ олиш мақсадида университет кредит тизимини бошқариш бўлими бошлиғи Фарҳод Алишеров билан суҳбатлашди.

Фарҳод Алишеров. Фото: «Xabar.uz»

— «Telegram»да бир фотосурат пайдо бўлди: бунча талаба нега ҳалак, деган савол туғилади. Бунга нима дейсиз?

— Ўша куни дастурлаш фанидан апелляция бўлиб ўтганди. 4-5 балл олган, умуман ёзмаган, имтиҳондан шпаргалка, телефон ва бошқа тақиқланган воситаларни ишлатгани учун четлаштирилган талабаларнинг барчаси бирдай югуриб келди. Булар биринчи босқич талабалари: апелляция нималигини билмаган, баҳосини савол-жавоб орқали ёки қайтадан кўтараман, деб ўйлашган.

— Ижтимоий тармоқлардаги хабарларга муносабатингиз?

— Ҳа, фотосуратдаги манзара ТАТУда кузатилди, буни инкор этмайман. Аммо бу сиз ўйлаган «нарса» эмас!

Бунинг юзасидан менга кўпгина саволлар ва фикрлар келди. Ушбу ҳолат турли телеграм-каналларда хабар берилганидек, «стипендияга навбат» ёки «баҳо машмашаси» эмас, балки имтиҳондан ўтолмаган талабаларнинг қайта топширишга кириш жараёни. Бу семестр давомида «охирида бир амаллаймиз» деган хаёлда юрган талабаларнинг аҳволи! Энди улар нима қилиш кераклигини, ўқимаса аҳволи ёмон эканлигини тушуниб етишди.

Турли каналларда тарқалган ёлғон (fake) ахборотларга ишонмасликни сўраб қолардим. Жудаям кўп талабалар менинг номимдан каналлар ёки профиллар очиб ҳам маълумот тарқатишибди... Эслатиб ўтаман, бизнинг расмий телеграм-каналимиз мана бу: https://t.me/lms_tuit_official. Шунингдек, саволлар билан @lms_tuitbot телеграм-ботимизга ёзишингиз мумкин.

Эслатиб ўтаман, ўқитишнинг кредит тизимида талабанинг маълум ўқув курсини ўзлаштириш даражаси турли мезонлар асосида белгиланадиган маълум миқдордаги кредитлар суммасини йиғишига боғлиқ бўлади.

Йиғиладиган умумий кредитлар талабанинг дарслардаги фаол иштироки, муайян ўқув курси давомида олинган тест натижалари, илмий изланишлар, оғзаки ва ёзма имтиҳонлар, амалиёт натижалари асосида белгиланади.

— Фарҳод ака, келинг, шу баҳона кредит тизимига яна бир бор ойдинлик киритиб олсак: ушбу тизим нима ўзи, уни ТАТУда жорий этишдан мақсад нима?

— ТАТУда республикада биринчилардан бўлиб, Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 24 июлдаги 569-сон қарорига мувофиқ, таълимнинг кредит тизими жорий этилди.Тизимни муваффақиятли йўлга қўйиш учун университет раҳбарияти қатъий иш олиб боряпти.

Мақсад: ўқув жараёнида жаҳон олий ўқув юртларида кенг тарқалган таълимнинг кредит тизимини жорий қилиш орқали университетни жаҳоннинг нуфузли олий таълим муассасалари қаторига киришини таъминлашдир.

Ўқитишда кредит тизимининг асосий афзалликлари:

  • Академик мобиллик — талаба таълим жараёни даврида чет эл ёки бошқа бирор бир таълим муассасаларида кредитларини сақлаган ҳолда таҳсилини давом эттира олади;
  • Таълим сифатининг юқори даражадалиги — ўқув жараёнида чет эл ўқув юртлари ва ташқи муассасалардан ўз соҳасини мукаммал ўзлаштирган мутахассислар жалб этилади;
  • Таълим жараёни жадаллигини таъминлаш мақсадида чет эл олий таълим муассасалари амалиётидан келиб чиққан ҳолда ўқув дастурлари ишлаб чиқилади;
  • Талабалар ўз истагидан келиб чиққан ҳолда фан  ва ўқитувчини танлаш имкониятига эга бўлади ва ҳоказо.

Бундан ташқари, тизимнинг энг катта афзалликларидан бири шуки, фанлар асосли равишда қисқартирилди. Соҳага йўналтирилган фанларга талаб оширилди. Авваллари талаба 13та фан бўйича таҳсил олар эди, ҳозир эса 7таси қолдирилди. Бу эса чуқурроқ билим олиш имкониятини вужудга келтиради. Олдин ўқув режаси бўйича 43та фан бўлган бўлса ҳозир уларнинг сони 31та.

— ТАТУда бу тизим қандай йўлга қўйилмоқда?

— Талабаларга семестр давомида дарсда бериладиган мустақил иш ва уйга вазифалар тўғридан-тўғри lms.tuit.uz сайтига жойлаштирилади. Шундан сўнг ўқитувчига талаба ҳимоя учун боради. Бунда рейтинг кўрсаткичлари ошиб бораверади. Ўқитувчи томонидан мустақил иш ва уйга вазифалар учун дедлайн белгиланади. Ўз вақтида мустақил иш ва уйга вазифаларни сайтга юкламаган талабалар баҳоланилмайди. Қайта топшириш деган фикр — нотўғри! Бу тизимда қайта топшириш тушунчаси мавжуд эмас. Фақат қайта ўқиш мумкин.

— Қайта ўқиш нима, нега керак?

— Қайта ўқишни қайта топшириш ёки жарима билан адаштириш керак эмас. Қайта ўқиш ўз номи билан — ҚАЙТА ЎҚИШ. Яъни, талабалар ушбу фанни қайтадан ўқийди. Қайта ўқиш — биринчи дарсдан то охирги дарсгача ўтилган маъруза, лаборатория ҳамда амалий машғулотларни ўз ичига олади. Талабалар, шунингдек, барча топшириқларни, мустақил ишларни, лаборатория, амалий машғулотларни ва ҳ.к.ларни қайтадан топшириши керак бўлади ҳамда семестр охирида якуний назоратдан ўтадилар.

Қайта ўқиш — пуллик. Чунки талабалар қайтадан таълим олади. Талабаларга маърузалар, лаборатория машғулотлари бепул олиб борилмайди, уй вазифалари текширилмайди ва ҳ.к. Талабалар қайта таълим олиш учун пул (контракт) тўлайдилар. Айнан шунинг учун кредит суммаси контракт суммасидан келиб чиқиб ҳисобланади.

Фото: «Xabar.uz»

— Якуний имтиҳонлар-чи? Бу нима бўлади?

— Якуний имтиҳонга кирган талабага имтиҳон қоғозлари топширилади. Имтиҳон қоғозларининг ярмига талабанинг исми, отасининг исми, фамилияси, гуруҳи ёзилади. Қолган ярмига эса ушбу ахборотлар QR-код шаклида шифрланган. Якуний назорат бошланган вақтда кузатувчилар имтиҳон варақаларидан талаба ҳақидаги маълумотларни йиртиб оладилар. Фақат QR-код қисми қолдирилади. Ушбу QR-кодни фақат кредит тизимидаги махсус ишлаб чиқилган дастурлар ўқий олади, холос. Якуний назоратга 2 соат вақт берилади. Ярим соат мобайнида якуний назорат саволлари ва QR-код тарқатилади. Бир ярим соат эса якуний назорат саволларини ишлаш учун берилади. Сўнг ҳамма имтиҳон қоғозлари йиғиб олинади ва жавобларни текширадиган махсус гуруҳга топширилади. Ушбу гуруҳ икки иш куни ичида якунийларни текшириб чиқади. Имтиҳон жавобларини текширувчи гуруҳ аъзолари ҳам қайси талабанинг якуний назорат ишини текшираётганидан бутунлай бехабар бўлади. Шу билан имтиҳон жавоблари эълон қилинади. lms.tuit.uz сайти орқали имтиҳон ва унинг натижаларини эълон қилишда тўлиқ шаффофликка амал қилинади.

— Талабалар «кредит»ни қандай қабул қилишяпти?

— Биласизми, кўп талабалар бунинг нималигини ҳали тушуниб етгани ҳам йўқ. «Эски ҳаммом, эски тос» қабилида иш тутиб, ўз вақтида фанларни ўзлаштирмаётганлар борлиги аччиқ ҳақиқат, буни яширмайман. «Ғалвир сувдан кўтарилганида» — якуний назоратлар пайтида бу яққол кўзга ташланиб қолди. Якуний назоратларда эса тўлиқ шаффофлик таъминланди.

Албатта, янги тизимни хушламаётганлар ҳам йўқ эмас. Сабаби негалигини мендан кўра яхшироқ тушуниб турибсиз... Ҳатто олдинги тизим тарафдорлари ҳам топилади. Уларга савол: хўш, аввалги тизим зўр экан, нега унда таълим тизимимизнинг танқиддан боши чиқмай қолди?..

Аммо янги тизим, янги таълим ҳаммасини ўз измига солмоқда. Талабалардан сўраладиган ягона нарса бу — чуқур билим эгаллаш! Энди бошқачасига таълим олиш, ўқув жараёнини давом эттириш мумкин эмас!

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг