Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Ўзбекистон таълимни тан олиш Токио Конвенциясига қўшилади

Ўзбекистон таълимни тан олиш Токио Конвенциясига қўшилади

Бугунги кунда ҳужжатларни нострификация қилдириш учун Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясига бўлаётган мурожаатлар сони йилдан-йилга ошиб бормоқда. Жумладан, 2017 йилда 1219 та мурожаат бўлиб, шундан 447 та ҳужжат ностирифкация қилинган бўлса, 2018 йилда 2547 та мурожаатдан 1189 таси нострификация қилинган. Маълумки, дунёда таълим олувчилар, олий таълим талабгорлари, илмий тадқиқот олиб борувчилар ёки бир мамлакатдан бошқасига бориб ўқиётган ва ишлаётганлар сони 5 млн. дан ошиб кетаётганлиги мамлакатлар ўртасида олий таълим олишни таъминлаш учун бир хил ёндашувни, тан олиш талабларини соддалаштиришни, ушбу йўналишдаги муносабатларни мувофиқлаштириш эҳтиёжини вужудга келтирмокда.

Шунга мувофиқ, жорий йилнинг 23 апрель куни Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси ҳамда ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси билан ҳамкорликда Ўзбекистон Республикасининг Осиё ва Тинч океани ҳудудлари бўйича таълимни тан олиш Токио Конвенциясига қўшилиш масаласига бағишланган семинар ташкил этилди. Ушбу тадбирда ЮНЕСКО томонидан таклиф этилган халқаро экспертлар иштирок этишди. Унда мамлакатимизда амалда бўлган хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисида ҳужжатларни тан олиш бўйича меъёрларни халқаро талабларга мослаштириш, Миллий ахборот марказини ташкил этиш, уларнинг электрон базасини яратиш, халқаро электрон базаларга уланиш, Халқаро конвенциялар, жумладан Токио Конвенциясини ратификация қилиш каби масалалалар муҳокама қилинди.

Тадбирнинг биринчи куни Таълим сифтаини назорат қилиш давлат инспекциясида кичик даврада ва иккинчи куни эса Интерконтинентал меҳмонхонасида семинар ўтказилди. Семинарда Ўзбекистон Республикаси Ьош вазири ўринбосари А.Абдуҳакимов, Таълим инспекцияси бошлиғи У.Ташкенбаев, ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ва мамлакатмизнинг турли вазирлик ҳамда идораларнинг мутасадди вакиллари иштирок этишди.

Эслатиб ўтамиз, Париждаги ЮНЕСКО ташкилоти томонидан «Таълим соҳасидаги малакаларни тан олишга доир Глобал Конвенция» лойиҳаси тайёрланиб муҳокамадан ўтказилмоқда ва у ЮНЕСКОнинг 2019 йилнинг ноябрь ойида ўтказиладиган 40-ялпи Конференциясида қабул қилиниши режалаштирилган. Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекция мутахассислари Парижда Глобал Конвенция лойиҳаси муҳокамасига бағишланган халқаро конференцияда қатнашиб тажрибаларни ўрганиб келишган эди.

Бугун ушбу масалада 58 та давлат томонидан ратификация қилинган Лиссабон конвенцияси ҳамда Осиё ва Тинч океани ҳудудлари бўйича Токио, Африка давлатлари учун Аддис Конвенциялари амалда қўлланилиб келинмокда. Барча конвенциялар ЮНЕСКО томонидан мувофиқлаштирилади. Муҳокамадаги Глобал конвенция лойиҳаси улардан фарқли равишда худуд танламаган холда тартиб белгилашга қаратилган.

Конвенцияни амалга ошириш ва халқаро ҳамкорлик қилиш учун миллий структурани такомиллаштириш, уларни таълимнинг барча босқичлари бўйича маълумотлар билан тўлдириш, таълим, олий таълим муассасалари, ўқув дастурлари, таълим олувчилари ва профессор ўқитувчилари ҳамда ҳар бир олий таълим муассасаларининг сайтларини мунтазаб янгилаб бориш каби вазифалар ҳам ушбу конвенция мазмунидан келиб чиқадиган вазифаларга айланди. Чунки Конвенция ратификация килиниши давлатлар ўртасида таълимнинг барча босқичлари, айниқса олий таълим бўйича ҳужжатлар, малака ва ўқув дастурлари каби сўраладиган ҳар кандай маълумотларни ўз вақтида ва сифатли такдим этилиши лозимлигини белгилайди.

2018 йил октябрь ойида Осиё ва Тинч океани аъзо-давлатлари малакани тан олиш орқали “олий таълим мобиллиги ва халқаролашувининг янги даври”ни эълон қилди (Сеул баёноти). 2018 йил 1 февралдан кучга кирган таълимни тан олишга бўйича Токио конвенцияси Осиё ва Тинч океани минтақаси ва ундан ташқарида жойлашган давлатлар орасида талабаларнинг чегаралараро мобиллиги масаласини сиёсий ва амалий жиҳатдан уйғунлаштириш имкониятларини яратади.

Маълумот учун, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 16 январдаги «Таълим сифатини назорат қилиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-4119-сонли қарори доирасида Таълим инспекцияси ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг қўшма қарори билан халқаро тан олинган ташкилотларнинг рейтингида биринчи 1000таликка киритилган олий таълим муассасалари рўйхати  тасдиқланди. Унга кўра ушбу ОТМлари битирувчиларининг таълим тўғрисидаги ҳужжатларини нострификациялаш тўғридан-тўғри амалга ошириладиган бўлди.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги
Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси
Матбуот хизмати

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг