Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

ДТМ тестга ўзгаришлар киритмоқчи эди. Адлия вазирлиги лойиҳага эътирозлар билдирди

ДТМ тестга ўзгаришлар киритмоқчи эди. Адлия вазирлиги лойиҳага эътирозлар билдирди

Адлия вазирлиги ДТМнинг тест тизимига киритишни режалаштираётган ўзгаришлари бўйича ўз хулосаларини берди, дея хабар берди блогер Шаҳноза Тўрахўжаева.

Унда лойиҳа бўйича бир қатор таклифлар ва эътирозлар билдирилган. Хусусан:

Вазирлик ДТМдан имтиҳонда фойдаланиладиган дарсликлар масаласига аниқлик киритишни, яъни ушбу дарсликлар рўйхатини шакллантириш учун аниқ мезонларни ишлаб чиқишни талаб қилган.

Лойиҳадаги энг баҳсли ўринлардан бири – тест синовларини такрор топшириш учун энг кам иш ҳақининг 1 баравари миқдорида тўлов ундирилиши масаласига Адлия вазирлиги эътироз билдирган. «Бу фуқароларнинг конституцион ҳуқуқларига зид, чунки конституцияда ҳар кимга моддий ва жисмоний имкониятларидан қатъи назар, таълим олиши учун бир хил имконият беришни белгилаб қўйилган. Шу боис мазкур банд қайта кўриб чиқиш керак, ушбу масала аҳоли ўртасида норозиликлар юзага келиши мумкинлигини инобатга олиш лозим» дейилади вазирлик хулосасида.

ДТМ раҳбарининг мақомини вазирга тенглаштириш бўйича бандга ҳам эътироз билдирилган. ДТМ ваколатлари кенгайтирилиши мақсадга мувофиқ эмас, яъни ушбу қарор лойиҳасидан кўзланган мақсадга. Адлия вазирлиги «лойиҳанинг тартибга солиш предмети бўлмаган 6-банд ортиқча сифатида чиқариб ташланиши лозим» деган хулосани берган. Ушбу бандда ДТМнинг ваколатларини кенгайтириш, хусусан, унинг директорини лавозимига кўра вазирга тенглаштириш, раҳбарга Давлат тест маркази тузилмасига ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқини  бериш назарда тутилган.

Лойиҳада 2 йил муддатга амал қиладиган сертификат берилиши белгиланган. Аммо сертификат қандай тартибда берилади ва берилгандан кейин унинг қандай юридик кучи бўлади деган масалалар очиқ қолган. Амалга оширилишининг аниқ механизмига эга бўлмаган нормалар ҳуқуқни тартибга солишдаги бўшлиқларни пайдо қилади ва бу ўз навбатида коррупцияга йўл очади. Шу сабабли Адлия вазирлиги ушбу сертификатни бериш тартибини ишлаб чиқиш ва унинг ҳуқуқий оқибатларини аниқ баён этиш лозим деяпти.

Адлия вазирлиги regulation.gov.uz порталида фуқароларнинг ушбу лойиҳа бўйича билдирган таклиф ва мулоҳазаларини ҳар томонлама, синчковлик билан ўрганиб чиқишни таъкидлаган ва ўз хулосаларига ушбу фикр-мулоҳазалардан қўчирмаларни илова қилган.

Адлия вазирлигининг мазкур талаблари асосида ДТМ лойиҳани қайта кўриб чиқиши ва белгиланган тартибда Вазирлар Маҳкамасига киритиши лозим.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг