Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Ректор: Олий таълимда нафақат коррупцияга йўл қўйилди, балки коррупция ўргатилди (видео)

Ректор: Олий таълимда нафақат коррупцияга йўл қўйилди, балки коррупция ўргатилди (видео)

Фото: «Google.com»

Термиз давлат университети ректори Абдуқодир Тошқулов «Халқаро пресс-клуб»да олий таълим тизимидаги коррупция ҳақида фикр билдириб ўтди.

— Мен тўғридан-тўғри эфирдан фойдаланиб бир сабабни айтиб олмоқчиман. Биз ўтган 100 йил давомида таълимдан ҳам, олий таълимдан ҳам исломни суғуриб олдик. Ислом маънавиятини, ҳалол ва ҳаромнинг фарқини, тўғри яшашни суғуриб олдик. Ўтган вақт давомида фарзандларимизга Гётени ўргатдик, лекин жаноб пайғамбаримизнинг ҳадисларини келтиришга чўчидик.

Мана кеча Kun.uz'ни ўқиган бўлсангиз, коррупцияга қарши идоралараро республика комиссияси раиси бир ҳадисдан иқтибос келтирди, яъни пора берган ҳам, олган ҳам бир хил жазога мубтало, деган.

Биз ўрганмадик. Биз ислом маърифатини фақат имом гапирсин, дедик. Дунёвий билим олган одам бу ҳақда гапирса, унга бошқача қарадик. Оқибати нима бўлди? Мана ҳозир коррупция ҳақида гапирадиган бўлсак, олий таълим соҳасида нафақат коррупцияга йўл қўйилди, балки келажак авлодга коррупция ўргатилди.

Мана ҳозир бизга чиройли бинолар кўрсатилди. Мен кечирим сўрайман, аммо аждодларимиз мадрасаларда, ярмигача туз чиқиб ётган жойларда илм ўрганишган, 9 ёшгача Қуръонни ёд олишган.

Ташқи кўринишни тўғрилаб қўйиш осон. Агар чиройли бинолар билан алломалар чиққанда, биласизми ҳозир қанча бухорийлар ва термизийлар етишиб чиққан бўларди? Аммо гап таълимнинг сифатида. Адолатсизликда!

Талаба ўқишга келади ва биринчи семестр давомида завқ-шавқ билан ўқийди. Кайфият зўр! Аммо адолатсизликни кўради-да, кейин 7 семестр ўқимайди! Нимага? Нима учун адолатсизлик? Таниш-билиш, таъмагирлик!

Икки йилдан буён муаммолар 80 фоизга камайди. Натижа катта! Яна икки-уч йилда олий таълим Япония ва Европага тенглашиб қолади. Ҳозир камчиликларни ўзимиз эътироф этяпмиз, аммо ютуқлар ҳам кўп.

Олий таълимда раҳбар шаффоф бўлиши керак. У талабанинг олдида ҳисобдор бўлиши керак.

Ўқитувчига баҳони талаба бериши лозим. Бутун дунёда шунақа. Ўқитувчи талабани қаноатлантира олмадими, демак уни ишдан олиш шарт. Аммо бизда битта ўқитувчини ишдан бўшатиб кўринг қани, қанча шикоят ёзар экан. Кейин ортидан текширувчилар келади.

Олий таълимда ҳамон биқиқ муҳит ҳукмрон. Ўқитувчи талаба билан дўст бўлмаяпти. Кўпчилик дарс вақтида ўз ҳаётини айтиб бериб ўтиришдан нарига ўтмаяпти, — дейди Абдуқодир Тошқулов.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг