Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Россия — Ўзбекистон: таълим ҳужжатлари ва илмий даражалар ўзаро тан олинади

Россия — Ўзбекистон: таълим ҳужжатлари ва илмий даражалар ўзаро тан олинади

Фото: «Xabar.uz»

Маълумотларга қараганда, ҳозирда Россия Федерациясида 25 000 нафарга яқин ўзбек ёшлари таълим олмоқдалар ва ҳар йили уларнинг сони ўртача 7500 нафарга ошиб боряпти. Икки давлат ёшларининг мобиллигини ривожлантириш, уларга таълим олишлари учун муносиб шароит яратиш, таълим ҳужжатларини ўзаро тан олиш тизимини янада соддалаштириш бўйича  Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси бошлиғи У.Ташкенбаев бошчилигидаги делегация Россия Федерациясининг Фан ва таълим соҳасини назорат қилиш федерал хизмати билан музокаралар олиб борди. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясининг матбуот хизмати хабар берди.

Делегация Фан ва таълим соҳасини назорат қилиш федерал хизмати ҳузуридаги Миллий аккредитация агентлиги фаолияти билан яқиндан танишди ва агентлик томонидан ташкил этилган аккредитация экспертларининг йил якунига бағишланган семинарда иштирок этди. Музокаралар чоғида таълим муассасаларини аккредитацияси бўйича тажриба алмашилиб, аккредитация жараёнига экспертларни танлаб олиш ва жалб этишда Россия тажрибасидан фойдаланиш, икки мамлакат ўртасида экспертларни ўзаро алмашиш орқали аккредитация жараёнларини биргаликда ўтказиш ҳамда қўшма аккредитацияланган олий таълим муассасалари филиаллари ва қўшма дастурларини тўғридан-тўғри тан олиш амалиётини йўлга қўйишга келишиб олинди.

Шунингдек, Давлат инспекцияси делегацияси Фан ва таълим соҳасини назорат қилиш федерал хизмати ва Россия Федарацияси Фан ва таълим вазирлигининг мутахассислари билан биргаликда «Россия Федерацияси ҳукумати ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ўртасида таълим ҳужжатларини, малакавий ва илмий даражаларни ўзаро тан олиш бўйича ҳукуматлараро Битим» лойиҳасини ишлаб чиқди. Ишчи гуруҳ учрашуви бўйича тегишли баённома расмийлаштирди ва тайёрланган Битим лойиҳасини дипломатик каналлар орқали ҳар иккала томон Ҳукуматларига киритиш белгилаб олинди.

Шуни таъкидлаш жоизки, ушбу хужжатнинг имзоланиши икки давлат ўртасида таълим хужжатларини тўғридан-тўғри тан олиниши, ёшларларни билим олишларидаги бюрократик тўсиқларни бартараф этиш (Россияда хужжатларни нострификация қилиш 45 кунгача вақтни олади) ва уларнинг ҳар йили тахминан 800 000 АҚШ доллари миқдоридаги маблағларини тежашни таъминлайди.

Ўзбекистон делегацияси Фан ва таълим соҳасини назорат қилиш федерал хизмати ҳузуридаги Бош экспертиза марказига ташриф буюрди ва унинг фаолияти билан яқиндан танишди. Давлат инспекцияси ва Бош экспертиза маркази ўртасида музокаралар олиб борилди ва ўзаро ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум имзоланди. Бу эса ўз навбатида Ўзбекистон ва Россия давлатлари ўртасида нострификация жараёнларида мавжуд электрон маълумотлар базалардан фойдаланиш, мутахассислар малакасини ошириш, семинарлар ўтказиш ва таълим хужжатларини тан олиш муддатини 20 фоизга қисқартиш имконини беради.

Шунингдек, У.Ташкенбаев бошчилигидаги делегация вакиллари Жаҳон банкининг Москва офисида Вашингтон, Тошкент ва Москва ўртасида ўтказилган видеомулоқотда иштирок этди. Йиғилишда Ўзбекистоннинг 2021 йилда PISA халқаро тадқиқотларда иштирок этишига тайёргарлик кўриш мақсадида Россия тажрибасидан унумли фойдаланиш ва бу жараёнга россиялик экспертларни жалб этиш масалалари муҳокама қилинди. Жаҳон банкининг мутахассислари ушбу дастурда иштирок этишини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашларини билдирдилар. 2019 йил февраль ойида Ўзбекистондан 30 та малакали педагогларни Москва шаҳрида малака оширишлари бўйича амалий келишувга эришилди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг