Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Янги вазир эътиборига. Ҳаммасини кадрлар ҳал қилади!

Янги вазир эътиборига. Ҳаммасини кадрлар ҳал қилади!

Фото: «Xabar.uz»

Ҳаммамиз биламиз, соҳанинг оғриқли жойларидан бири – таълим бериш сифатининг пастлиги. Билмаганлар бўлса оддий мактабларимизда 9-10 йил ўқиб чиққан болаларни мактаб дарвозасидан чиқаётганда «ушлаб олиб», фанлардан савол берса кифоя – таълимимиз сифати нечоғлик эканини билиб олади (тест синовлари ҳам керак эмас).

Сифат пастлигининг объектив сабаблари бор. Уларни билиш, таҳлил қилиш ечимларни топишга ёрдам беради. Мен бугун баъзи жиҳатларга тўхталиб, ечим таклиф қилмоқчиман.

«Ҳаммасини кадрлар ҳал қилади!»

Мазкур ибора рад қилиб бўлмайдиган ҳақиқатни ўзида мужассам этган. Ҳа, кадрлар етарли бўлмаса, қийин. Етук кадрлар эса осмондан тушмайди, уларни тайёрлаш фидойилик, вақт ва харажат талаб этади. Демак, ҳозирдан бошлаб педагогларнинг янги авлодини таёрлашга киришилганда ҳам битта савол саволлигича тураверади – «келажак майли, ҳозирни нима қиламиз?!».

Таклиф айнан шу – ҳозирнинг аҳволини бироз бўлса-да тузатишга қаратилган. Демак, бошладик.

Ўқувчиларни фанга қизиқтира олиш малакаси ва истеъдоди юқори бўлмаган ўқитувчини минг бор қайта тайёрловга жўнатсангиз ҳам керакли натижага эришишингиз амримаҳол. Бу, албатта, керак, аммо бошқа имкониятларни ҳам ишга солиш лозим.

Педагогларнинг янги авлодини тайёрлашга вақт керак, демак, ҳозир ишлаб турган ўқитувчига ёрдам берувчи омилларни яратиш зарур. Таклиф қисқача қуйидагича:

Замонавий имкониятлардан фойдаланиш

  1. Халқ таълими вазирлиги мутахассислари, компютер технологиялари мутахассислари ва киноижодкорларни жалб қилиб, ўқитувчиларга ёрдам берувчи мултимедиа маҳсулотларини тайёрловчи давлат корхонаси – студиясини тузиш.
  2. Мазкур студияга мактаб фанларига доир 15-20 минутлик, ҳар бир предмет мавзуларини ёритувчи сифатли видеофилмлар яратишни топшириш.
  3. Мамлакат бўйлаб мактаб синфхоналарини мултимедиа маҳсулотларини кўриш жиҳозлари билан таъминлаш.

Масалан, биология фанидан дарс ўтаётганда ўқитувчи мавзуга доир видеофилмни ўқувчиларга қўйиб беради. Филм орқали – компютер графикаси ва кинотасвир ёрдамида ўқувчиларга биологик жараёнлар жонли қилиб кўрсатилади. Ўқувчи бу жараёнлар ҳақида визуал тасаввурга эга бўлади. Тасвир билан биргаликда (синхрон тарзда) мавзуни ёритаётган дикторнинг сўзларини ҳам эшитади.

15-20 минутлик видеофилмни ўқувчиларга кўрсатгандан кейин дарснинг қолган вақтини ўқитувчи болаларга мавзуга доир қўшимча маълумотларни айтиш ва олинган билимларни мустаҳкамлаш учун саволлар беришга бағишлайди.

Лойиҳанинг фойдалари

Ушбу лойиҳанинг афзалликлари:

  • сифатли видеотасвир орқали мавзу болаларга тушунарли қилиб етказилади, жонли тасвир болаларнинг хотирасида қолади, болаларда фанга қизиқиш бениҳоя кучаяди;
  • бундай ўқув филмлари ўқитувчига ёрдам бўлади, болаларни фанга қизиқтириш осон бўлади, дарс қизиқарли жараёнга айланади, бу эса таълим сифатини бир неча баробар юксалтиради;
  • ўқитувчилик касбининг оғир, иш унумига салбий таъсир этувчи жиҳати – чарчаш. 5-6 соат дарс ўтиб, мавзуларни ўқувчиларга тушунтириш асносида тинимсиз гапириш машаққати нечоғлик чарчатишини муаллимлар яхши билишади. Дарс давомида 15-20 минут филм намойиш этилиши эса ўқитувчига енгиллик бўлади ва юқорида айтилган фойдалардан ташқари ўқитувчининг толиқиб қолмаслигига ҳамда ўз устидан ишлашига, унумдорлик ўсишига имкон яратади;
  • ўқитувчи роса ўз ишига лаёқатсиз бўлган тақдирда ҳам (бунақа ҳоллар кам эмас) видеофилм орқали ўқувчилар билим олиб бораверади.

Қўшимча фойдалар

Мамлакатда видеодарсликлар яратиш индустриясининг юзага келиши:

  • юртимизда фаолият юритаётган дастурчилар учун амалиёт вазифасини ўтайди, ривожланиш, янги услубларни кашф қилишга туртки бўлади;
  • компютер технологиялари ривожланишига туртки бўлади;
  • дарсликлар яратиш соҳасида янгиликлар қилишга замин таёрланади;
  • яқин келажакда мазкур соҳа мамлакатимиз брендига айланиши, яъни видеодарсликлар яратиш соҳаси фойда келтирадиган бизнес-лойиҳага айланиши мумкин.

Юзага келиши мумкин бўлган эътирозлар ва уларга жавоблар

Эътироз: «Бу ўта катта маблағ талаб қиладиган лойиҳа».

Жавоб: «Давлат миқёсида амалга оширилаётган бир қатор лойиҳалардан фарқли равишда мазкур лойиҳа унча катта маблағ талаб қилмайди. Аммо гап бунда ҳам эмас. Асосийси, энг яхши сармоя – ривожланишга йўналтирилган сармоя. Бу лойиҳа эса айнан шундай лойиҳа бўлиб, нафақат таълим сифатини юксалтириш (бу эса ўз-ўзидан муҳим), балки кенг қамровли инновацион ўзгаришларни келтириб чиқаришни ҳам кўзлайди.

Эътироз: «Бу дарров бўладиган иш эмас, кўп вақтни талаб қилади!».

Жавоб: «Ҳа, бу вақт ва меҳнат талаб қиладиган тадбир, аммо натижаси ҳам шунга яраша бўлади».

Эътироз: «Бу янгилик эмас-ку, ўқув фильмлари яратилаяпти-ку!».

Жавоб: «Сўз бу соҳани ниҳоятда юқори даражага кўтариш, ўқув филмларини ҳар бир дарснинг ажралмас элементига айлантириш, шу орқали фанларни ўзлаштириш даражасини кўтариш ҳақида кетаяпти. Ҳозир қилинаётган ишларни кўзда тутилаётган мазкур лойиҳа билан таққослаб бўлмайди».

Эътироз: «Биология, физикадан бошқа, визуал тасвир керак бўлмайдиган фанлар ҳам бор-ку, уларни нима қиламиз?».

Жавоб: «Ҳа, она тили, чет тили, жамиятшунослик каби тасвирнинг аҳамияти бўлмаган предметлар ҳам бор. Аммо бу фан ўқитувчиларининг ишини енгиллатса ҳам бўлади. Масалан, тил ўрганишни енгиллатувчи видоепостановкалар яратиш, жамиятшуносликка доир ижтимоий ҳодисаларни кўрсатиб берувчи филмлар қилиш мумкин».

Эътироз: «Бунақада ўқитувчиларимиз талтайиб кетади, ҳар ким ҳам ўқувчиларга филм қўйиб бера олади-ку!».

Бу аслида паст савиядаги эътироз бўлиб, таълим жараёнини тушунмасликдан, баъзида адоват ва ҳасаддан юзага келиши мумкин.

Жавоб: «Ўқитувчи таълим жараёнини енгиллаштирувчи бундай ўқув филмлари билан таъминлангандан кейин ундан, табиийки, яхшироқ натижаларни талаб қилиш мумкин бўлади. Қолаверса дарс фақат филм кўриш билан чекланмайди, балки кўрилган-эшитилганларни мустаҳқамлаш керак бўлади».

Энг муҳими

Воқеликни объектив тушуниш учун энг муҳим нарсаларни унчалик муҳим бўлмаган нарсалардан тўғри ажратиш керак бўлади. Лойиҳадан кўзланаётган мақсад эса – болалар мактабда ҳақиқатан билим олсин, 9-10 йил умрини беҳуда ўтказиб юбормасин. Айнан шу мақсадни кўз олдимизда сақласак кўплаб эътирозлар ўз кучини йўқотади.  

Алоҳида таъкид

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, битта мавзуни ёритадиган сифатли мултимедиа маҳсулоти – ўқув видеофилмининг яратилиши ва мактабларга тарқатилиши бутун мамлакат бўйлаб мактабларда ўша мавзу яхши ўзлаштирилади дегани. Шунинг ўзи улкан ҳодиса. Аммо сифатли видеодарсликлар яратиш мамлакатимизда бир соҳага – индустрияга айланса фанларнинг ўзлаштирилиш даражаси қай даражада юксалишини тасаввур этса бўлади.

Муҳаммад Шакур

Изоҳлар 2

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг