Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Вазир яна огоҳлантирди. Бу охиргиси...

Вазир яна огоҳлантирди. Бу охиргиси...

Фото: «Xabar.uz»

Ўзбекистон Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов ҳудудий халқ таълими бошқарма бошлиқларига махсус хат йўллади. «Шахсан назорат учун» деб йўллаган ушбу хат интернетда эълон қилинди.

Вазир бунинг сабабини «ҳозирга қадар ўқитувчилардан турли ҳисоботлар талаб қилиш давом этаётгани ҳақида хабарлар келаётгани» билан изоҳлаган.

Вазир хатда ўқитувчилардан синф журнали, конспект ва йиллик тақвим-режадан  бошқа ҳужжат талаб қилиниши  ҳамда уларнинг турли ишларга жалб қилиниши тақиқланишини яна бир бор эслатиб ўтган. Шунингдек: «...таълим масканларида ўқитувчиларни турли маънавий-маърифий тадбирлар учун ҳисобот, баённома, (фото) альбом тайёрлаш ёки синф раҳбарларини ўқувчиларнинг уйларига юбориш, ота-оналари билан суҳбат ўтказилганлиги ҳақида фотосурат ёки ҳисобот талаб этилишини, маҳаллий ҳокимликлар томонидан таълим муассасалари раҳбарлари ёки ўқитувчиларнинг ҳар қандай мажбурий меҳнатга турли йиғилишга, тадбирларда зални тўлдириш учун «томошабин» сифатида жалб қилинишини ҳам таъқиқлашини» таъкидлаб ўтган.

Хатда Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамаси қарорларидан ташқари маҳаллий ҳокимлик ёки турли ташкилотлар томонидан ташкил этилаётган ҳашарларга педагогларни жалб этиш ва ходимларнинг бир кунлик иш ҳақини ташкилотларга ўтказиб беришни ҳам ман қилган. Бундан ташқари: «Маҳаллий ҳокимликлар, ҳудудий бошқармалар томонидан  газета ва журналларга мажбурий обуна, комуннал тўловлар учун ойлик маошдан олиб қолинишини ёки бошқа ноқонуний бадаллар йиғилишини қатъиян таъқиқлайман», — дейилади хатда. Ушбу масалалар бўйича педагоглар орасида тегишли тушунтириш ишлари олиб борилиши, шикоятларни жойларга чиққан ҳолда ўрганилиши айтилган.

«Мазкур талабларни барча мактаб раҳбарларига етказишингизни ҳамда бошқарма бошлиқларини, туман (шаҳар) халқ таълими мудирлари ва мактаб раҳбарларини ўқитувчилардан ортиқча қоғозбозлик, ҳисоботлар талаб этишларига чек қўйишлари ҳақида сўнгги марта қатъий огоҳлантираман», дейди провардида вазир Ш. Шерматов.

Бундан ташқари, Шерматов ХТБ раҳбарларидан Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг маҳаллий ҳокимликлар томонидан халқ таълими ходимларини мажбурий меҳнат, мажбурий обуна ва оммавий ҳашарларга жалб этилмаслиги ҳақидаги 2018 йил 10 декабрдаги 14/1-2774-сонли кўрсатмаси ижросини сўзсиз таъминлашни сўраган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг