Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Наманганда Президент мактаби қурилиши бошланди

Наманганда Президент мактаби қурилиши бошланди

Фото: «Наманганская правда»

Жорий йилнинг 17 апрель куни Наманган шаҳрида Президент мактабининг қурилишига бағишланган тадбир бўлиб ўтди. Бу ҳақда Халқ таълими вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.

Жорий йилда биринчи учта мактаб Тошкeнт, Хива ва Нукусда очилиши белгиланган эди. 2019 йилда Президент мактабини Наманган шаҳрида ҳам қуриш бўйича қарор қабул қилинди. 2020-2021 йиллар давомида мамлакатимизнинг бошқа вилоятларида ҳам Президент мактаблари ташкил этилади.

Президент мактабларига қабул Халқ таълими вазирлиги томонидан юртимиз таълим муассасаларининг 4-синф битирувчилари орасида белгиланган тартибда ўтказиладиган мантиқий фикрлаш тестлари, ёзма имтиҳон ва суҳбатлар натижаларига кўра амалга оширилади. Мактабнинг йиллик қабул квотаси 24 нафар ўқувчидан иборат бўлиб, иккита синфга бир хил – 12 нафардан ўқувчи тақсимланади. Биринчи ўқув йилида эса ҳар бир Президент мактабининг 5-10-синфларига жами 144 нафар ўқувчи ўқишга қабул қилинади. 

Ўқув жараёни хорижий таълим муассасалари билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган ўқув режа ва дастурлари бўйича инглиз тилида амалга оширилади ва «STEAM — таълим» (Science — табиий фанлар, Technology — технология, Engineering — техник ижодкорлик, Art — санъат, Mathematics - математика) дастури асосида олиб борилади.

Президент мактабининг 9-11-синфларида таълим олиш ўқувчиларнинг қизиқишларига кўра айрим фанни танлаш ва уларни ўрганиш даражасини инобатга олган ҳолда индивидуал ўқув жараёни асосида амалга оширилади.

Президент мактаблари битирувчилари белгиланган тартибда давлат томонидан тасдиқланган шаҳодатнома, аттестат билан бир қаторда, халқаро даражадаги тегишли дастур дипломи (International Baccalaureate, Advanced Placement ёки International Advanced Levels)га эга бўлади. Бу эса ўз навбатида хорижий олий ўқув юртларига кириш имконини беради.

Кембриж Университетининг Cambridge Assessment International Education бренди остида фаолият юритувчи Имтиҳон Кенгаши Президент мактабларига қабул имтиҳонларини ташкил этиши кутилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Қорақалпоғистон Республикасининг Нукус шаҳрида, Хоразм вилоятининг Хива шаҳрида ва пойтахтимизнинг Мирзо Улуғбек туманида ҳам Президент мактабининг қурилиш ишлари бошланган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг