Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Шарқ тилларини ўрганиш эҳтиёжи: муаммо ва ечимлар

Шарқ тилларини ўрганиш эҳтиёжи: муаммо ва ечимлар

Фото: marifat.uz

Дунёдаги етакчи мамлакатларнинг сўнгги йиллардаги юксалиш хусусиятлари иқтисодий, маданий, илмий соҳалардаги тараққиёт Осиёга — Шарқ заминига кўчаётганини кўрсатаяпти. Жаҳон геосиёсий саҳнасида ҳам бу минтақа мамлакатларининг таъсири тобора орт­моқда. Шу нуқтаи назардан қараганда, бугунги глобаллашув жараёни Шарқ ва Ғарб маданиятини бир-бирига қарама-қарши қўйиш эмас, балки улар ўртасида қадимдан мавжуд бўлган ўзаро таъсир, ҳамкорлик ва маънавий-маданий бойиш имкониятларидан оқилона фойдаланиш, ушбу икки минтақадаги давлатлар ва уларнинг тилини пухта ўрганишни талаб этмоқда.

Тарихан Буюк ипак йўлининг гавжум чорраҳаларидан бирида жойлашган юртимиз бир вақтнинг ўзида кўплаб маданиятлар билан ўзаро таъсир ва алоқада бўлган. Заминимизда серқирра ҳамкорлик, маънавий-маданий бойиш, энг муҳими, ўзаро тушуниш, эътибор ва ҳурмат сингари қадриятлар қарор топган. Бағри­кенг­лик хал­қимиз менталитетининг бош фазилатларидан бири бўлиб келган. Шу боис қадимдан юртимизда чет тиллардан, асосан, анаткак (санскрит), табғач (хитой), тўхри (ўрта форс тили) тиллари ўргатилган бўлса, ўрта асрларга келиб кўпроқ араб ва форс тилларини ўқитиш эҳтиёжи юзага келди.

XIX асрнинг охирларидан бошлаб эса рус тили ва маданиятини ўрганиш кун тартибига чиқди. Ўша кезлар буюк маърифатпарвар, жадидчилик ҳаракати етакчиси Маҳмудхўжа Беҳбудий «Ойина» журналида «Икки эмас, тўрт тил лозим» мақоласи билан «Биз туркис­тонийларға туркий, форсий, арабий ва русий билмоқ лозимдур» деган ғояни илгари сурди.

Собиқ шўролар даврида чет тили сифатида асосан инглиз, немис, француз тилларини ўқитиш билан бирга пойтахт ва вилоят марказлари ҳамда йирик шаҳарларда Шарқ тилларига ихтисослаштирилган мактаблар ҳам фаолият олиб борган.

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда хорижий тилларни ўқитиш ва соҳа мутахассисларини тайёрлаш ҳақида гап кетганда асосан Ғарб тиллари, биринчи навбатда инг­лиз тили назарда тутилди. Аслида ўқитилаётган барча тилларга, шу жумладан, Шарқ тилларини ўргатишга ҳам бирдек шароит яратиш лозим эди. Амалда бундай бўлмади. Ўтган асрнинг 90-йилларидан Шарқ тиллари ўқитиладиган мактабларга муносабат ўзгарди. Айниқса араб, форс тиллари диний оқимларнинг кириб келиши, ислом динининг кенг тарқалиши орқали ёшларда радикал қарашлар шаклланишига олиб келади деган фараз илгари сурилди. Шарқ тилларини ўқитишдан кўра ил­ғор Ғарб тилларини ўргатишга асосий эътибор қаратиш зарур деган ақида ҳукмрон бўла бошлади. Бирин-кетин Тошкент, Фарғона, Наманган, Бухоро, Хоразм, Самарқанд ва бошқа вилоятлардаги Шарқ тилларини ўқитишга ихтисослаштирилган бор-йўғи 2-3 тадан иборат умумтаълим муассасалари оддий мактабларга айлантирилди. Вазиятнинг бундай тус олиши ўқувчилар, ота-оналар ва жамоатчилик орасида тушунмовчилик келтириб чиқара бошлади. Бироқ ҳеч ким очиқ-ошкора эътироз билдира олмади. Натижада Шарқ тиллари, хусусан, араб тилини ўрганишга рағбати юқори ўқувчилар мақсади номаълум бўлган хусусий ўқув масканларида ўқишга мажбур бўлди. Бу эса, ўз навбатида, турли диний йўналишдаги рухсат этилмаган, лицензиясиз ўқув гуруҳларининг ташкил топишига йўл очди.

Ўша кезлари машҳур шарқ­шунос олим Шоислом Шомуҳамедов, академиклар Азизхон Қаюмов, Алибек Рустамов ва бошқа кўплаб шарқшунослар бундай ҳолатдан ҳайрон бўлиб, эътироз билдирганига гувоҳ бўлганмиз. Чунки бўлғуси иқтидорли шарқшунослар етишиб чиқишига катта ҳисса қўшган, республика бўйича 30 тага ҳам етмайдиган хитой, ҳинд, араб, форс, урду тилларига ихтисослаштирилган умумтаълим муассасаларининг йўналиши ўзгартирилиб, фақат Ғарб тиллари, хусусан, инглиз тили ўқитила бошланди. Жумладан, Тошкент шаҳридаги шарқ тилларига йўналтирилган 22-, 24-, 119-, 272-мактаблар бошқа фанларга ихтисослаштирилган умумтаълим муассасаларига айлантирилди.

Шарқ тиллари бўйича иқтидорли ўқувчилар танлаб олинадиган фан олимпиадаси ҳам бекор қилинди. Ваҳоланки, юртимизда Шарқ тилларини чет тили сифатида ўқитишга йўналтирилган мактаблар кўп бўлмаса-да, номи дунёга таралган, хорижий мамлакатлардан келган делегациялар, олий мартабали меҳмонлар айнан шу мактабларга ташриф буюрар эди. Биргина Ҳиндистоннинг йирик давлат арбоби Лаъл Баҳодир Шастри ҳайкали ўрнатилган 24-ҳинд тилига ихтисослаштирилган мактабни эслашнинг ўзи кифоя. Ҳозир Шарқ мамлакатларидан келаётган эътиборли меҳмон ва делегацияларга фахр билан кўрсатиладиган бундай мактаб йўқ!

Айни пайтда юртимизда таш­қи сиёсат, иқтисодий-ижтимоий, маданий, ғоявий соҳаларда олиб борилаётган ислоҳотлар туфайли илгари йўл қўйилган ноўрин ҳаракатларимиз тузатилаяпти. Диний масалаларда ҳам шаффофлик таъминланиб, ишлар тўғри ўзанга туша­япти. Қолаверса, Шарқ тилларини ўрганаман деган минг­лаб ўқувчилар шу тилларни пухта эгаллаб, келгусида етук шарқшунос бўлишни орзу қилишга ҳақлидирлар. Зеро, буюк боболаримиз, умуман, барча зиёлиларимиз яқин ўтмишгача уч тилни — она тили, араб, форс тилларини мукаммал билган. Жилд-жилд ўлмас асарларини шу тилларда битган.

Фарзандларимиз мактаб давридан бошлаб келгусида бирор Шарқ мамлакати бўйича мутахассис бўламан деса, йиллар давомида ҳижжалаб ўша давлат тилини, шу тилларда битилган сарф ва наҳв­ларини мукаммал ўрганиши керак-ку. Ўзбекистон қаҳрамони, халқ шоири Эркин Воҳидов шеърлари мазмунига мумтоз меросимизгагина хос ғоялар сингдирилганидан, ижодкорнинг араб ва форс тили лексик-семантик илдизларини жуда чуқур билишидан ҳайратланар эдим. Кейин билсам, у киши Тошкентдаги араб тилини ўқитишга йўналтирилган 22-мактабда таълим олган экан.

Академик Азизхон Қаю­мовнинг буюк навоийшунос-шарқ­шунос бўлиб етишишига сабаб Қўқонда отаси — маш­ҳур шоир ва тазкиранавис Пўлатхон Қаюмий домладан қадимги ёзма меросимизни, араб ва форс тилларини чуқур ўрганганидир. Бундай мисолларни юзлаб келтириш мумкин.

Ҳозир республикамизда фақат хитой тилига ихтисослаштирилган Тошкентдаги 59-мактаб мавжуд. Охирги йилларда баъзи вилоятларда хитой, корейс тиллари ўқитиладиган синфлар, нодавлат курс­лар очилгани ҳақида хабарлар бор. Айрим йиғин ва учрашувларда турли вилоятлардан келган шарқшунос ҳамкасбларимиз: «Нега Шарқ тилларига ихтисослаштирилган мактаблар ёпилиб кетди? Нега сиз мутасаддилар бу масалани кўтармаяпсиз?» қабилидаги саволларни кўп беришади. Тошкент давлат шарқшунослик институти электрон почтасига кунда-кунора келиб тушаётган мурожаатларнинг аксар қисмида юртдошларимиз мустақил равишда бирор-бир Шарқ тилини ўрганаётгани, бу бўйича ўқув қўлланмага эҳтиёжи борлигини айтишади ёки Шарқ тилларини қаерда ўрганиш мумкинлигини сўрашади.

Шу ўринда ҳақли савол туғилади: нима учун яқин-яқингача мавжуд бўлган, самарали фаолият олиб борган, Шарқ тилларига ихтисослашган ўқув-услубий базага эга мактабларни тиклаб, худди инглиз, француз, немис, рус тиллари каби тасдиқланган замонавий дастур ва дунёвий қўлланмалар асосида ўқитишни йўлга қўйиб бўлмайди?

Масаланинг яна бир муҳим томони бор. Ҳозир Тошкент давлат шарқшунослик институти талабалари орасида олий таълим муассасаси қошидаги академик лицейларда ўқиб, имтиҳон топшириб, ўқишга кирадиганлар маълум қисмни ташкил этади. Институтимиз учун айнан шу тоифадаги ёшлар керак. Уларнинг Шарқ тиллари бўйича олган билими Ғарб тилларига йўналтирилган лицей ҳамда коллежларни тугатган йигит-қизларникидан фарқ қилади. Биз мутахассис сифатида, хусусан, филология йўналишига лицейда Шарқ тилларини ўрганган ўқувчиларни қабул қилиш тарафдоримиз. Бироқ уларнинг сони кам. Бунинг устига лицейларга ҳам мактабда Ғарб тилларини ўрганган ўқувчилар ўқишга киради. Яъни улар ҳам ўрта махсус таълим давридагина қисман Шарқ тилини ўрганиб, кейин институтга қадам қўяди. Таълимдаги узвийлик ва узлуксизликни таъминлаш муаммоси шу ерда аниқ-равшан кўринади. Бугунга келиб, умумтаълим муассасаларида Шарқ тилларини ўқитиш деярли тўхтаб қолгани, «мактаб — лицей — олий таълим муассасаси» модели асосида Шарқ тиллари бўйича таълимнинг узвийлиги ва узлуксизлиги деярли йўқлиги соҳа бўйича етук мутахассисларни етиштиришга салбий таъсир кўрсатмоқда.

Ўрта асрларда юртимиздаги мактаб ва мадрасаларда муайян соҳа бўйича ёшлар узвийлик ва узлуксизлик тамо­йиллари асосида ўн йиллар давомида ўқитилган. Шундагина илми толиб ўзи танлаган йўналиш бўйича комил касб эгаси бўлиб етишган. Хал­қимиз тасаввуридаги «мактаб кўрган», «мадраса кўрган», «мадраса чангини ялаган» деган тушунчалар ўша давр таълим тизимининг давомийлигини кўрсатувчи ёрқин далилдир. Шунинг учун ҳам ўша кезлар дунёни ҳайратга солган алломаи комиллар, пири муршидлар етишиб чиққан. Энди Шарқ тилларини ўқитишда муддат ниҳоятда қисқалигини инобатга олиб, хорижий тилларни ўқитишда «мактаб — олий таълим муассасаси» ва «мактаб — лицей — олий таълим муассасаси» тизимини жорий қилиш вақти келди.

Масаланинг яна бир муҳим жиҳати миллатларнинг ўзлигига, бошқа халқлардан ажралиб турувчи хос хусусиятларига чанг солаётган ҳозирги глобаллашув жараёни билан боғлиқ. Бу жараёнга қарши тура оладиган куч сифатида миллий мерос ва қадриятлар майдонга чиқмоқда. Маънавияти бутун халқни ҳеч қайси куч, ёт мафкура, оломон маданияти йўлдан оздира олмайди. Шу жиҳатдан, боболардан қолган улкан ёзма мерос ва қадимги Шарқ қўлёзмаларини чуқур ҳамда тизимли ўрганиш, уларнинг илмий тавсифларини тузиш, илмий шарҳланган таржималарни тайёрлаш, ўзбек ва хорижий тилларда нашр эттириш, ёш авлодга етказиш бугуннинг энг муҳим, кечиктириб бўлмайдиган масалаларидандир. Бу вазифаларни изчил амалга ошириш учун ҳам юқори малакали шарқшунос кадрларни тайёрлаш, шу жумладан, манбашунослик ҳамда матншунослик бўйича мутахассисларни етиштириш муҳим ҳисобланади.

Масаланинг сиёсий-иқтисодий жиҳатларини ҳам ҳисобга олиш зарур. Ҳозир дунёда тараққий этган 20 давлатнинг ярмига яқини Шарқ минтақасида жойлашган. Улар қаторидан Япония, Жанубий Корея, Хитой, Ҳиндистон, Индонезия, Малайзия, Сингапур, Туркия, араб минтақаси давлатлари ўрин олган. Қолаверса, Ўзбекистоннинг асосий стратегик ҳамкорлари ҳам ана шу давлатлардир.

Айни кезда мамлакатимиз учун ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ корейсшунос, японшунос, хитойшунос, арабшунос, ҳиндшунос, афғоншунос, туркшунос, эроншуносларга, умуман, мамлакатимиз манфаатларини қатъий ҳимоя этувчи шарқшунос-мутахассисларга эҳтиёж кескин ошмоқда. Аччиқ бўлса ҳам тан олиш керак: таълим тизимимизда қўшни мамлакатлар билан сиёсий, ижтимоий-иқтисодий, таълимий, маданий алоқаларни йўлга қўядиган кадрларни тайёрлаш деярли ўйланмади. Оқибатда Марказий Осиёда таълим соҳасидаги етакчиликни бой бера бошладик. Ҳозир ушбу йўналишда қозоқ, қирғиз, турк­ман, тожик, озарбойжон тили ва шу мамлакатлар тарихи, сиёсати, иқтисоди, фалсафаси бўйича теран билимларга эга мутахассисларга эҳтиёж юқори. Шу боис Марказий Осиё давлатлари Шарқ минтақасининг бир бўлаги экани эътиборга олиниб, мазкур ҳудуд бўйича мутахассисларни тайёрлаш вазифаси Тошкент давлат шарқшунослик институти зиммасига юкланса айни муддао бўлар эди.

Ўзбекистон кейинги ўнйилликларда минтақада меҳнат ресурслари, ишчи кучини экс­порт қилувчи етакчи давлатга айланиб улгурди. Кўплаб фуқароларимиз Жанубий Корея, Туркия, Япония, Хитой, Бирлашган араб амирликлари сингари давлатларда меҳнат қилиб, мамлакатимиз иқтисодиёти ривожига баҳоли қудрат ҳисса қўшмоқда. Шарқ мамлакатлари, айниқса, Жанубий Корея ва Япония сингари иш берувчи давлатларни меҳнат мигрантлари сифатида ишга бораётган юртдошларимизнинг чет тилидан хабардорлиги кўпроқ қизиқтирмоқда. Улар Шарқ тили имтиҳонларидан муваффақиятли ўтганларнигина қабул қилаяпти. Ушбу масалалар ҳам ҳозир мамлакатимизда Шарқ тиллари бўйича мактабларга эҳтиёж мавжудлигини кўрсатади.

Келгусида етук шарқшунос бўлишни истаган ёшларнинг айнан мактабдан бошлаб Шарқ тилларини ўрганиши мамлакатимиз равнақи учун фақат наф келтиради. Шунинг учун бу тилларнинг умумтаълим муассасаларида ўқитилишига бўлган эскича ёндашувлардан воз кечиб, ёшларнинг, ота-оналарнинг хоҳиш-истакларини ҳисобга олиб, Шарқ тилларига йўналтирилган мактабларни ҳар бир вилоятда намуна сифатида қайта тиклаш мақсадга мувофиқ. Умуман олганда, мактабларда биттадан Ғарб ва Шарқ тилини ўқитиш масаласини жиддий ўйлаб кўриш керак.

Абдураҳим Маннонов,
филология фанлари доктори, профессор

marifat.uz сайтидан олинди

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг