Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Мактаблар рeйтинги тузилади: иштирокчилар қуръа ташлаш йўли билан аниқланади

Мактаблар рeйтинги тузилади: иштирокчилар қуръа ташлаш йўли билан аниқланади

2018 йил июль ойида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан илк маротаба Ўзбекистондаги олий таълим муассасалари рейтинги аниқланган эди. Ушбу рейтинг натижаларининг эълон қилиниши олий таълим муассасалари фаолиятини янада самарали иш олиб боришига асос бўлди.

Энди, ушбу жараённинг мантиқий давоми сифатида рейтинг тизимини умумтаълим мактабларда ҳам ўтказиш режалаштирилмоқда.

Шу ўринда бир жиҳатга эътибор қаратиш лозим, мамлакатимизда олий таълим муассасалари рейтингини аниқлашда 57 та ОТМ иштирок этган эди.

Лекин умумтаълим мактабларга назар ташласак, уларнинг сони ўн мингга яқин. Демак, булар ўртасида 1, 2, 3, 4.............9567, 9566 деган тартибда рейтинг келтириб чиқариш ўта мушкул ва нореал ҳолат.

Шу нуқтаи назардан,  Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 5 сентябрдаги «Халқ таълимини бошқариш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонида 2019 йил 1 январдан бошлаб, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан туманлар ва шаҳарлар кесимида танлаш асосида умумтаълим муассасалари фаолияти самарадорлиги бўйича рейтинг тузилиши белгиланган. Шунга асосан, 2018 йил 29 декабрда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси ва Халқ таълими вазирлигининг «Умумтаълим муассасаларининг фаолияти самарадорлигини баҳолаш мезонларини тасдиқлаш тўғрисида»ги қўшма қарори имзоланиб, Адлия вазирлигидан рўйхатдан ўтказилди.

Албатта, рейтинг жараёнини қандай амалга ошириш мамлакатимиздаги ҳар бир умумтаълим мактаби учун муҳим.

Мактаблар рейтингини аниқлаш икки босқичда амалга оширилади

Биринчи босқичда республикамиздан рейтингда иштирок этадиган 28 та туман ва шаҳар аниқланади. Бунда 14 та ҳудуднинг марказ шаҳарлари танланади. Унга қўшимча равишда ҳар бир ҳудуддан биттадан туман қуръа ташлаш йўли билан аниқлаб олинади. Демак, республикамиз бўйича 28 та туман ва шаҳар рейтингни аниқлашда иштирок этади.

Иккинчи босқичда қуйидаги 4 та рейтинг индикатори бўйича танланган туман, шаҳарлардаги мактаблар фаолияти ўрганилади.

  1. 11-синф битирувчиларининг умумтаълим фанлари бўйича таълим тайёргарлик даражаси ва сифати кўрсаткичи;
  2. 9-синф ўқувчиларининг билим даражаси кўрсаткичи;
  3. Олий ва биринчи тоифали ўқитувчилар улуши;
  4. Ўқувчилар ва педагоглар билан ўтказиладиган ижтимоий сўров натижалари.

Рейтингда умумтаълим муассасалари 9-синф битирувчиларининг билим даражаси  PISA (Programme for International Student Assessment) ва TIMSS (Trends in International Mathematics and Science Study) — ўқувчилар билимини халқаро баҳолаш дастури талаблари доирасидаги саволлар асосида баҳоланади.

Умумтаълим муассасасида ўтказиладиган ижтимоий сўровлар назорат ишлари бошланишидан олдин ташкил этилади ва қуйидаги икки усулда амалга оширилади:

Биринчи усул. Битирувчи синфлар ўқувчилари билан педагог ва раҳбар ходимлар фаолияти тўғрисида ижтимоий сўров ўтказилади. Бунда таълим муассасасидаги ижтимоий-маънавий муҳит ва ўқитувчиларнинг дарс бериш махорати ҳақида ўқувчилар фикри ўрганилади.

Иккинчи усул. Педагогик жамоа билан TALIS (Teaching and Learning International Survey) — таълим бериш ва ўқитиш тизимининг халқаро тадқиқотига асосланган ижтимоий сўров ўтказилади. Бунда мактабларда ўқитувчилар учун яратилган шароитлар ва у ердаги ўқув муҳитининг аҳволи ҳақида ўқитувчилар фикри ўрганилади.

Умумтаълим муассасалари рейтингини тузиш мақсадида Давлат инспекцияси Халқ таълими вазирлиги билан келишган ҳолда рейтингни аниқлашга оид маълумотлар базасини шакллантириш, умумтаълим муассасаларида назорат ишлари ва ижтимоий сўровларни ўтказиш бўйича мувофиқлаштирувчи комиссия тузилади. Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятларда умумтаълим муассасалари рейтингини аниқлашга оид маълумотлар базасини шакллантириш, назорат ишлари ва ижтимоий сўровларни ўтказиш бўйича Давлат инспекциясининг ҳудудий бўлимлари ҳамда Халқ таълими вазирлигининг ҳудудий бошқармалари ходимларидан иборат ишчи гуруҳлар тузилади. Комиссия ҳамда ишчи гуруҳ таркиблари Давлат инспекцияси буйруғи билан тасдиқланади.

Рейтингда қатнашадиган туман, шаҳарлар умумтаълим муассасалари рўйхати комиссия томонидан белгиланиб, 2019 йилнинг 1 февралигача эълон қилинади.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги
Таълим сифатини назорат қилиш
давлат инспекцияси м
атбуот хизмати

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг