Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Ўзбекистонда илк бор Мирзо Улуғбек номидаги халқаро олимпиада ўтказилади

Ўзбекистонда илк бор Мирзо Улуғбек номидаги халқаро олимпиада ўтказилади

Шу йилнинг 19–23 июнь кунлари Самарқанд шаҳрида илк маротаба умумий ўрта таълим мактабларининг 10–11-синф ўқувчилари ўртасида физика ва астрономия фанларидан Мирзо Улуғбек номидаги халқаро олимпиада ўтказилади. Бу ҳақда Халқ таълими вазирлиги ахборот хизмати маълум қилди.

Айтиш керакки, ушбу нуфузли халқаро олимпиадани ташкил этиш ташаббуси Президент Шавкат Мирзиёевнинг шу йил март ойида Самарқанд шаҳрига қилган ташрифи давомида маҳаллий аҳоли фаоллари билан учрашувда илгари сурилган эди.

Айтилишича, Мирзо Улуғбек номидаги халқаро олимпиадани ташкил этишдан кўзланган асосий мақсад буюк аждодларимизнинг жаҳон цивилизацияси ривожига қўшган улкан ҳиссасини халқаро миқёсда тарғиб этиш, иқтидорли ўқувчилар учун хорижий мамлакатлардаги тенгдошлари билан дўстона рақобат муҳитини яратишдан иборат.

Шу пайтга қадар Ўзбекистон ўзининг нуфузли халқаро олимпиадасига эга бўлмаган. Самарқандда ўтказилаётган ушбу халқаро олимпиада тарихнинг янги саҳифаси бўлиб, мамлакатимизнинг дунё ҳамжамиятида нуфузи тобора ортиб бораётганини кўрсатади.

Мирзо Улуғбек номидаги халқаро олимпиадада дунёнинг қатор давлатидан иқтидорли ўқувчилар иштирок этиши кутилмоқда. Унда ҳар бир иштирокчи давлатдан 6 нафар ўқувчи (3 нафари физика, 3 нафари астрономия фанидан) ҳамда икки нафар жамоа раҳбаридан иборат гуруҳ иштирок этиши белгиланган.

Халқаро олимпиада икки босқичда: назарий ва экспериментал босқичда ўтказилиб, олимпиада материаллари ўзбек, рус ва инглиз тилларида тайёрланади.

Ҳакамлар ҳайъати физика ва астрономия фанларидан дунёнинг таниқли халқаро даражадаги экспертлари, МДҲ давлатларининг профессор-ўқитувчилари ва юртимизнинг тажрибали олимлари, маҳоратли амалиётчи ўқитувчиларидан  иборат.

Ушбу халқаро олимпиадада ғолибликликни қўлга киритган ўзбекистонлик ўқувчилар олий таълим муассасаларига имтиёзли ўқишга кириш ҳуқуқини қўлга киритади. Мазкур халқаро олимпиада кейинчалик икки йилда бир маротаба умумтаълим муассасаларининг 10–11-синф ўқувчилари ўртасида ўтказилади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг