Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Ҳокимнинг маънавий туҳфаси. Қашқадарёда китобга ҳайкал қўйилди

Ҳокимнинг маънавий туҳфаси. Қашқадарёда китобга ҳайкал қўйилди

Фото: «Xabar.uz»

Мажбурият ва масъулият тушунчалари ёнма ён келса-да бири ижрони, иккинчиси ҳис этишни англатади. Мажбурийлик қўйилган вазифани тўла ижро этишдир. Масъулият эса уни англаш, ҳис этиш туйғуси билан боғлиқ. Шунинг учун ҳам амалга ошираётган ишларимизни обдон ҳис этиш, масъулиятни сезишнинг самараси аҳамиятлидир.

Оммавий китобхонлик маданиятининг узвий бир бўлаги, маърифат тарқатишнинг муҳим усулларидан бири китоб тақдим этишдир. Президентимиз ташаббуси билан бошланган бу хайрли ҳаракат барча раҳбар ходимларнинг ўзларига яқин бўлган ёхуд таҳсил олган таълим муассасаларига китоб тақдим этишлари билан анъанавий тус олди.

Яқинда Қашқадарё вилояти ҳокими Зафар Рўзиев томонидан Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти раҳбарияти номига энг самимий ва эзгу ниятлар билан билимлар манбаи бўлмиш китоблар мажмуининг тақдим этилишида ҳам ана шу туйғуни туйиш мумкин.

Институт Ахборот ресурс марказидан ўрин олган, талабалар томонидан севиб ўқилаётган ўзбек ёзувчиларидан Тоҳир Маликнинг «Одамийлик мулки», «Тафаккур гулшани», «Қуёшингиз ботмасин» ва бошқа китоблари, Эркин Воҳидовнинг танланган асарлари, атоқли ёзувчи Шуҳратнинг роман ва ҳикоялари, Чингиз Айтматов ва чет эл ёзувчиларининг асарлари шулар жумласидандир.

Фото: «Xabar.uz»

Инсон кўриш, эшитиш, мутолаа қилиш орқали маънавий эҳтиёжини қондиради, чексиз завқ-шавққа тўлади. Туман ва шаҳарларнинг қоқ марказларида эътиборингизни жалб этувчи китоблар мажмуаси гавдаланса, улкан монумент ва ҳайкаллари қад ростласа кўзингиз қувнаб, дилингиз яйрамайдими? Албатта, шодланасиз. У сизни маънавият хазинаси — китобга бўлган эътиборингизни янада кучайтириши тайин. Ана шу маънавий эҳтиёжни ҳис этган ҳолда, Қашқадарё вилояти ҳокимининг ташаббуси ва ташкилотчилиги билан ўзбек ва жаҳон адабиёти классикларининг китоблари мажмуасига вилоят ҳудудининг бир неча жойларида ўрнатилган монументлар, ҳайкаллар бугунги кунда етти ёшдан етмиш ёшгача бўлган барчанинг диққатини тортаётгани қувонарлидир.

Р.Жуманиёзов, 
институт матбуот котиби

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг