Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Шерзод Шерматов ҳам ўзи ўқиган мактабга китоблар совға қилди

Шерзод Шерматов ҳам ўзи ўқиган мактабга китоблар совға қилди

Фото: facebook.com/SherzodXotamovichShermatov

Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов президент Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган ташаббус ҳақида «Фейсбук»даги саҳифасида пост қолдирди.

«Президент ҳамма раҳбарлар, Бош вазирдан тортиб, депутатлару, ҳокимларгача ўзи таълим олган мактаб кутубхонасига камида 10-20 тадан китоблар совға қилса, ўша туманда тайёр кутубхона пайдо бўлиши ва ёшларимиз китоб ўқишига янада яхши имконият яратилиши ҳақида айтиб ўтди», деб ёзади вазир.

Бу нафақат яхши ташаббус, балки йиллаб ечилмай ётган ва ечилиши жуда қийин кўринган муаммони ўзига хос оддий ечими ҳамдир.

Мактабларда шунча муаммолар бор деб, лекин қуруқ кутиб ўтирадиганларга бу ўзига хос ўрнак ҳам бўлди.

Ҳамма ўзи ўқиган мактабга ёрдам беришни бошласа, анча катта ўзгаришларни қисқа муддатларда амалга ошириш мумкин бўлади. Шунинг учун Президентимизнинг ушбу хайрли ташаббусини нафақат давлат идораларидаги раҳбарлар, балки барча битирувчилар қўллаб-қувватласа, албатта, кўзланган мақсадга янада тезроқ эришамиз.

Фото: facebook.com/SherzodXotamovichShermatov

Имкон борича, мактабларга китобларни совға қилаётганда ўша мактаб ўқувчилари учун қизиқарли ва фойдали китобларни танлаб берган маъқул. Шу мақсадда, Халқ таълими вазирлигининг «Фейсбук»даги саҳифасида ҳар бир ўқувчи ўқиб чиқиши учун тавсия этиладиган 100 та китоб рўйхати лойиҳасини тузиб, муҳокамага қўйиб биргаликда ушбу рўйхатни такомиллаштирамиз, деб умид қиламан. Шунда китоб танлаш ва совға қилиш янада осонлашади.

Шу баҳона, ўзим ўқиган Олмазор туманидаги 22-мактабга яна бир бор бориб, ҳолатни кўздан кечиришга имкон бўлди, деб ёзади Шерзод Шерматов.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг