Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Шерзод Шерматов яна бир янги ташаббус билан чиқди

Шерзод Шерматов яна бир янги ташаббус билан чиқди

Фото: «Xabar.uz»

2018 йил 20 июнь куни Улуғбек Иноятов Халқ таълими вазири лавозимидан озод этилиб, унинг ўрнига Шерзод Шерматов тайинланган эди. Эртаси куниёқ Шерзод Шерматов йиғилиш ўтказиб, Халқ таълими вазирлиги марказий аппарати таркибидаги барча бошқарма ва бўлим бошлиқларини ишдан бўшатиш ҳақида топшириқ берган эди.

Шунингдек, халқ таълими соҳасига оид таклифлар сўраб, «Facebook»даги саҳифасида халққа мурожаат билан чиққанди. Кеча, 1 июль куни Ш.Шерматов яна бир ташаббус билан чиқди.

«Яқинда Тошкентда бўлиб ўтган хориждаги ватандошлар қатнашган форумда иштирок этганимда, муҳокама ва тавсиялар жуда қизғин ва фойдали бўлди, — деб ёзади Халқ таълими вазири. — Айниқса, таълим секциясида мавжуд камчиликлар жуда қаттиқ танқид қилинди. Ушбу соҳада кўпчилик томонидан яхши маслаҳатлар берилди. Муҳокама сўнгида қуйида келтирилган расмдаги ҳолатни кўрсатиб, тадбир иштирокчиларига қарата шу камчиликларни тузатиш ҳамда юқорида айтилган яхши тавсияларни амалга жорий этиш бўйича ҳамкорликда ишлашни, Халқ таълими вазирлиги тизимида бошқарма, бўлим бошлиқларидан тортиб мактаб директорлари даражасигача раҳбар лавозимларга жуда катта эҳтиёж борлигини айтдим. Тадбирдан сўнг танишларим менга хорижда юрган кўпгина ватандошларимизнинг қайтиб келиш нияти бор эканини, лекин улар ҳалигача иккиланаётганларини айтишди».

Фото: Facebook / Sherzod Shermatov
Фото: Facebook / Sherzod Shermatov

Ш.Шерматовнинг қайд этишича, Президент Шавкат Мирзиёев томонидан ўтган йили сентябрь ойида АҚШдаги ватандошлар билан бўлиб ўтган учрашувда Ўзбекистоннинг ривожланишига ўз ҳиссасини қўшмоқчи бўлганларга мамлакатга қайтиб келиш бўйича аниқ таклиф бўлган эди. Ушбу таклиф натижасида, халқаро банкларда жуда катта тажриба ва лавозимга эришган Отабек Назиров ҳозирги кунда Халқ таълими вазири ўринбосари лавозимида фаолият юритмоқда.

«Чет давлатда ўқиганларнинг деярли барчаси Маслоунинг инсон эҳтиёжлари иерархияси ҳақида эшитган бўлса керак. Иқтисодий ривожланган чет эл мамлакатларидаги ватандошларимизга биз айнан ушбу иерархиянинг энг чўққисидаги эҳтиёжларини қондиришга имконият яратмоқчимиз! — дейди вазир. — Президентимиз томонидан Халқ таълими тизимини тубдан ислоҳ қилиш бўйича қатъий вазифалар белгилаб берилган, бу ҳақда қатор йиғилишларда ҳам бир неча бор қайд этилди. Муаммолар, таклиф ва маслаҳатлар ҳам жуда кўп йиғилиб қолган. Энди уларни ҳаётга жорий қилиш учун бутун тизим бўйича чин дилдан ҳаракат қиладиган жамоа тузилиши керак. Шунинг учун, Ўзбекистонга қайтиб, мамлакатимиз келажаги учун худди Отабек Назировга ўхшаб ҳақиқатан ўз ҳиссасини қўшмоқчи бўлган ватандошларимиз бўлса, уларни халқ таълими тизимига таклиф этамиз ва имкон борича шароит яратиб беришга ҳаракат қиламиз».

Қизиқувчилар бўлса, [email protected] электрон почта манзилига ўзи ҳақидаги ҳамда боғланиш бўйича маълумотларни юбориши сўралади.

Эслатиб ўтамиз, ушбу соҳага қизиққан Ўзбекистондаги фуқаролар учун раҳбар лавозимларига ишга таклиф этиш ҳақида хабар берган эдик.

Изоҳлар 1

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг