Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

«Эски тос, эски ҳаммом!» — Ўқитувчи нимадан норози?

«Эски тос, эски ҳаммом!» — Ўқитувчи нимадан норози?

Ўзбекистондаги етакчи нашрлардан бири — "Миллий тикланиш" газетасининг 2018 йил 21 ноябрдаги 46-сонида "Ўқитувчи нимадан норози?" номли мақола эълон қилинди.

Мақолада пойтахтимиздаги мактабларда таълим бераётган ўқитувчиларнинг фикр-мулоҳазалари эълон қилинган бўлиб, уларнинг илтимосига кўра, исм-фамилиялари ошкор қилинмаган. Қуйида мазкур мақолани эътиборингизга ҳавола этамиз.

“Тўғри, ойлигимиз бироз ошди, яна ошади, жамоат ишларига жалб қилинмаяпмиз. Бундан хурсанд бўлдик. Аммо мактабдаги қоғозбозликдан ҳали қутулганимиз йўқ. Эски тос, эски ҳаммом! Кунда-кунора йигирмадан ортиқ ҳужжат жилдларидаги маълумотларни янгилаш билан оворамиз. Баъзан уйга ҳам олиб кетиб, тунги соат икки-учгача ухламай қоғоз тўлдирамиз. Ўз устимизда ишлашга, қўшимча дарс қилишга вақт бўлмаяпти. Энг ёмони, бу ишларнинг чек-чегараси кўринмаяпти”.

***

“Ҳар йили узоғи сентябрь ойининг 15 кунигача синф журнали бериларди. Унгача вақтинчалик журнал тайёрлаб юритиб турардик ва ҳақиқий журнал келиши билан ҳаммасини қайтадан кўчирардик. Бу йил вақтинчалик журнални бир ой тутдик. Сўнг электрон журналга ўтилармиш, деган гап-сўзлар тарқалди. Шундан сўнг мактабларга вазирлик томонидан ҳақиқий журналнинг электрон нусхаси юборилиб, ўқитувчиларга тез орада уни журнал ҳолатига келтириш буйруғи берилди. Кимдир 50, кимдир 100 минг сўм эвазига янги журнални ўз ҳисобидан тайёрлатиб, икки-уч кун ухламай ёзув-чизувини қилди. Журнал тайёр бўлганда, вазирликнинг янги буйруғи келди. Нима эмиш, энди ҳақиқий журнал келармиш. Тезда ҳаммасини қайтадан янги журналга кўчириш шарт экан. Дод деб бошингни қайси деворга уришни билмайсан, нима, ўқитувчининг кўчир-кўчирдан бошқа иши йўқми?! Бу устозларнинг устидан очиқчасига кулиш эмасми?!”

***

“Ўқитувчиларнинг мактабларда кундузи навбатчилик қилгани камдек, кечаси ҳам “қўриқчи”лик қилиши ҳамон давом этяпти. Қоровуллар нима учун ойлик олади, билмадим?! Эркак киши бўлсанг ҳам бир нави. Аммо аёл ўқитувчининг кечаси эркак қоровуллар билан бир бинода қолиши... Камига ухламаслик керак, чунки кечаси “районо”дан текшириб қолишлари мумкин. Туни билан ухламай навбатчилик қилган устознинг эртаси куни қандай дарс ўтишини энди тасаввур қилаверинг”.

***

“Фарзандлар тарбияли бўлиб, бирор ютуққа эришса, ота-онага раҳматлар айтилади. Агар бола тарбиясиз бўлса-чи?! Бунга, аввало, ўқитувчилар асосий айбдор бўлиб қолмоқда. Яъни ўқувчиларни тарбиялаш масъулияти, асосан, мактабга ташлаб қўйилмоқда. Бола уйида бўлган пайти ёки мактаб ҳудудидан ташқарида бирор ҳуқуқбузарлик содир этса, айб қилиб қўйса нима учун эртаси куни синф раҳбари ёки мактаб директори тушунтириш хати ёзяпти, ишдан кетяпти. Ахир мактабдан ташқарида фарзандининг юриш-туриши учун ота-онаси жавобгар эмасми?!”

***

“Яқинда телевизорда ўқитувчилар боғи ташкил қилиниши ҳақидаги хабарни эшитиб, кулиб қўя қолдик. Балки бу ҳам керакдир. Лекин ҳатто ўз фарзандига вақт ажратолмаган ўқитувчининг боққа боришга имкони бормикан?! Ундан кўра, ўқитувчилар учун таълим вазирлигига тегишли бўлган махсус шифохона, соғломлаштириш марказлари ташкил қилган яхши эмасми?! Нима учун кўплаб ташкилотларнинг шифохоналари, санаторийлари бор-у, ўқитувчилар учун бундай қўлайликлар яратилмаган? Бу борада тегишли қарорлар чиқариш вақти келмадимикан?..

***

“Ўқитувчиларни давлат мукофотлари билан тақдирлаш тизимида ҳам талай муаммолар мавжуд. Ҳар йили мактабларда мукофотланишга ҳар томонлама муносиб бўлган, билим ва тажрибага эга кўплаб устозлар номзодлари рўйхати берилса-да, якунда улар қолиб, баъзан кечагина мактаб остонасига келган, ҳали бирор арзирли ютуққа эришмаган, ўқувчилар билан мулоқотга кириша олмаган айрим ўқитувчилар “улоқ”ни олиб кетади. Бу ҳолатни нима деб баҳолаш мумкин?!”

Ҳа, бу каби гап-сўзлар, муаммолардан кўз юмиб бўлмайди. Устозлар вазирлик томонидан берилаётган “қоп-қоп” ваъдаларнинг амалда ифодаланишини хоҳлайди. Таълим тизимига давлат бюджетидан самарали маблағ ажратилаётганини назарда тутсак, бу ўринда “ҳаммаси маблағга бориб тақалади”, деб айтиш ҳам ножоиз кўринади. Зеро, муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, одамлар фақат эртага эмас, бугун ҳам бахтли, фаровон яшашга ҳақлидир.

Изоҳлар 1

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг